2024 – Россия Ўзбекистонни тинч қўймаган йил

Таҳлил

Дунёда империалистик тафаккур ва колониализм бундан анча илгари, аниқроғи 1960-70 йилларда ниҳоясига етганига қарамай, босқинчилик кайфияти ва мамлакатларнинг суверенитетини ҳурмат қилмайдиганлар бугун ҳам топилади. Ер сайёраси ХХI асрнинг биринчи чорагини деярли босиб ўтган, ўзини ҳурмат қиладиган давлат халқаро майдондаги сиёсий масалаларини қурол билан эмас, балки дипломатия орқали ҳал қилиши урфда бўлган замонда яшаётганимизга қарамай, сиёсий маданият борасида ўрта асрларда қолиб кетганлар етарлича. Энг ачинарлиси, бундай чиркин тафаккурни ўзига тўн қилиб кийиб олганлар, нафақат ўз қўшниси ва қардош халқларига, балки ўзи билан стратегик шерикчилик шартномасидек энг юқори даражадаги ҳамкорлик алоқалари каби муносабат ўрнатган давлатларга ҳам турли босимлар ўтказишдан тап тортмайди. Ундайлар ўз ҳамкорларининг ички сиёсатини ҳам, ташқи сиёсати ҳам сариқ чақага илмайди. Бошқа давлатдаги мактабда рўй берган кундалик тушунмовчиликни сиёсий даражага кўтаришдан тортиб, давлат тили ва шу халқнинг тарихи борасидаги барча масалаларга бурун суқиш бундай турдаги “ювуқсиз қошиқлар” учун унчалик уятли иш эмас. Ундай турдагилар ҳатто ўзга давлатнинг, бўлганда ҳам стратегик шерикларининг миллий қонунчилигига ҳам беписандлик ва ҳурматсизлик билан қарайди. Бу босиб бўлмас “қизил чизиқлар” демакдир. Бироқ дипломатик қоидалар ва сиёсий маданиятдан анча йироқлашиб кетган эски империалистлар томонидан бу каби жиддий чизиқларнинг топталиши ҳам одатий ҳолга айланди. Мазкур ҳолат эса бир давлат томонидан бошқа давлат сиёсати, тарихи, маданияти ва қонунчилигини сазойи қилишдан бошқа ҳеч нарса эмас. Ортда қолиб бораётган йил давомида Ўзбекистон россиялик шовинист “зиёлилар” ва ҳатто давлат аҳамиятидаги расмий шахслар томонидан шундай обрўсизлантиришларга учради. Бу ҳол бир эмас, балки бир неча бор юз берди. Қуйида бутун йил давомида Россия расмийлари ва бошқалар томонидан Ўзбекистонга нисбатан содир этилган шундай хунук воқеа-ҳодисалар ва таҳдидларга бир бошдан батафсил тўхталамиз.

Ўзбекистонни босиб олиш таҳдиди

Таҳдид ва камситишларни 2023 йилнинг сўнгги кунларида кузатилган шов-шувли воқеликдан бошлаш мазмунан тўғрироқ бўлади. Россиялик ёзувчи, “Путин жамоаси” ижтимоий ҳаракати аъзоси, Россия гвардияси полк командирининг ҳарбий-сиёсий масалалар бўйича ўринбосари Захар Прилепин тажовузкорона тарзда собиқ СССР ҳудудларини Россия Федерацияси таркибига қўшиб, уларнинг аҳолисига рус тилини ўргатиш таклифини илгари сурди. Унинг бу босқинчилик кайфиятидаги чиқиши 2024 йилда содир бўлмаган бўлса-да, мазкур сўзлар таъсири жорий йил давомида Ўзбекистонда чуқур сақланиб қолгани туфайли йил таҳдидлари қаторига қўшмасликнинг иложи йўқ. Ўтган йили чамаси шу кунлар атрофида, яъни декабрнинг сўнгги кунлари Прилепин Россияга меҳнат муҳожирлари қайси мамлакатлардан борса, ўша давлатларни Россия таркибига қўшиб олиш керак деган тутуриқсиз таклиф билан чиққанди. У, шунингдек, Россия Киевни эгаллагандан сўнг, унинг Евросиё ҳудудидаги кейинги ҳаракатларига ҳеч ким қаршилик қила олмаслигини ҳам очиқ-ойдин айтганди.

“Уларга рус тилини бу ерда эмас, ўз юртида, дейлик Ўзбекистонда ўқитиш керак. Мен ҳазиллашаётганим йўқ. Биз Совет Иттифоқининг парчаланишини рад этиш мавзусини кўтарамиз. Сизнинг икки миллион фуқаронгиз бизнинг ҳудудимизда экан, биз сизнинг ҳудудингизга даъво қиламиз. Чунки кўпчилик аллақачон шу ерда ва улар ҳатто “бунга овоз берган” дейишга имкон беради. Киевдаги параддан кейин Евросиё ҳудудида бирор нарса қилишни бизга ким тақиқлайди? Ҳеч ким”, деган Прилепин.

