1 апрелдан прописка билан боғлиқ асосий муаммо ечилиши кутилмоқда
Жамият
−
11 Февраль 2020
7568Ўзбекистонда жорий йилнинг 1 апрелидан бошлаб пойтахт Тошкент шаҳридан уй олиш учун прописка талаб қилинмаслиги мумкин. Бу ҳақда “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Президенти Фармони лойиҳаси ва 2020 йил Давлат дастури лойиҳасида қайд этилган. Лойиҳа кеча, 10 февраль куни муҳокамага қўйилди.
Фармон лойиҳасида қуйидаги таклифларга розилик бериш назарда тутилмоқда:
• 2020 йил 1 апрелдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси фуқаролари учун Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида кўчмас мулкка эга бўлишда доимий прописка мавжудлиги ҳақидаги талабни бекор қилиш;
• Ўзбекистон Республикасида доимий яшовчи ва республиканинг бошқа минтақаларида доимий пропискага эга бўлган жисмоний шахслардан Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида янги қурилган кўчмас мол-мулкни олди-сотди шартномаларини тасдиқлаганлик учун ундириладиган давлат божининг алоҳида ставкасини бекор қилиш;
• илғор хорижий тажрибани ўрганган ҳолда, асосий ишчи кучи яшайдиган ва иш ўринлари яратилаётган ҳудудлар ўртасида тафовутни бартараф этиш ва ички миграцияни эркинлаштириш нуқтаи назаридан, прописка тизимини ислоҳ қилиш назарда тутилади.
Маълум қилинишича, прописка тартиби билан боғлиқ тўсиқларни изчиллик билан бекор қилиш, пропискага қўйиш билан боғлиқ жараёнлар ва уларни “ягона дарча” тамойили асосида амалга оширишнинг рақамлаштирилишини таъминлаш назар тутилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 24 январь куни Олий Мажлис палаталарига йўллаган мурожаатномасида қуйидагича топшириқ берган эди:
"Асосий ишчи кучи яшайдиган ва иш ўринлари яратилаётган ҳудудларимиз ўртасида тафовут мавжуд. Бунинг ечими – ички миграцияни эркинлаштиришдан иборат.
Шу боис, парламент ва ҳукумат 2020 йил 1 апрелга қадар прописка тизимини ислоҳ қилиш бўйича халқаро тажрибани ўрганиб, аниқ таклифларни ишлаб чиқиши лозим".
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь