2020 йилда сўм долларга нисбатан қанчалик қадрсизлангани маълум бўлди
Жамият
−
14 Январь 2021
86972020 йил давомида миллий валютанинг АҚШ долларига нисбатан алмашув курси йил бошига нисбатан (9501 сўм/долл.дан 10461 сўм/долл.гача) 10,1 фоизга қадрсизланди. Бу ҳақда Марказий банк маълум қилди.
Миллий валютанинг алмашув курси динамикаси валюта бозоридаги талаб ва таклифнинг жорий нисбатидан келиб чиқиб, ички ва ташқи омиллар таъсирида шаклланган.
2020 йилнинг биринчи ярмида пандемия таъсирида ташқи ва ички иқтисодий шароитларнинг ўзгариши, асосий савдо ҳамкор давлатлар валюталарининг кескин девальвацияси натижасида девальвацион кутилмаларнинг ўсиши, шунингдек, ички валюта бозорида чет эл валютасига бўлган талабнинг ўсиши каби омиллар таъсирида миллий валюта 7,2 фоизга қадрсизланган.
Йилнинг иккинчи ярмида сўмнинг алмашув курси нисбатан барқарор динамика кузатилиб, 2,7 фоизга қадрсизланган.
2020 йил давомида валюта биржаси савдоларида АҚШ доллари курси динамикаси
Ўз навбатида, жорий йилда миллий валютанинг алмашув курси ички валюта бозорида вужудга келадиган талаб ва таклиф асосида узоқ муддатли фундаментал тренд доирасида шаклланиши прогноз қилинмоқда.