1 майдан бошлаб авиабилет харажатларининг 25 фоизига субсидия берилади
Жамият
−
29 Март 2023
76011 майдан бошлаб авиабилет харажатларининг 25 фоизига субсидия берилади ва бунга 60 миллиард сўм ажратилади. Бу ҳақда бугун, 29 март куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида республикада туризм салоҳиятини жадал ривожлантириш масалалари юзасидан бўлиб ўтаётган видеоселектор йиғилишида маълум қилинди.
Қайд этилишича, сўнгги йилларда 5 та янги хусусий авиакомпания ташкил қилинди, авиапарк 44 тага етган. Ўтган йили янги Самарқанд аэропорти “бешинчи осмон” режимида ишлашига ўтгани ҳисобига, ҳафталик авиақатновлар сони 46 тадан 78 тага, йўловчи оқими эса 6,5 мингдан 10 мингтага кўпайган.
Лекин ички рейслар тақчиллиги кузатилмоқда, темир йўлда ҳафтасига 68 та қўшимча қатновга, 350 та янги вагонга талаб бор. Қорақалпоғистон, Жиззах, Наманган ва Сурхондарёда сайёҳларга автобус етишмайди.
Шу муносабат билан фуқаролик авиацияси раҳбарларига:
- йил якунига қадар 20 та қўшимча замонавий самолётларни олиб келиб, миллий авиация паркини 64 тага етказиш;
- авиақатновлар сонини ҳафтасига ҳозирги 461 тадан 700 тага етказиб, йиллик йўловчи ташишни 7,5 миллионга олиб чиқиш;
- 1 майдан бошлаб водийдан Урганч, Термиз, Бухоро, Самарқандга, Термиз – Нукус, Самарқанд – Урганч, Бухоро – Урганч каби йўналишлар бўйича мунтазам авиарейсларни йўлга қўйиш топширилди. Бунда авиабилет харажатларининг 25 фоизига субсидия берилади ва бунга 60 миллиард сўм ажратилади.
Ушбу йиғилишда жами маҳаллий рейслар сони 2 баравар оширилиб, 100 тага етказилиши кераклиги кўрсатиб ўтилди.