Uzbekistan GTL заводида нима бўлганди?

Жамият

Вазирлар исён кўтарган ишчилар билан учрашди. Охир-оқибат ишчилар узр сўради north_east

Вазирлар исён кўтарган ишчилар билан учрашди. Охир-оқибат ишчилар узр сўради

Жорий йилнинг 21 октябрь куни ижтимоий тармоқларда Қашқадарё вилоятининг Ғузор туманида фаолият юритаётган GTL заводининг юзлаб ишчилари иштирокида оммавий тартибсизликлар юзага келгани тасвирланган видеолар тарқалди. 

Ушбу ҳолат акс этган видео ижтимоий тармоқларда баҳс-мунозараларга сабаб бўлди.  Кимдир ишчиларга маоши 4 ойдан буён тўланмаган деса, яна кимдир ходимларга етарли шароит яратилмагани, улар нонуштани тушгача, тушликни кечгача кутганини айтди. 

Буларнинг барчасига аниқлик киритиш, аслида, муаммо нимада эканини билиш мақсадида завод ходимларига микрофон тутдик. Бироқ норозиликларга гувоҳ бўлган кўплаб ишчилар бўлиб ўтган воқеалар ҳақида гапиришни истамади ёки мумкин эмаслигини айтишди. 

Интервью берганлар эса барча ишлар жойидалиги, маошлар вақтида берилаётгани айтмоқда ёки айттирилмоқда. 

QALAMPIR.UZ жорий йилнинг 21 октябрь куни бўлган воқеалар ҳақида суриштирув ўтказди. Суҳбатдошларимиз тартибсизликлар вақтида улар ўз иш жойида бўлгани, ҳеч нарсадан хабарлари йўқлигини билдиришди. Қизиқ, бутун мамлакатга овоза бўлиб, сарҳадни ошиб ўтган воқеалар шовқини наҳот уларга эшитилмаган бўлса...

Завод маъмурияти берган маълумотларга қараганда, ходим ва иш берувчи ўртасида шартнома бир  йилга тузилади, шартнома бўйича иш 22 кун, дам олиш эса 8 кун этиб белгиланган. Пандемия сабаб иш вақти бироз чўзилиб, 40-45 кунни ташкил этган. Ишчилардаги чарчоқ, оиласига бўлган соғинч эса айнан шу каби ҳолатга олиб келган. Яна шуни айтиш керак, ходимлар томонидан келтирилган зарар завод ҳисобидан қопланади ва ишчиларга на жарима, на жазо қўлланилиши айтилди. 

“Бўлган воқеалар ҳақида барчамизнинг хабаримиз бор. Асл сабаби нима эканини ҳуқуқ-тартибот органлари аниқлашади. Фикримча, воқеалар юзага келишининг асосий сабаби, ходимлардаги руҳий чарчоқ. Барчамиз ёзги карантинда оғир кунларни бошдан кечирдик. Кўпчиликда руҳий толиқиш юзага келди. Касаллик тез тарқалаётгани ҳақида ОАВ орқали ёритиб борилди. Ўзбекистонда йўллар ёпилиши, одамлар ишсиз қолишига гувоҳ бўлдик. Июль ойида бизнинг майдон ҳам бўшаб қолди. Ва айнан шу вақтда бизда 800 киши ишда қолди. Одамлар уйда ишсиз, пулсиз қолишди. Август ойида ходимларни ишга қайтариш, уларнинг хавфсизлигини таьминлаш бўйича чоралар кўра бошладик.

Ҳар бир ходим иш майдонига кирар экан ундан коронавирус учун таҳлил олинди. Тест намуналари олингач, 7 кунлик карантинда бўлишларига тўғри келади. Орадан 7 кун вақт ўтгач, қайта тест олиниб, уларнинг карантин вақтида коронавирус юқтирмаганлари текширилди. Таҳлил натижалари яхши бўлса, ишга чиқишларига рухсат берилди. Карантинда қолиш ва қўшимча иш ходимларни толиқтирди, деб айта оламиз. Айрим ходимлар бу ерда 40-45 кунгача ишлашган. Тан олиш керак, бу жуда қийин.

Ходимлар карантинда бўлган вақтларида бепул овқат ва ётоқ билан таъминланишган. Бундан ташқари, улар ишламаган бўлса-да маошларини тўлиқ олишган. Ҳар қандай ҳолатда ҳам уларга маошлари бериб келинмоқда.  

Маълумот сифатида бир нечта рақамларни келтириб ўтаман. Пандемия бошидан то шу кунгача биз 43 мингта ПЗР таҳлилларини ўтказдик. Ҳар бир одамга ўртача 2,5 та таҳлил тўғри келади. Enter Engineering компанияси лаборатор таҳлилларнинг ўзига 7,5 миллиард сарфлади. Барча чоралар ходимларнинг саломатлиги ва ўзларини химояда ҳис этишлари учун қилинди.

Такроран айтаман, бўлган воқеаларнинг асосий сабаби руҳий чарчоқ. Тан олиш керак, уларнинг иш кунлари узайгани сабаб бу жараён қийин кечган”, дейди, Enter Engineering компанияси маъмурий директори Темур Абдуллаев

Маълумотларга кўра, ушбу заводда ҳам коронавирус билан касалланганлар аниқланган. Беморлар 800 нафарда ошган ва барча даволаш ишлари махсус ташкил этилган шифохонада олиб борилган.

Ташриф давомида “Uzbekistan GTL” заводидаги иш майдонлари билан танишдик. Бундан ташқари, ходимлар учун мўлжалланган лагерга ҳам бордик. Бу ерда 12 минг ишчи учун ётоқлар ҳозирланган. Ҳар бир блокда 100 нафардан ишчи яшайди. Ходимлар учун 3 та тиббиёт пункти, 7 та ошхона ва спорт билан шуғулланишлари учун махсус майдонлар мавжуд.


Мақола муаллифи

Теглар

Uzbekistan GTL Enter Engineering

Баҳолаганлар

133

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг