Россия самолёти Шарм-ал-Шайхга фавқулодда қўнди

Олам

image

Россиянинг Ural Airlines авиакомпанияси самолёти кеча, 3 январь куни парвоздан кўп ўтмай техник носозлик туфайли Шарм-ал-Шайх аэропортига фавқулодда қўнишни амалга оширди. Бу ҳақда Миср фуқаро авиацияси вазирлиги хабар берди.

"Жума куни кечқурун Шарм-ал-Шайхдан Россиянинг Екатеринбург аэропортига йўл олган Россиянинг Ural Airlines компаниясининг Airbus А-321 самолёти Шарм-аш-Шайх аэропортига хавфсиз фавқулодда қўнишни амалга оширди", дейилади баёнотда.

Аниқлик киритилишича, бортида 236 нафар йўловчи бўлган самолётнинг қўниши самолёт командирининг двигателлардан бирида техник носозлик бўлгани ҳақидаги хабаридан кейин содир бўлган.

"Соат 16:55 да самолёт аэропортга эсон-омон қўнди ва махсус ажратилган ҳудудга йўналтирилди. Барча йўловчилар халқаро жўнаб кетиш залига хавфсиз тарзда етказилди. Техник гуруҳлар носозлик сабабларини аниқлаш ва зарур таъмирлаш ишларини олиб бориш учун зарур текширув тартиб-қоидаларини ўтказди", дейилади Миср вазирлиги хабарида.

Ural Airlines авиакомпаниясининг маълум қилишича, самолётда двигатель носозлиги ҳақида сигнал берилган.

Охирги кунларда ҳалокатга учраган самолётлар

29 декабрь куни Жанубий Кореядаги аэропортда бортида 181 киши бўлган самолёт ҳалокатга учраганди. Самолёт мамлакат жануби-ғарбидаги Муан халқаро аэропортида учиш-қўниш йўлагидан чиқиб кетган ва қўниш йўлаги ташқарисидаги тўсиққа урилиб, ёниб кетган.

Хабар қилинишича, ичида 175 йўловчи ва олти нафар борт ходими бўлган Jeju Air самолёти Таиланднинг Бангкок шаҳридан қайтаётган ва қўнаётган вақтда аварияга учраган. Йўловчиларнинг 173 нафари Жанубий Корея фуқароси ва икки нафари Таиланд фуқароси бўлган. Ҳалокатга учраган Boeing бир кун олдин ҳам бортдаги фавқулодда вазият тўғрисида хабар берган. Ўшанда ҳаво кемаси парвозни давом эттиришдан олдин мажбурий қўнишни амалга оширган. Сўнгги маълумотларга кўра, 179 киши ҳалок бўлган. Омон қолган икки киши – бир йўловчи ва экипаж аъзоларидан бири.

Шунингдек, Канаданинг PAL Airlines авиакомпаниясининг Сент-Жонсдан учиб келган самолёти Галифакс аэропортига фавқулодда қўнишни амалга оширди. Самолёт учиш-қўниш йўлагига қаноти билан урилганидан кейин ёниб кетган. Галифакс аэропорти самолёт билан содир бўлган воқеа туфайли вақтинча ёпилган. Самолётдаги барча йўловчилар ва экипаж аъзолари туширилган ва аэродромдан олиб кетилган. Йўловчилар ва экипаж аъзолари сони эса ҳозирча маълум эмас.

Бундан ташқари, ўша куни KLM Royal Dutch Airlines  авиакомпаниясининг Boeing 737-800 самолёти гидравлик тизимдаги носозлик туфайли Норвегияда фавқулодда қўнишга мажбур бўлганди. Рейс Ослодан Амстердамга йўл олган, бироқ Норвегия пойтахтидан 110 км жанубда жойлашган Сандефьорд аэропортига йўналтирилган. Муваффақиятли қўнганига қарамай, самолёт 18-қўниш йўлагидан чиқиб кетган ва ўтлоқ юзасида тўхтаб қолди. Самолёт бортида 182 киши, жумладан йўловчилар ва экипаж аъзолари бўлган. Ҳеч ким жабрланмаган.

30 декабрь куни эса Германиянинг Штутгарт шаҳрида тўрт ўриндиқли Cessna C-172 самолётининг қулаши оқибатида икки киши жабрланди. Учувчи енгил тан жароҳати олган, 70 ёшли йўловчи оғир аҳволда касалхонага ётқизилган.

Embraer 190 самолётининг қулаши

25 декабрь куни Azerbaijan Airlines авиакомпаниясининг Баку-Грозний йўналишидаги самолёти ҳалокатга учради. Самолётда 62 нафар йўловчи ва беш нафар экипаж аъзоси бўлган. Самолёт қулашида 38 киши ҳалок бўлди, 29 киши омон қолди. 

Дастлаб самолётнинг ҳалокатига қушлар галаси билан тўқнашиб кетгани сабаб бўлгани айтилган эди. Кейинроқ “Euronews” Озарбайжон ҳукуматидаги манбаларига таяниб, ушбу авиаҳалокат Россия томонидан учирилган ер-ҳаво синфидаги ракета туфайли содир бўлганини эълон қилди. Шунингдек, AZAL Embraer 190 самолёти ҳалокатининг дастлабки сабаби сифатида ташқи жисмоний ва техник таъсирларни кўрсатди.

Озарбайжоннинг Рақамли ривожланиш ва транспорт вазири Рашод Набиев ҳам самолёт ҳалокатига “ташқи аралашув” сабаб бўлган бўлиши мумкинлигини айтди. АҚШ ҳам лайнернинг қулашида Россиянинг ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларининг таъсирини таъкидламоқда.

Озарбайжон парламенти депутати Расим Мусабеков Россия томони Azerbaijan Airlines фуқаролик самолётини ҳаво ҳужумидан мудофаа ракетаси билан уриб туширгани учун узр сўраши кераклигини айтди. Россия Президенти матбуот котиби Дмитрий Песков эса Кремль ҳалокатга баҳо беришни тергов якунларига қадар нотўғри деб билишини ва вазиятга изоҳ бермаслигини билдирди. Чеченистон ҳукумати эса Рамзан Қодировнинг топшириғи билан Баку-Грозний йўналишидаги AZAL авиакомпаниясига тегишли самолёт ҳалокати оқибатида вафот этган ва жабрланганларнинг оилаларига молиявий ва бошқа ёрдам кўрсатишга тайёр эканини билдирди. Лекин, Озарбайжон Президенти Илҳом Алиевнинг маъмурияти ҳеч қандай ёрдамга муҳтож эмаслигини ва бундай ёрдамни қабул қилмаслигини маълум қилди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия Миср самолёт Ural Airlines Шарм-ал-Шайх Airbus А-321

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг