Россиянинг Украинага босқинида қатнашган ўзбекистонлик эркакка суд ҳукми ўқилди
3-саҳифа
−
04 Январь
8693Россияга ишлаш учун бориб, Россиянинг Украинага босқинида иштирок этган эркак жазоланди. QALAMPIR.UZ суд ҳукми билан танишди. Иш 2024 йилнинг 4 декабрь куни жиноят ишлари бўйича Андижон шаҳар судида кўриб чиқилди.
Унга кўра, 1985 йилда Андижон вилояти Марҳамат туманида туғилган эркак мавсумий ишлаш мақсадида 2023 йил апрель ойида Ўзбекистон Республикасидан Россия Федерациясининг Москва шаҳрига борган. У дастлаб “Сарок” дўконида15 кун қассобчилик билан шуғулланган, 2023 йилнинг тахминан май ойининг бошида “Наватек” нефть биржасига ишга кирган. У ерда Россия фуқароси билан танишган. Рус фуқароси унга Россия ва Украина ўртасида бўлиб ўтаётган урушда Россия Қуролли кучлари номидан Россия тарафини олиб иштирок этишини таклиф қилиб, ёлланиши эвазига Россия Федерацияси унга катта миқдорда ойлик маош беришини, урушда иштирок этишидан олдин Россия Федерациясининг Қуролли кучлари билан ўзаро шартнома тузишини, ушбу шартномага асосан у хизматга кириб, урушда иштирок этишини таклиф қилган.
Шундан сўнг, эркак моддий манфаатлар эвазига Россия Федерациясининг ҳарбий хизматига кирган ҳамда Россия ва Украина ўртасида бўлиб ўтаётган қуролли тўқнашув ва ҳарбий ҳаракатларда иштирок этган.
Эркак 2023 йилнинг 31 декабрь куни Ўзбекистонга қайтиб келган ва ўзини ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларига топширган.
“2023 йил декабрь охирида Москва шаҳрига қайтдим. Менга Россияда қолиш таклифи берилди, лекин уларнинг таклифига рад жавобини бердим”, деган у кўрсатма давомида.
Суд ҳукмига кўра, эркак Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 154-моддаси (Ёлланиш)нинг 1-қисми, 1541 -моддаси (Чет давлатларнинг ҳарбий хизматига, хавфсизлик, полиция, ҳарбий адлия органлари ёки шунга ўхшаш бошқа органларига хизматга кириш, ёлланиш)нинг 1-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир қилганликда айбли деб топилган ва унга 4 йил 2 ой муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланган.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йилнинг ноябрь ойида Украина ҳудудида ҳарбий ҳаракатларда иштирок этган Ўзбекистон фуқароси 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинганди.
LiveБарчаси