17 турдаги давлат монополиясини тугатиш чоралари кўрилади
Жамият
−
05 Август
12465Энергетика, нефть-газ, сув хўжалиги, йўл қурилиши, темирйўл ва аэропорт хизматлари каби қатор соҳаларда 17 турдаги давлат монополиясини босқичма-босқич тугатиш чоралари кўрилади. Бу ҳақда бугун, 5 август куни Президент Шавкат Мирзиёев рақобатни ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирлар тақдимоти билан танишаётганида маълум қилинди.
Билдирилишича, табиий монополия соҳаларида мустақил бозор регуляторлари жорий этилади. Табиий монополия соҳалари билан ўзаро боғланган ва рақобатни ривожлантириш имконияти бўлган товар бозорларида табиий монополия субъектлари иштироки чекланади. Тўғридан тўғри амалга ошириладиган давлат харидлари кўлами қисқартирилиб, давлат харидлари рақобатли усулларга тўлиқ ўтказилади. Рақобатни чекловчи индивидуал хусусиятга эга давлат ёрдами, шу жумладан, эксклюзив ҳуқуқ, имтиёз, преференция ва енгилликлар бекор қилинади.
Шунингдек, давлат органлари ахборот тизимларини ўзаро интеграция қилиш орқали ижтимоий аҳамиятга эга маҳсулотлар нархлари шаклланиши занжирининг барча бўғинларини рақамли мониторинг қилиш йўлга қўйилади. Рақобатга қарши келишув ва хатти-ҳаракатлар, тил бириктириш ҳолатлари ҳақида маълумот тақдим этган шахсларни ошкор этмаслик ва мукофотлаш тизими жорий этилади.
Бундан ташқари, 17 турдаги давлат монополиясини босқичма-босқич тугатиш орқали давлат харидларида рақобатга зид ҳаракатларнинг олди олиниб, бу жараёнларнинг шаффофлиги таъминланади. Товар-хомашё биржаларида таклифлар кўпайтирилиб, харидорларнинг танлаш имконияти кенгайтирилади.
Президент соҳадаги ишларни давом эттириб, эркин бозор тамойилларини таъминлаш, кадрлар тайёрлаш бўйича қўшимча топшириқлар берди. Иқтисодиётда давлат улушини қисқартириш, айрим функцияларни босқичма-босқич хусусий секторга ўтказиш кераклиги таъкидланди. Товар, молия ва рақамли бозорларда рақобат ҳолатини доимий таҳлил қилиб, тартибларни такомиллаштириш бўйича таклифлар киритиб бориш вазифаси қўйилди.