Ҳайратланарлиси шундаки, матбуот анжуманида қатнашаётганлар унинг гапини қарсаклар билан қўллаб-қувватлаган. Бу эса рус сиёсий элитаси ва медиасида шовинизм нормал қабул қилиниши ва у ерда айни дамдаги тафаккур шундай қарашларга таянаётгандек таассурот қолдириши табиий. Ўзбекистонда Прилепиннинг мазкур баёноти жуда кескин норозилик билан қабул қилинди. Кўплаб жамоат фаоллари, мулозимлар ва ҳатто олий даражадаги раҳбарларнинг ҳам эътиборини ўзига тортган Прилепиннинг мазкур шовинистик ва босқинчилик кайфияти уфуриб турган сўзларига бир қанча қарши баёнотлар янгради. Улар орасида рус шовинистларининг мамлакат суверенитетига нисбатан содир этадиган оғзаки хуружларига доимий жавоб қайтарадиган депутатлар ва бошқа мулозимлар ўрин олди. Аҳамиятлиси шундаки, масала бевосита давлат мустақиллигига таҳдид экани очиқ-ойдин кўриниб тургани боис, Прилепиннинг Ўзбекистонни босиб олиш ҳақидаги тажовузкор гаплари ортидан Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ҳам ниҳоят ҳаракатга келди. Россиянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Олег Мальгинов ўтган йили 21 декабрь куни Ташқи ишлар вазирлигига чақиртирилмаган бўлса-да, хайрият ҳеч бўлмаса таклиф қилинди. Одатда бундай ҳаракатлар оқибатида мамлакатда мавжуд бўлган дипломатик миссия вакили ТИВга чақиртирилади. Аммо Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги бу сафар ҳам тавозе ила Россия элчисини ўз ҳузурига таклиф қилди.

ТИВ баёнотида Россия оммавий ахборот воситаларида кенг тарқалган бу каби баёнотлар атайлаб провокацион руҳда бўлиб, халқлар ўртасида ўрнатилган тарихий дўстона муносабатларга салбий таъсир кўрсатиши мумкинлиги қайд этилди. Олег Мальгинов эса тўлиқ масъулият билан Захар Прилепиннинг баёнотлари Россия Федерацияси раҳбариятининг Ўзбекистон тўғрисидаги расмий позициясига умуман алоқаси йўқлигини билдирган. Россия Федерациясининг Ўзбекистондаги вакили сифатида элчи Мальгинов Ўзбекистон Республикасининг суверенитети, мустақиллиги ва ҳудудий яхлитлиги унинг мамлакатида ҳеч қачон шубҳага олинмаганини урғулаган. У Россия Ташқи ишлар вазирлиги жуда яқин фурсатларда бу борада баёнот бериб чиқишини ҳам қўшимча қилганди. Кутилганидек, Россия Ташқи ишлар вазирлигининг расмий вакили Мария Захарова ҳолат юзасидан муносабат билдирди. Унинг айтишича, Прилепиннинг баёнотлари унинг шахсий фикри бўлиб, Россия Федерациясининг расмий позициясини узоқдан ҳам акс эттирмайди. Шунингдек, у 2004 йил 16 июндаги стратегик шериклик ва 2005 йил 14 ноябрдаги иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги шартномаларни эслатиб ўтган ҳолда, икки давлат ҳар доим бир-бирига ёрдам беришга тайёрлигини айтиб ўтди.

Россиялик шовинист мулозимнинг чиқишидан бир кун ўтиб эса, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2023 йил 22 декабрь куни бўлиб ўтган Республика маънавият ва маърифат кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида дунёдаги қудратли давлатлар энди очиқчасига босим ўтказиш, қарама-қаршилик ва тўқнашувлар йўлига ўтганини айтди. Бироқ Мирзиёев қандай ва қайси босимларни назарда тутаётганига аниқлик киритмаганди ўшанда. 

“Илгари ўз мақсад ва манфаатларини асосан дипломатия ва сиёсат билан ҳимоя қилиб келган дунёдаги қудратли марказлар энди очиқчасига босим ўтказиш, қарама-қаршилик ва тўқнашувлар йўлига ўтганига ҳаммамиз гувоҳмиз. Афсуски, бундай кенг кўламли ва ўта зиддиятли жараёнларнинг таъсири Марказий Осиё минтақаси ва унинг таркибий қисми бўлган мамлакатимизни ҳам четлаб ўтмаяпти. Ана шундай ғоят мураккаб ва таҳликали вазиятда Ўзбекистоннинг миллий манфаатларига жавоб берадиган тўғри йўлни топиш албатта осон бўлмаяпти”, деганди Президент. 

Ўзбек деган миллат мавжуд эмас – рус шовинисти

Прилепиннинг агрессив баёнотидан кейин содир бўлган воқеалар тиниб, Ўзбекистон ва ундаги фаоллар томонидан тўлиқ ҳазм қилиниб улгурилмаган пайт мамлакатга нисбатан шимолдан яна тош отилди. Бу сафарги оғзаки шовинистик ҳужум миллат тарихи ва унинг келиб чиқишини оёқости қилди. Захар Прилепиннинг босқинчилик уфуриб турган баёнотидан роппа-роса 1 ой ўтиб, 21 январь куни Ленин вафот этганига 100 йил тўлиши муносабати билан “Учрашув жойи” ток-шоусида рус шовинист тарихчиси Михаил Смолин “инқилобдан олдин озарбайжон, ўзбек ва қозоқлар ҳеч қачон мавжуд бўлмаган”, деган даъво билан чиқди.

“Қозоғистон қандай пайдо бўлди? Дарҳақиқат, дастлаб РСФСР таркибида Қозоғистон ССР деб аталган, унгача қозоқлар умуман йўқ эди. Миллатларнинг шаклланишига оид қарорлар шу қадар ихтиёрий қабул қилинган. Ўзбеклар, масалан, инқилобгача ҳеч қачон бўлмаган, бундай ном йўқ эди. Марказий Осиёнинг бир қанча халқларидан ўзбекларни олиб, яратдилар. “Озарбайжонлар кимлар? Бундай миллат йўқ. Инқилобдан олдин бундай халқ бўлмаган”, деган Смолин.

Смолиннинг бу даъвосига яна Ўзбекистон Республикаси Экология вазирлигида вазир маслаҳатчиси бўлиб фаолият юритаётган, собиқ депутат Расул Кушербоев биринчилардан бўлиб, ўз муносабатини билдирди.

“Кўриниб турибдики, катта эҳтимол билан Кремль буюртмаси асосида рус зиёлилари секин-аста Марказий Осиё мамлакатларини босиб олишга ўз жамиятини руҳан тайёрламоқда”, дейди Кушербоев. 

Кушербоевнинг фикрича, бу каби сценарийлар Украина босқинидан олдин ҳам қўлланган. Албатта, бир ой ичида кетма-кет икки бор уюштирилган ҳурматсизлик ва таҳқирли чиқишлар шунчаки тасодиф эмаслигини илғаш унчалик ҳам қийин эмасди. Бундай вазиятда эса шу каби чиқишлар Кушербоев айтганидек марказий аппаратлардан келган буюртмага асосан амалга оширилиши эҳтимолини ҳам истисно қилиб бўлмайди. Аммо Россия Ташқи ишлар вазирлиги тарихчи сифатида кўриладиган шовинистнинг гапларига изоҳ бериб, яна Кремлнинг ўша доимги навбатчи баҳонаси билан мавзуни ёпишга ҳаракат қилди. Яъни Россия ТИВ матбуот котиби Мария Захарова шу кунги ток-шоуда Смолин томонидан айтилган ғалати гаплар унинг шахсий фикри эканини билдирди.

“Россия ва Марказий Осиё мамлакатларини умумий тарих ва инсонпарварлик алоқалари, савдо-иқтисодий муносабатлар боғлаб туради. Бизнинг чинакам яқин ҳамкорлигимиз, стратегик шериклигимиз ва аксарият ҳолларда иттифоқдошлигимиз бир-бирига ҳурмат ва маданиятлар мулоқотига асосланган. Қайд этилган ғалати баёнотлар табиатан соф субъективдир, юқорида айтиб ўтилган воқеликлар билан ҳеч қандай умумийлик йўқ ва бу бутунлай муаллифнинг виждонига ҳавола”, дейди Захарова.

Аммо Захарованинг урфдан қолган баҳоналари билан Смолин мавзуси тўлиқ ёпилмади. “Миллий тикланиш” демократик партияси раиси Алишер Қодиров Ўзбекистонда таълим ва телевидениеда рус тилидан фойдаланишни қисқартиришни таклиф қилди. 

“3 фоизга ҳам бормайдиган рус ватандошлар учун таълим ва телевидениеда рус тили номутаносиб даражада кўп! Бу тузатилиши керак. Қозоқ, озар, қирғиз, туркман, турк ва тожик қардошлар билан телекўрсатувлар алмашишни йўлга қўяйлик”, дейди Қодиров. 

