Мьянмада одам савдоси қурбони бўлган марказий осиёликлар озод қилинди

Олам

image

Мьянмада одам савдоси қурбони бўлган Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистон фуқаролари озод қилинди. Бу ҳақда “Дунё” ахборот агентлиги хабар берди.

Қайд этилишича, Ўзбекистоннинг Бангкок шаҳридаги Бош консулхонасига М.С. ва Б.В. исмли ўзбекистонликлар Мьянмада одам савдоси қурбони бўлганини билдириб, ватанга қайтишда ёрдам сўраб мурожаат қилган.

Маълум бўлишича улар Таиландга интернет орқали юқори маошли иш таклиф қилинганидан сўнг етиб келган. Бироқ Таиландга етиб келганидан сўнг улар алданиб, ноқонуний равишда Мянмага олиб кетилган ва у ерда одам савдоси билан шуғулланувчи жиноий гуруҳ қўлига топширилган. Мьянмада ноқонуний марказларда ишлашга мажбур қилинган. Ноқонуний ҳаракатларни амалга оширишдан бош тортган фуқароларга жисмоний зўравонлик ва таҳдидлар қўлланган. Жиноий тўда уларнинг озод этилиши ва ватанига қайтиши учун катта миқдорда пул талаб қилган.

Шунингдек, 8 нафар Қирғизистон ва 4 нафар Қозоғистон фуқароси ҳам Мьянмада худди шундай вазиятга тушиб қолган. Таиландда Қирғизистоннинг дипломатик ваколатхонаси йўқлиги инобатга олиниб, Қирғизистон томонининг илтимосига кўра, Ўзбекистон ва Қозоғистон дипломатлари ушбу фуқароларни ўз ватанига қайтаришни ташкил этишда ёрдам кўрсатди.

Мьянма ва Таиланднинг ваколатли органлари билан келишилган ҳаракатлар ва музокаралар натижасида Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистон фуқаролари Мэй Сот (Таиланд) чегара ўтиш пунктида озод қилиниб, Ўзбекистон ва Қозоғистон дипломатларига топширилди. Озодликка чиққанлар вақтинчалик уй-жой ва озиқ-овқат билан таъминланди. 11 апрель куни Ўзбекистон ва Қозоғистоннинг Таиланддаги дипломатик ваколатхоналари кўмагида 2 нафар Ўзбекистон, 4 нафар Қозоғистон ва 7 нафар Қирғизистон фуқароси ўз оиласи бағрига муваффақиятли қайтарилди. Қирғизистоннинг бир фуқароси соғлиғи билан боғлиқ ҳолда тиббий муассасада даволаниш учун вақтинча Таиландда қолган. Унинг ватанига қайтиши даволаниш курси тугаганидан кейин ташкил этилади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россиянинг Екатеринбург шаҳрида оилавий зўравонлик қурбони бўлган аёл ва унинг вояга етмаган фарзандларига Ўзбекистон Бош консулхонаси ходимлари томонидан амалий ёрдам кўрсатилганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Қозоғистон одам савдоси Ўзбекистон Қирғизистон Таиланд Мьянма Бангкок марказий осиёликлар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг