1 апрелдан нималар ўзгаради?
Жамият
−
31 Март 9229 4 дақиқа
Ўзбекистонда 2026 йил 1 апрелдан эътиборан мамлакатда бир қанча ўзгаришлар амалга ошади. QALAMPIR.UZ ушбу ўзгаришларнинг айримларини бир ерга жамлади.
Нақд пулга уй-жой ва автомобиль олди-сотдиси бекор қилинади
Ўзбекистонда нақд пулга уй-жой ва автомобиль олди-сотдиси бекор қилинади. Бу ҳақда Президентнинг 2025 йил 10 декабрь куни қабул қилинган “Нақдсиз ҳисоб-китобларни оммалаштириш ва яширин иқтисодиёт улушини қисқартиришга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонида сўз боради.
Унга кўра, 2026 йил 1 апрелдан қуйидагилар учун тўловлар фақатгина банк карталари ёки электрон тўлов тизимлари орқали амалга оширилади:
- давлат органлари томонидан кўрсатиладиган хизматлар;
- электр энергияси, табиий газ, ичимлик сувидан фойдаланганлик учун тўловлар;
- алкоголь ва тамаки маҳсулотлари;
- транспортларга ёқилғи қуйиш шохобчалари орқали аҳолига нефть-газ маҳсулотларини сотиш ва электрда ҳаракатланадиган транспортларни зарядлаш бўйича хизматлар;
- қиймати 25 млн сўмдан ошадиган товар ва хизматлар;
- кўчмас мулк объектлари, ишлаб чиқарилганига 10 йилдан ошмаган M, N, O ва G тоифага кирувчи транспортлар ҳамда махсус автотранспорт воситаларини сотиш ва сотиб олиш.
Тошкент вилоятида 1 апрелдан чиқинди ташиш тарифлари ошади
Жорий йилнинг 1 апрелидан Тошкент вилоятида аҳоли учун маиший чиқиндиларни олиб чиқиш тарифлари қарийб 40 фоизга, юридик шахслар учун эса 20 фоизга ошади.
Аҳоли учун чиқинди ташиш тўлови ҳар бир киши учун ойига 7 840 сўмдан 10 864 сўмгача ошади (қўшимча қиймат солиғи билан). ҚҚСсиз ҳисобланганда тариф 7 000 сўмдан 9 700 сўмгача ошади (+38,6 фоиз).
Юридик шахслар учун чиқиндиларни олиб чиқиш тарифи 1 кубометр учун 82 880 сўмдан 97 316,8 сўмгача ошади (ҚҚС билан). ҚҚСсиз эса 74 000 сўмдан 86 890 сўмгача (+17,4 фоиз).
Тарифлар “Toza hudud”, “Zero-waste”, “Zangiota Obodon”, “Angren Bunyod Fayz”, “Rahnamo Servis” ва “Ohangaron sanitariya tozalash” корхоналари томонидан кўрсатиладиган хизматларга татбиқ этилади.
Давлат тиббиёт муассасаларининг иш вақти режими 5 кунлик иш ҳафтасига ўтказилади
Президент Шавкат Мирзиёев томонидан 2025 йил 9 ноябрь куни қабул қилинган 336-сонли “Тиббиёт ва фармацевтика ходимларини қўллаб-қувватлаш чоралари тўғрисида”ги қарорига биноан 2026 йил 1 апрелдан бошлаб давлат тиббиёт муассасаларининг иш вақти режими 5 кунлик иш ҳафтасига ўтказилади.
Бунда тиббиёт муассасалари иш фаолиятининг узлуксизлигини таъминлаш учун байрам ва дам олиш кунлари навбатчилик асосида ишлаш йўлга қўйилади.
Ўзбекистонда футболчилар даромад солиғидан озод этилади
Жорий йил 1 апрелдан бошлаб Ўзбекистон Суперлига ва Про-лигасида тўп сурадиган футболчилар 3 йил муддатга даромад солиғидан озод қилинади.
Унга кўра, жорий йилнинг 1 апрелидан бошлаб давлат Суперлига клубларига бу йил 35 млрд сўмдан, 2027 йилда 30 млрд сўмдан, 2028 йилда 25 млрд сўмдан пул беради. Шунингдек, давлат идораси ҳамда спорт федерациясини бошқараётган амалдорлар биринчи иш жойига тегишли маблағлардан федерацияга ҳам бериш ҳуқуқини олди.
Қарорга асосан, Спорт вазирлиги ҳузурида Спорт соҳасида ташаббусларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ташкил этилди. Жамғарма давлат бюджети ва бошқа манбалардан молиялаштирилади.
Давлат иштирокидаги корхоналарнинг спорт соҳаси учун ажратадиган ҳомийлик маблағлари ҳам шу жамғармага йўналтирилади.
Туроператорларга давлат бюджетидан субсидия ажратилади
Жорий йилнинг 18 март куни Нарпай туманида Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган Самарқанд вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалалари бўйича йиғилиш ўтказилди.
Йиғилишда маҳаллий туроператорлар учун ҳам янгиликлар эълон қилинган. Хусусан, 1 апрелдан бошлаб туроператорларга уч ой давомида жалб қилинган 1 минг хорижий турист учун бюджетдан 5 минг долларгача субсидия берилади. Қўшилган қиймат солиғининг ярми “кешбек” сифатида қайтарилади.
Ижтимоий тармоқларда 5 миллиондан ортиқ кузатувчиси бўлган 50 та хорижий блогерга Ўзбекистонга келиши учун етти кунлик бепул турпакет тақдим этилади. Дунёдаги энг йирик онлайн сайёҳлик платформаларида Ўзбекистонга саёҳат тарғиботи билан боғлиқ харажатлар ҳам қоплаб берилади.
Фармацевтика корхоналари ер, фойда ва мол-мулк солиқларидан озод қилинади
Президент Шавкат Мирзиёев раислигида жорий йилнинг 5 март куни фармацевтика соҳасини ривожлантириш бўйича устувор вазифаларга бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилди.
Унда жорий йил 1 апрелдан бошлаб қаерда жойлашганидан қатъи назар, янги фармацевтика воситалари ишлаб чиқариш, доривор ўсимлик етиштириш ва қайта ишлаш йўналишидаги лойиҳалар бошланганидан эътиборан уч йил муддатга ер солиғидан озод қилинади. Тадбиркорлар лойиҳа ишга тушгандан бошлаб уч йил давомида фойда ва мол-мулк солиқларини тўламайди.
Шу билан бирга, биологик фаол қўшимча ва косметика воситалари ишлаб чиқарувчилари ҳам хомашё, ускуна, эҳтиёт ва бутловчи қисмлар импорти божидан озод қилинади, фармацевтика корхоналарига ўз линиясида биологик фаол қўшимча ишлаб чиқаришга рухсат берилади.
Live
Барчаси