У биринчи навбатда, Ўзбекистонда бошланғич таълим она тилида ўқитилиши бўйича норма қонунга киритилиши мумкинлигини айтди. У “Миллий тикланиш” партияси фракциясида бу масалалар муҳокама қилинишини билдирган. Шунингдек, Қодиров русларнинг сўнгги пайтлардаги шовинистик чиқишларига нисбатан фақат баёнотлар эмас, балки амалий чоралар қўллашга чақирганди.

“Расмий рус томони шовинистларнинг “ғалати” чиқишларини таъкидлашдан нарига ўтмаяпти. Бу уларни бундай риторикадан манфаатдор деган таассурот уйғотади. Сўнгги вақтларда рус тилида шовинистик баёнотлардан бошқа нарса эшитмаяпмиз. Бу ҳолатда муносабатлар ўз йўлига, амалий чоралар ҳақида ўйлашимиз керак”, дейди Алишер Қодиров.

Захарова – Россия дипломатияси инқирозининг рамзи

23 сентябрь куни тахминан соат 15:00 лар атрофида Чилонзор туманидаги 188-сонли умумтаълим мактабининг 6-“В” синфида рус тили фани дарсида ўқитувчи Р.O.гa ўқувчи Э.Г. гап қайтарган ва улар ўртасида ўзаро тортишув юзага келган. Сўнгра ўқитувчи Р.O. ўқувчи Э.Г.ни ўтирган жойидан тортиб олиб чиқиб, ўқувчининг юзига тарсаки туширган. Бундан хабар топган ўқувчининг ота-онаси ўқитувчининг бу хатти-ҳаракати юзасидан ҳуқуқ-тартибот идораларига мурожаат қилган. Болалар омбудсманининг ИИВ ва ММТВга юборган сўрови асосида мазкур ҳолат ўрганилиб, Чилонзор тумани ИИБ терговга қадар текширув ҳаракатларини олиб борди. Болани уриш, ҳақоратлаш ёки унга нисбатан бошқа турдаги тазйиқларни қўллаш мутлақо қабул қилиб бўлмас иш ва ўз ўрнида қонунга зид ҳамдир. Шунга кўра, юқорида таъкидланганидек мазкур воқеа ижтимоий тармоқларда кенг ёритилди, муҳокама қилинди ва ҳуқуқ-тартибот идоралари ушбу иш юзасидан тегишли ҳаракатларни ҳам бошлаганди. Умуман олганда ушбу инсидент ҳам, воқелик атрофидаги томонлар Ўзбекистон фуқароси, Ўзбекистонга тегишли эди. Аммо сўзимиз аввалида таъкидлаб ўтилганидек, мустамлакачилик даврини қўмсайдиган, босқинчилик тафаккуридан ҳали ҳам воз кечмаган чиркин ниятлилар доим топилади. Гап шундаки, Тошкентдаги мактабда ўқитувчи 6-синф ўқувчисини аёвсиз калтаклагани ҳақида Россия Федерацияси Ўзбекистондан мазкур ҳолатга изоҳ беришини сўради. Бунга баҳона сифатида эса воқеа рус тили дарсида бўлгани ва худдики ушбу ҳолатда тилга нисбатан адоват борлиги келтирилган. Шу пайтгача Кремлга яқин шахслар ва пропаганда машинаси томонидан Ўзбекистон манзилига йўлланган таҳдидларни “муаллифнинг шахсий фикри” дея пардалайдиган Захарова бу сафар ўзи мазкур ҳолат акс этган видео мазмунидан ниҳоятда ташвишланганини айтиб, Россия Ўзбекистондан юз берган ҳодисага ҳуқуқий баҳо беришни ва болага нисбатан шафқатсизлик қилган айбдорга қарши чоралар кўришни сўраганини билдирди ва кейин баҳсли ҳолатни бошлаб юборди. Захарова ҳатто бу масала Россиянинг диққат марказида туришини ҳам айтиб ўтди.

“Икки давлат ўртасидаги стратегик шериклик ва иттифоқчиликка асосланган дўстона муносабатларда ҳеч қандай адоватга, айниқса, тил масаласидаги адоватга ўрин йўқ ва бўлиши ҳам мумкин эмас. Бу масалани диққат-эътиборимиз марказида тутамиз”, дея хулоса қилди Россия Ташқи ишлар вазирлиги расмийси.

Захарованинг Ўзбекистон ичидаги воқеага “бурун суқиши”га Алишер Қодиров муносабат билдирди. Унинг айтишича, бола ҳуқуқи Ўзбекистон Республикасининг мактабида, Ўзбекистон фуқаросининг боласига нисбатан бузилган ва чораси ҳам Ўзбекистон халқи номидан қабул қилинган қонунлар асосида кўрилади.

