Андижондаги воқеада фуқаро ИИБга олиб кетилганда, оиласига хабар берилмаган – Омбудсман
Жамият
−
24 Июнь 2020
15246Жорий йилнинг 13 июнь куни Андижондан келган машъум хабар бутун Ўзбекистонни ларзага солди. Ички ишлар бўлими маъмурий биносида Жиноят қидирув бўлими вакиллари томонидан шафқатсизларча қийноққа солинган фуқаро А.Абдукаримов шифохонада жон бергани маълум бўлди. Ҳолат бўйича маълумот берган Бош прокуратура уч нафар Ички ишлар ходими қамоққа олингани ва жиноят иши қўзғатилганини билдирди. Ички ишлар вазирлиги ИИБнинг 5 ходими лавозимидан озод этилгани, 19 нафарига нисбатан жазо тайинлангани ҳақида маълум қилди.
Ушбу воқеа Ўзбекистонда ҳуқуқ-тартибот органларида доим ҳаспўшлаб келинган ҳақиқий ҳолатни яна бир бор юзага чиқарди. Аммо галдаги воқеани яширишнинг имкони бўлмади. Ҳолат айни вақтда нафақат мамлакат ичкарисида, балки ташқарида ҳам катта муҳокамалар, эътирозлар, қораловларга сабаб бўлмоқда. Халқаро ташкилотлар мамлакатдаги инсон ҳуқуқлари ва қийноқлар борасида яна бонг урмоқда.
ИИБдаги қийноқлардан сўнг вафот этган марҳум А.Абдукаримов ИИБга олиб кетилганда, унинг қариндошларига хабар берилмаган. Бу ҳақда “Юксалиш” умуммиллий ҳаракатида ўтган жамоатчилик мулоқотида Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Улуғбек Муҳаммадиев маълум қилди.
“Куни кеча давлат раҳбарининг Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегиясини тасдиқлаш тўғрисидаги фармони имзоланди. Фармонда Миллий стратегияни амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси” белгиланган. Унга кўра, ушланган шахсни видеотасвирга ёзиш, унга процессуал ҳуқуқларини тушунтириш ва адвокатни рад этиш тартиби жорий қилинди.
Ушлаб турилган шахснинг яқин қариндошларини, улар мавжуд бўлмаса, бошқа қариндошларини бу ҳақда дарҳол хабардор қилиш мажбуриятини ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларига юклаш масаласи ҳам киритилган. Андижондаги воқеа мисолида қарасак, фуқаро ИИБга олиб кетилганда ҳеч кимга хеч нарса айтилмаган, қариндошлари унинг қаердалигидан бехабар қолишган. Шундай ҳолат бўлмаслиги керак! Ҳамма жараёнлар ривожланган мамлакатларда бўлгани каби қонуний бўлиши лозим. Яъни фуқаро ушланиб, олиб кетилдими, унинг қаердалиги, нима айб қўйилганидан қариндошлари бохабар қилиниши зарур”, дейди Муҳаммадиев.
Андижонда бўлиб ўтган ҳолат мамлакат элитасидан тортиб, жамоатчилик вакилларининг эътирозига сабаб бўлмоқда. Депутат Расул Кушербоев Ички ишлар вазири истеъфо бериши кераклигини айтиб чиқди. “Адолат” социал-демократик партияси ҳуқуқ-тартибот органларидаги бундай муаммоларни бир неча кишини жазолаш орқали ечим бўлмаслигини қайд этди. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Қодир Жўраев эса ИИВ марҳумнинг оила аъзоларидан узр сўраши кераклигини талаб қилиб чиқди. Депутат Гулруҳ Ағзамова эса ушбу ҳолатни 2005 йилда рўй берган Андижон воқеаларига тенглаштирди.
Бугунги йиғилишда Улуғбек Муҳаммадиевнинг қайд этишича, омбудсманга ҳуқуқ-тартибот органларидаги қийноққа солиш, қўпол муомала бўйича юзлаб мурожаатлар келиб тушмоқда.
“Икки йилдан буён мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари ҳолати бўйича парламентга ҳисоб берар эканмиз, инсонларга нисбатан тазйиқлар, қийноқлар масаласида маълумотларни алоҳида киритиб келяпмиз, очиқ эълон қилиняпти. Депутатлар кўп муҳокама қилишди. Ҳисобот якунида, албатта таклифларимизни ҳам бериб келяпмиз. Айтмоқчи бўлганим шуки, мамлакатимизда маҳкумлар шароитини яхшилашдан тортиб, эркинлик берилаётгани, афв этилишигача катта қадамлар қўйилди. Лекин бизга ички ишлар идоралари ходимларидан норозилик билдирилган шикоятлар (2019 йилда 100 дан ортиқ) келиши ҳамон давом этяпти. Уларда қийноққа солиш, қўпол муомала, тазйиқ ўтказиш баён этилган. Айнан мана шундай мурожаатларни алоҳида ўрганувчи ташкилот тузилиши кераклиги ҳақида таклифлар билдиргандик. Шундан келиб чиқиб, яқинда Қийноқларга қарши кураш қўмитасини тузиш лойиҳаси ишлаб чиқилди”, дейди Муҳаммадиев.
LiveБарчаси
Тошкент шаҳрининг бош режаси тасдиқланди.
26 Декабрь