2024 йилда Ўзбекистон ялпи ички маҳсулоти 6,5 фоизга ошди
Жамият
−
16 Январь
11212024 йилда Ўзбекистонда ялпи ички маҳсулот 6,5 фоизга ошиб, 115 миллиард долларга етди. Бу ҳақда бугун, 16 январь куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтаётган инвестицияларни кенг жалб этиш ва экспортни ошириш борасидаги ишлар натижадорлиги ҳамда келгусидаги асосий вазифалар юзасидан видеоселектор йиғилишида маълум қилинди.
Билдирилишича, ўтган йили хорижий инвестиция 1,6 баробар ўсиб, 34,9 миллиард долларни ташкил қилган, қиймати 10 миллиард долларлик 242 та йирик ва ўрта лойиҳалар ишга тушган, экспорт илк бор 27 миллиард долларга чиққан.
Ўтган йили 50 та туманга 100 миллион доллардан кўп сармоя кириб келган (2023 йилда бундай туманлар 11 та эди). Давлатобод, Янги Наманган, Мирзо Улуғбек, Чилонзор, Шайхонтоҳур туманлари, Наманган ва Самарқанд шаҳарларида инвестициялар 300 миллион доллардан ошган. Тоғ-кон, нефтгаз, кимё, қишлоқ хўжалигида режа 2 карра ортиғи билан бажарилган.
Шунингдек, видеоселекторда ҳар бир доллар инвестициянинг самарадорлигини ошириш ҳудуд ва тармоқлар раҳбарларининг асосий вазифаси бўлиши кераклиги таъкидланди. Сўнгги етти йилда киритилган 120 миллиард доллар инвестиция ҳисобига 6 мингдан ортиқ корхона ишга тушган. Таҳлиллар кўрсатишича, жалб қилинган ҳар 1 минг доллар инвестиция йилига ўртача 530 доллар қўшилган қиймат яратмоқда.
Тоғ-кон саноатида бу кўрсаткич 700 долларга етгани сабабли соҳага Германия, Туркия, Хитой ва бошқа давлатлардан инвесторлар кириб келишни бошлади.
Лекин “Ўзбекнефтгаз”, "Ўзметкомбинат" ва қурилиш материаллари тармоғида инвестиция самарадорлиги бошқа тармоқларга нисбатан 2 баробар паст. Инвестиция ҳисобига қўшилган қиймат Сирдарёда республика кўрсаткичидан 3 баробар, Бухоро ва Қорақалпоғистонда 2 баробар кам.
230 та тадбиркорнинг божхона омборларида узоқ муддатдан буён сақланаётган 120 миллион долларлик ускуналар эгаларига етказилди. Лекин яна 105 та тадбиркорнинг 110 миллион долларлик ускуналари омборларда турибди.
Мутасаддиларга ушбу ускуналарни эгаларига етказиш бўйича “йўл харитаси”ни тасдиқлаш топширилди.
Президент 2025 йилдаги асосий вазифаларга ҳам тўхталди. маълум қилинишича, ўтган йил якунида ҳокимларнинг ҳудудий режалари белгилаб олинган. Ҳар бир туман кесимида бажарилиши лозим бўлган индикаторлар тўплами ишлаб чиқилган.
Жумладан, бу йил 27 та туман ҳокими инвестицияни 200 миллион доллардан ошириш режасини олган. Масалан, сўнгги беш йилда Учкўприкда хорижий инвестиция 10 карра ошиб, 100 миллион долларга етган. Туман ҳокими 2025 йилда буни 200 миллион долларга етказишни ҳисоб-китоб қилган.
Лекин 10 та туман ҳокимининг режаси 40 миллион долларга ҳам етмаслиги кўрсатиб ўтилди. Булар Миришкор, Кўкдала, Боёвут, Бандихон, Узун, Шеробод, Бекобод, Тошкент, Риштон, Гурлан туманлари. Мутасаддиларга ушбу туманларга янги лойиҳалар пакетини шакллантириб, камида 100 миллион долларлик режани тасдиқлаш топширилди.
LiveБарчаси
Пезешкиён Тожикистонда профессор бўлди.
16 Январь
Исроил ва ҲАМАС келишувга эришди.
15 Январь
Эрон Президенти Марказий Осиёга келди.
15 Январь