“Бизнинг ички ишларимиз ҳақида бош қотиргунча муаммоларга тўла ўзларининг ишлари билан шуғулланишса тўғри бўлар эди. Текис жойда тўполондан фойда чиқмаслигини тушуниб етишди, деган хулосага эртароқ шекилли”, деган Алишер Қодиров.

Мазкур воқеадан бироз ўтиб ўқувчини калтаклаган ўқитувчи аёл жавобгарликка тортилди. Ўзбекистоннинг ички сиёсатига “бурун суқиш”га ҳеч қандай кўринишда ҳаққи йўқ бўлган Захарованинг сариқ чақалик аҳамиятга эга бўлмаган сўрови туфайли эмас, албатта. У бошқа бир қанча ҳуқуқбузарликларни содир этгани учун жавобгарликка тортилди. Маълум қилинишича, ўқитувчи жорий йилнинг 24 сентябрь куни қизи таҳсил оладиган Яшнобод туманидаги 204-умумий ўрта таълим мактабига бориб, мактаб раҳбарияти билан тортишиб, мактаб директори ўринбосарига нисбатан жисмоний куч ишлатган. Ушбу ҳаракатларини у кўплаб мактаб ўқувчилари кўз ўнгида содир этган. 25 сентябрь куни жиноят ишлари бўйича Яшнобод туман судида мазкур иш кўриб чиқилган ва аёл Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг тегишли моддалари билан айбдор деб топилиб, унга 7 сутка маъмурий қамоқ жазоси, БҲМнинг 3 баравари (1 млн 20 минг сўм) ва БҲМнинг 7 баравари (2 млн 380 минг) сўм жарима жазоси тайинланган. Захарованинг Ўзбекистон ичидаги воқеага “бурун суқиши”га Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ректори Шерзодхон Қудратхўжа ҳам муносабат билдириб, мамлакат ички ишларига аралашиш қабул қилиб бўлмайдиган ҳолатлиги ва қолаверса, бу ишни қилаётган давлатнинг ўзида ҳал қилинмаган муаммолар етарлича эканини айтди. У бу сўзлари билан уруш ва рекорд даражадаги санкциялар остида яшашга маҳкум бўлган Россиянинг бугунги аҳволига шама қилган бўлса ажаб эмас.

Албатта, Захарованинг ноўрин баёноти ва мамлакат мустақиллигига нисбатан қилган ҳурматсизлиги мулозим ва жамоат фаолларининг қарши баёнотлари билан чекланмади. Бу ҳолат юқори расмий доираларда ҳам алоҳида эътиборга олинди. Мазкур воқеа содир бўлган сентябрь ойининг сўнгги 10 кунлиги бу учун айни муддао бўлди. 26 сентябрь куни Нью-Йоркда БМТ Бош Ассамблеясининг 79-сессияси доирасида Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов Россия Федерацияси Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров билан учрашди. Икки ўртадаги учрашув юқорида сўз юритилган Захарова томонидан ўйлаб топилган муаммо ҳали қайноқ сақланиб қолган пайтга тўғри келди. Саидов ўз Теlegram-каналида мазкур учрашувда давлатлар бир-бирларининг ички ишларига аралашмаслик тамойилига амал қилиши муҳимлиги таъкидланганини ёзди.

“Ўзаро ишончни мустаҳкамлаш йўлида давлатлар бир-бирларининг ички ишларига аралашмаслик тамойилига амал қилиш муҳимлиги таъкидланди. Биз иттифоқчилик руҳидаги доимий мулоқотимизни давом эттиришга келишиб олдик”, дейди Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири.

Ўзбекистонга Украина тақдири эслатилди

Ўзбекистоннинг ички ишига аралашиш иши унга нисбатан берилган қарши баёнотлар билан тўхтаб қолмади. Захарованинг бу иши кейинги зиддиятлар занжирини ҳосил қилди. Хусусан, Россия парламентининг юқори палатаси – Федерация кенгаши Xалқаро ишлар бўйича қўмита раисининг ўринбосари Андрей Климов Алишер Қодировнинг Россияга қилган “ўз ички ишлари билан шуғулланиш” чақириғига нисбатан унга Украина тақдирини эслатиб, рус сиёсий элитасининг зўравон ва босқинчи тафаккурини яна бир бор намоён қилди.

“Ҳар қандай ҳодиса юзасидан дарҳол бундай оҳангда гапиришга қаршиман. Ўзини ўқитувчи деб атаётган шахснинг қилган иши нафақат ҳуқуқбузарлик, балки бундан ҳам кўпроқ. Узоқ вақт давомида ўзини шундай тутган битта мамлакат бор эди. Энди у жуда оғир аҳволга тушиб қолди”, деди Климов Украинани эслатмоқчи бўлиб.

