1 майдан гўшт, тухум ва ёғ харид қилган баъзи фуқароларга ҚҚС қайтарилади
Жамият
−
23 Март 2023
12972Жорий йилнинг 1 майидан ижтимоий реестрга кирган аҳолига мол, қўй ва парранда гўшти, тухум ва ўсимлик ёғи харид қилса, қўшилган қиймат солиғи қайтарилади. Бу орқали 2 миллиондан ортиқ оилага енгиллик яратилади. Бу ҳақда бугун, 23 март куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида озиқ-овқат маҳсулотларини кўпайтириш, баҳорги экин мавсумини самарали ташкил этиш бўйича асосий вазифалар муҳокамаси юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида айтиб ўтилди.
Унда мамлакатдаги айрим туманлар уларга озиқ-овқат учун 70 минг гектар қўшимча майдон берилганига қарамасдан асосий озиқ-овқат маҳсулотлари билан ўзини ўзи таъминлай олмаётгани танқид қилинди.
Ҳокимлар мавжуд озиқ-овқат майдонларини кенгайтириш, янги лойиҳаларни амалга оширишда ташаббус кўрсатмаётгани қайд этилди.
Шу муносабат билан ҳамда аҳоли дастурхонининг тўкин-сочинлигини ўйлаб, йил охиригача озиқ-овқат маҳсулотлари бўйича импорт божларидан имтиёз берилиши таъкидланди.