2023 йилда давлат бюджетидан қанча пул ўмарилгани айтилди
Жамият
−
16 Январь
148852023 йилда Ўзбекистон давлат бюджетидан 1,2 триллион сўмлик ноқонуний харажат ҳамда 200 миллиард сўмлик камомад ва ўғриликларга йўл қўйилган. Бу ҳақда бугун, 16 январь куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтаётган видеоселектор йиғилишида маълум қилинди.
Қайд этилишича, Жиззах политехника институтида ҳақиқатда ишламаган 110 нафар фуқарога, қарийб 10 миллиард сўм иш ҳақи ҳисобланиб, ноқонуний ўзлаштирилган.
Шунингдек, Наманган, Сурхондарё ва Фарғона вилоятлари “Ягона буюртмачи хизмати” компаниялари 18 та объектда амалда бажарилмаган 50 миллиард сўмлик ишларни ҳисоботларга қўшиб ёзган.
Сергели ободонлаштириш бошқармасида ҳам аслида ишламаган ходимларга 4,3 миллиард сўм тўланган.
Қўшработ таълим бўлими бухгалтери томонидан эса 3 миллиард сўм нақд пул ва 1,5 миллиард сўм маблағ пластик карта орқали ноқонуний ўзлаштирилган.
Бундан ташқари, "Ўзгидромет" раҳбарияти бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан асоссиз 1,3 миллиард сўм ссуда олган, шунингдек, ўзларига бир неча карра кўп мукофотлар ёзиб келган.
Таъкидланишича, давлат ташкилотлари раҳбарлари ўзларига асоссиз равишда мукофотлар ва бошқа моддий рағбатлантириш пулларини ёзиб келаётгани билан боғлиқ ҳолатлар текширилади ва маблағларнинг бюджетга қайтарилиши таъминланади.
LiveБарчаси