Албатта, Климовнинг бу дўқ-пўписаси жавобсиз қолмади. Фақат оғзаки, албатта. “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати раиси, Олий Мажлис депутати Бобур Бекмуродов россиялик сенаторнинг бу шамасига жавоб қайтарди.

“Ўзбекистонда ҳукумат ва фуқаролик жамияти ҳар қандай зўравонлик ҳолатларига тезкор муносабат қилади. Бундай ҳолатларда биз хорижий маслаҳатчиларга муҳтож эмасмиз. Климов Андрей, компас олиб, шамаларингиз билан тўрт томонга йўл олишингиз мумкин”, деб ёзади Бекмуродов. 

Алишер Қодировнинг ўзи ҳам Климовга жавоб қилиб, ўз саҳифасида у аслида Украина тақдирни такрорлашдан эмас, балки Ўзбекистон товарлари учун Россиядек тайёр бозордан айрилишдан хавотирланишини таъкидлади.

“Украина мисолида қўрқитиш Кеосаянда ранглироқ чиқаётганди, ҳамма ишни усталари қилгани маъқул. Мени, масалан, кўпроқ, Россиядек тайёр бозордан айрилиб қолиш хавфимиз хавотирга соляпти”, деб ёзганди Қодиров.
 

Рус депутати Ўзбекистон қонунчилигини оёқ ости қилди

2022 йилнинг 24 февралида ўзи ҳам деярли ҳуқуқий давлат бўлмаган Россия халқаро ҳуқуқ нормаларига зид тарзда Украина ҳудудига бостириб кирди. Дунёнинг иккинчи рақамли армияси деб тан олинган Россия Қуролли кучлари Донбассда ўзининг “асл кучи”ни кўрсатди ва Россия шу лаҳзалардан бошлаб мамлакатни жарлик сари етакловчи можаро ичига шўнғиди. Ҳадемай рус қўшинлари фронтда катта йўқотишлар ва етишмовчиликларга учраши фонида қўшимча кучларга эҳтиёж сезилди. Тез орада бундай камчиликлар энг чиркин усул билан тўлдирила бошланди. Россия мамлакат ҳудудида ишлаётган мигрантларни Украинадаги босқинга жалб қилишни бошлади. Мўмайгина пул, фуқаролик ва бошқа таклифлар орқали мазкур жараённи жозибалаштириш авж олди. Сўнгги вақтларда метролар ва бошқа жамоат транспортларида босқинга жалб қилиш ҳақидаги эълонлар ўзбек ва бошқа тилларда чоп этила бошланди. Айнан шу ҳодисадан бошлаб Россия Ўзбекистондаги миллий қонунчилик хусусан, жиноят қонунчилигини қўпол тарзда оёқости қилди. Сабаби, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг “тинчлик ва хавфсизликка қарши жиноятлар” бўлимида “ёлланиш” билан боғлиқ 154-моддада шахсий манфаатни кўзлаб, ўзга давлат ҳудудида ёки унинг тарафини олиб қуролли тўқнашувда ёхуд ҳарбий ҳаракатларда қатнашиш учун ёлланиши – беш йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши белгилаб қўйилган.

Аммо шундай бўлишига қарамай рус элитаси ўзбекистонликларни урушга жалб қилиш орқали Ўзбекистон қонунчилигини бир пулга илмасликда давом этди. Ўзбекистон Республикаси Ташқи меҳнат миграцияси ва бошқа ваколатли органлар бундай ғаразли чақириқларга фонида мамлакат фуқароларини бу каби таклифларга учмасликка чақирган ҳолда, мавжуд қонунчилик нормалари ва бу масала юзасидан белгилаб қўйилган жавобгарлик ҳақида вақти-вақти билан огоҳлантириб турди. Аммо аслида огоҳлантириш мигрантларга эмас, балки тўғридан тўғри Россия ҳукуматига йўлланиши мантиқан тўғрироқ бўларди. Шу боис Россияда мигрантларни, хусусан у ерда бўлиб турган Ўзбекистон фуқароларини босқинга жалб қилиш компаниялари тўхтамади ва аксинча янада фаол тарзда олиб борилди. Россиянинг Қозон шаҳридаги Ўзбекистон Республикаси Бош консуллиги Ўзбекистон фуқароларини яна бир бор хорижий давлатлар ҳудудида жиноий жавобгарлик белгиланган ҳарбий ҳаракатларда иштирок этишдан огоҳлантирди. Шу муносабат билан, консуллик Жиноят кодексининг юқорида таъкидлаб ўтилган 154-моддасига кўра, бундай ҳаракатлар учун жавобгарлик 10 йилгача озодликдан маҳрум қилишни назарда тутишини яна эслатиб ўтди. Шунингдек, Бош консулхона фуқароларни Жиноят кодексининг юқоридаги моддасида назарда тутилган қонунга хилоф ҳаракатларни содир этганлиги тўғрисида холис маълумотлар мавжуд бўлган барча шахслар истисносиз жиноий жавобгарликка тортилиши ҳақида огоҳлантириб ҳам ўтган. Аммо консуллик томонидан ўз вазифаси ва ваколати доирасида, ҳуқуқий нормалардан четга чиқмаган ҳолда берилган ушбу баёнот борган сари ҳуқуқий давлат мақомидан айрилаётган ва қонунларга тупуриб қўйган Россия депутатининг принципларига тўғри келмади. Депутат, шу мамлакатнинг “қонунчиси” рўлидаги инсонга! Гап шундаки, Россиянинг “Справедливая Россия – за правду” (СРЗП) партияси раиси Сергей Миронов Ўзбекистоннинг ўз фуқароларини Россияда урушга ёлланмаслиги ҳақидаги огоҳлантиришига қарши чиқиб, ўзининг Х саҳифасида қуйидагича пост қолдирди:

