17 ёшда Гарвардга 100 фоизлик грант ютган олтиариқлик йигит
Интервью
−
25 Декабрь
5649Бутун дунёга машҳур Гарвард университетида нечта ўзбекистонлик таҳсил олишини биласизми? 2 та, 3 та, 4 та. Мен уларнинг сонини аниқ билмасам ҳам саноқда бармоқларим ортиб қолишини биламан. Бу университет шу даражада нуфузли эканлигидан бу ерни битирган талабалар дунёнинг исталган мамлакатида ишлаш имкониятига эга бўлади ва яхши мутахассис сифатида тан олинади. 2024 йилнинг 13 декабрь куни Ўзбекистон тарихида навбатдаги кам сонли ёшлардан бири – фарғоналик, 17 ёшли Азизбек Зайлобиддинов 100 % лик грант асосида мазкур университет талабасига айланди. Бу ўз навбатида жамоатчиликнинг катта олқишига сабаб бўлди. QALAMPIR.UZ ўзининг таълим соҳасида юқори натижаларни қайд этаётган ёшлар билан суҳбатларини давом эттиради. Демак, бугунги қаҳрамонимиз Гарвард университети талабаси Азизбек Зайлобиддинов.
Азизбекнинг айтишича, Гарвард университетига қабул қилиниш узоқ муддатни талаб қилади ва академик тарафлама номзод университет талабларига жавоб бера олиши керак. Билимнинг ўзи етарли эмаслигини таъкидлаган қаҳрамонимиз ўқишдан ташқари машғулотларда ҳам фаоллик кўрсатиш хориждаги олий таълим муассасаларига қабул қилиниш эҳтимолини оширишини билдириб ўтди.
“Гарвард шундай университетки, у бакалавр даражасида ҳар бир қабул қилинган талабани ҳар қандай ҳолатда ўқишини хоҳлайди. Чунки уларда етарли маблағ мавжуд. Гарвардга кириб олиш қийин, лекин, грант ютиш муаммо эмас”, дейди дунёнинг топ университетлари қаторида олдинги ўринларда турувчи олийгоҳ талабаси.
Хўш, ўз-ўзидан савол туғилади. Гарвард ўз талабларига жавоб берадиган ҳар қандай ёшни қўллаб-қувватлашга тайёр бўлса, нега ўзбекистонлик ёшларнинг бу университетга қабул қилиниш даражаси анча паст?
Азизбекнинг қайд этишича, аслида ундай эмас, ўзбек ёшларининг билим ва салоҳияти Гарвардга қабул қилиниш учун етарли, бироқ университет Америка Қўшма Штатларида жойлашганини инобатга олсак, биринчи навбатда олийгоҳ маҳаллий талабаларни қабул қилишни ва уларга билим беришни устун кўради. Қолган қисмларида эса, турли бурчаклардан келган ўқувчилар учун квоталар ажратилади.
“Хитой, Ҳиндистон каби давлатлардан ҳам йилига 2-3 та, ошиб кетса 4 нафар ўқувчи қабул қилинади. Университетнинг мақсади аввало америкалик ўқувчиларни қўллаш, ортган жойга эса хорижий талабаларни қабул қилиш”, дейди қаҳрамонимиз.
Оддий оиладан чиқиб, қандай қилиб Гарвардга 100 фоизлик грант ютиб олиш мумкин? Азизбек Зайлобиддинов битиргандан сўнг Ўзбекистонга қайтиш режаси борми? Бугун олий таълим соҳасида юқори натижалар қайд этиш учун нима қилиш керак? Шу ва шу каби саволларга жавобни QALAMPIR.UZ’нинг тўлиқ интервьюсида билиб олинг.
LiveБарчаси