2024 йилда табиий офатлар сабаб 320 млрд доллар зарар кўрилди
Бу қизиқ
−
09 Январь
20142024 йил якунлари бўйича табиий офатлардан кўрилган умумий зарар 20 фоизга ўсиб, 320 миллиард долларни ташкил этди. Бу ҳақда Германиянинг Munich Re суғурта компанияси томонидан эълон қилинган ҳисоботда сўз боради.
Қайд этилишича, шу тариқа 2024 йил кузатувлар бошланган 1980 йилдан бери зарар ҳажми бўйича бешинчи ўринга чиқди.
“Иқлим ўзгариши ўз “тишларини” кўрсатмоқда – дунё ҳароратнинг кўтарилиши оқибатида кучли довул, бўрон ва тошқинлар билан юзлашмоқда”, дейилади ҳисоботда.
Германия компанияси 2024 йилни энг иссиқ йил деб ҳисобламоқда – ҳарорат 1,5°C га ошган. Ушбу шароитда кўрилаётган зарарнинг аксарият қисмини табиат ҳодисалари келтирмоқда, уларнинг кўлами ҳаттоки зилзилалардан ҳам ошиб кетмоқда. Munich Re ўтган йил давомида барча табиий офатлардан кўрилган зарар миқдорини 320 миллиард долларга баҳолаган. Бу 2023 йилга нисбатан 19,4 фоиз кўп (268 миллиард доллар инфляция ҳисобга олинган ҳолда). Умумий зарарнинг 140 миллиард доллари суғурталанган мулк бўйича ҳисобланган. 2023 йилда эса бу кўрсаткич 106 миллиард долларни ташкил қилган. Суғурталанган зарар ҳажми бўйича 2024 йил кузатувлар тарихида учинчи, умумий зарар ҳажми бўйича эса бешинчи ўринни эгаллаган.
Ўтган йили табиий офатлар барча йўқотишларнинг 93 фоизини ташкил қилган. Ушбу ҳодисалар оқибатида жами 11 мингга яқин одам ҳалок бўлган.
Тошқинлар, ўрмон ёнғинлари ва бўронлардан кўрилган моддий зарар 136 миллиард долларни ташкил этган. Бу ўтган йилга қараганда бироз пастроқ (143 миллиард доллар), аммо сўнгги 10 йил ичидаги ўртача кўрсаткичдан юқори (110 миллиард доллар). Тропик циклонлардан (довул, тайфун ва бошқалар) кўрилган зарар 135 миллиард долларни ташкил этган. Уларнинг катта қисми – 105 миллиард доллари АҚШга тегишли. Энг катта зарар “Ҳелен” ва “Милтон” довуллари етказган. “Ҳелен”нинг шамол тезлиги соатига 225 километрга етиб, 56 миллиард доллар зарар келтирган. “Милтон” эса 200 км/соат тезликдаги шамоллар билан 38 миллиард доллар зарар етказган.
Мутахассислар 2024 йилнинг учинчи энг катта зарар келтирган табиий ҳодисаси сифатида 1 январь куни Японияда содир бўлган зилзилани қайд этган. Магнитудаси 7,5 балл бўлган бу зилзила оқибатида 200 дан ортиқ одам ҳалок бўлган, моддий зарар 15 миллиард долларни ташкил этган. Ўтган йили энг кўп инсон ҳаётини олиб кетган табиий ҳодиса эса “Яги” тайфуни. Ушбу тайфун Филиппин, Хитойнинг Хайнан провинцияси ва Вьетнамнинг шимолий ҳудудларига зарба бериб, 850 кишининг ҳаётига зомин бўлган. Ушбу тайфуннинг моддий зарари 14 миллиард долларга баҳоланган.
“Оддий физика – ҳарорат қанчалик баланд бўлса, сувнинг буғланиши шунчалик кучли бўлади ва атмосферага кўпроқ энергия чиқади. Сайёрамизнинг об-ҳаво тизими тезлашмоқда. Бундай шароитда ҳаммамиз “бузилган” табиат учун бадал тўлаяпмиз. Бу айниқса, табиий офатлар хавфи юқори ҳудудларда яшайдиган ва уларга қарши курашиш учун етарли молиявий ёрдамга эга бўлмаган одамлар учун оғир кечмоқда”, деди Munich Re иқлим ўзгаришларини кузатиш бўйича раҳбари Тобиас Гримм.
Эслатиб ўтамиз, Европа Комиссияси томонидан бошқариладиган "Коперник" доимий Ерни кузатиш дастури 2024 йил кузатишлар бошлангандан бери энг иссиқ йил бўлганини маълум қилганди. Ўртача глобал ҳарорат 15,10 даражани ташкил этган, бу 1991-2020 йиллардаги ўртача кўрсаткичдан 0,72 даражага ва ўтган рекорддаги энг иссиқ йил 2023 йилга нисбатан 0,12 даражага юқори.
LiveБарчаси
Исроил ва ҲАМАС келишувга эришди.
15 Январь
Эрон Президенти Марказий Осиёга келди.
15 Январь