“Ўзбекистоннинг Қозондаги Бош консуллиги ўзбекистонликларни Россия армияси сафларига қўшилмасликка чорлади. Нега бошқа имкониятлардан фойдаланмасликка чорламади? Шунда бошқа имтиёзлардан фойдаланмаслик керакми? Сизни боқаётган мамлакатни ҳимоя қила олмайсизми? Тушунарли, демак, виза режимини жорий қилишимиз керак. Виза режими билан ҳаммаси ҳал бўлади! Бундай “фуқаролар” (мигрантлар) бизга керак эмас”.

Юқорида таъкидлаганимиздек, бу Сергей Миронов томонидан Ўзбекистон ва ундаги қонунчилик тизимига нисбатан қилинган биринчи ҳурматсизлик эмас. У 2023 йилда Қозоғистон, Қирғизистон ва Ўзбекистонни Украинадаги урушда қатнашган ўз фуқароларини жиноий жавобгарликка тортишни назарда тутувчи қонунчилиги сабаб ўринсиз ва асоссиз тарзда танқид қилиш орқали Марказий Осиё давлатларининг ҳуқуқий тизимига оёқ қўйганди. Бу Россия давлат бошқарув тизимидаги йирик ва кўзга кўринган, 2004-2012 йилларда ҳатто президентлик сайловларида ҳам ўз номзоди билан иштирок этган шахс томонидан содир этилган ҳам кулгили, ҳам ачинарли хатти-ҳаракат эди. Аслида Россияда қарор топган ўта абгор аҳволдаги ҳуқуқий тизимга назар ташланса, вазиятни бир қадар тушуниш мумкин. Путиннинг ҳуқуқий тизимга эмас, балки куч ва зўравонлик устига қурилган режимида Миронов ва бошқа раҳбарларнинг ўзини бу каби юридик доирадан четга чиққан ҳолда тутиши ўз-ўзидан шаклланиб қолмаган. Мазкур ҳолатлар Россияда узоқ йиллар давомида жарликка қулаган ҳуқуқ тизимининг чириган мевасидир. Путиннинг Украинага босқини эса Россиянинг камчилигини янада очиқлаб берди. Мамлакатдаги ҳуқуқий ҳолат фалажланганини исботловчи етарлича асослар мавжуд. Сўнгги пайтларда Россиядаги энг йирик онлине маркетплейс саналадиган “Wildberries” атрофидаги воқеалар эса буни яққол кўрсатиб берди. Эр-хотин Владислав ва Татяна Бакалчуклар томонидан 20 йил олдин асос солинган ва бугун ўртадаги келишмовчиликлар сабаб ўз ортидан йирик можарони эргаштирган воқеалардан аллақачон кўпчиликнинг хабари бор. Компания устида мол талашаётган собиқ эр-хотинлар, ушбу келишмовчиликни суд орқали эмас, балки қонундан ташқари майдонда ҳал қилмоқчи бўлаётгани, шунинг учун эр бу масалани ҳал қилишда Чеченистон раҳбари Рамзан Қодировга, хотин эса Доғистонлик миллиардер ва сенатор Сулейман Керимовга мурожаат қилганининг ўзи Россия қонунчилигида йирик тешиклар мавжудлигидан далолат беради.

Одатий “учлик”дан жавоб

Миронов томонидан Ўзбекистонга йўлланган сўзлар эса жавобсиз қолмади, албатта. Россия расмийларининг расмий Тошкент манзилига улоқтирадиган ҳамлаларига жавоб беришга шай бўлган доимги “учлик” “Миллий тикланиш” демократик партияси раиси Алишер Қодиров, “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати раиси, Олий Мажлис депутати Бобур Бекмуродов ва Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирининг маслаҳатчиси, жамоатчилик фаоли Расул Кушербаевлар Мироновга жавоб қайтарди. Алишер Қодиров ўзининг Х ва Теlegram'даги саҳифаларида ўзбеклар баракали халқ экани ва ўз ҳаққини одам ўлдириб эмас, балки меҳнат қилиб тошини, Россияни эса Мироновнинг ўзи ва яқинлари ҳимоя қилиши лозимлигини ёзиб қолдирди.

“Ўзбеклар баракали халқ, ҳаққини меҳнат қилиб топади, одам ўлдириб эмас. Россияни эса Мироновнинг ўзи, ўғиллари, куёвлари, неваралари ҳимоя қилиши керак. Билишимча, руслар ҳам ватанни ҳимоя қилишни ўзбеклардек муқаддас бурч деб ҳисоблайдилар?” деб ёзди Қодиров.

Бекмуродов эса россиялик депутатга “бундай тажовузкор риторика фақат икки томонлама муносабатларга салбий таъсир кўрсатишини” эслатиб, ижтимоий нафақаларни инсон ҳаётига таҳдид солувчи ҳаракат билан солиштириш саводсизлик ва аҳмоқлик эканини таъкидлади.

“Биринчидан, биз ватандошларимиз бошқа давлатнинг урушларига жалб қилинишига ҳеч қачон рози бўлмаймиз. Консуллигимиз фуқароларимизни Ўзбекистонда ноқонуний ҳисобланган ҳаракатлардан ҳимоя қилиши табиий ва адолатли. Иккинчидан, Ватандошларимиз ўз меҳнатлари билан Россиянинг иқтисодиётига ҳисса қўшяпти. Ижтимоий нафақаларни инсон ҳаётига таҳдид қилувчи ҳаракат билан солиштириш саводсизлик ва аҳмоқликдир”, дея ёзган депутат ўзининг Теlegram-каналида.

Бобур Бекмуродов ўз сўзига қўшимча тарзда Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги “Иттифоқчилик муносабатлари тўғрисида”ги шартноманинг 7-моддасини ҳам эслатиб ўтган. Унга кўра, “бир томон фуқаролари ва юридик шахсларининг қонуний ҳуқуқлари ва манфаатларини бошқа томон ҳудудида кафолатлайдиган самарали чоралар кўради”.

“Бизда қонунлар ишлайди. Сизларда ҳам шундай бўлиши керак. Бундай тажовузкор риторика фақат икки томонлама муносабатларга салбий таъсир кўрсатади”, деган Олий Мажлис депутати.

Ҳаракатларидан шовинизм ҳиди анқиб турган россиялик сенаторга Кушербоев томонидан йўлланган жавобида, виза режими жорий қилиш каби таҳдид Россия сиёсатчилари Ўзбекистонни ўзига қарам давлат сифатида кўриши ва улар икки давлат ўртасидаги муносабатларни бузиш учун баҳона излаётганига ишора деб ҳисоблаши баён этилди.

“Ўзбекистон дипломатик идораси Ўзбекистон қонунчилигида кўзда тутилган нормаларни ўз фуқароларига эслатгани учун Россиядан виза режими жорий этиш таҳдиди янграётгани, Россия сиёсатчилари Ўзбекистонни ўзларига қарам давлат сифатида кўришини англатмоқда. Афсуски, юқори мартабали сиёсатчининг бу гаплари Россия томони Ўзбекистон билан алоқаларни бузиш учун баҳона қидираётганини кўрсатмоқда”, дея ёзган Кушербаев ўзининг Теlegram-каналида.

Шу ўринда мигрантларга эслатма. Украина ерларида давом этаётган босқин бир-бирига қон-қардош бўлган икки шарқий славян халқлари – Россиянинг Украинага қарши очган урушидир. Бу эса шуни кўрсатадики, ўз қардошига қарши уруш очган сиёсий элита учун сизнинг ҳаётингиз сариқ чақалик аҳамиятга эга эмас. Босқинга жалб қилиниш орқали шовинистлар қўлидаги оддий совуқ қуролга айланасиз холос. Ҳеч қандай таклиф, мўмайгина пул ва уруш империясига айланган давлат фуқаролиги оила аъзоларингиз, норасидаларингизнинг бир томчи кўз ёшига арзимайди. Кремль томонидан берилаётган бундай қимматбаҳо ва жимжимадор ваъдалар аслида нариги дунё учун “чипта” эканлигини унутманг!!!


Мақола муаллифи

Теглар

Россия Ўзбекистон

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг