Чиройли ҳисоботлар ортидаги қийноқлар: Андижон ва Чироқчи воқеаси тасодиф эмас
Таҳлил
−
03 Июль 2020
37541Андижон ва Чироқчида содир бўлган инсон ҳуқуқларининг поймол қилиниши билан боғлиқ машъум воқеалар ижобий ўзгаришларни бошидан кечираётган мамлакат аҳолисини сергак торттириб, кўплаб илҳомлантирувчи ваъдаларни сўроқ остига қўймаслиги лозим. Икки ҳолатда ҳам жабрдийдаларнинг дўппосланиб ўлдирилиши олиб борилаётган ислоҳотларга кўланка туширади. Жамиятшунослик назарияси бўйича бу пойтахтдан узоқда жойлашган метрополияларга марказ фармонлари етиб бормаётгани, таъсир доираси етишмаслиги ёки унинг ижро интизоми тобора сустлашиб кетаётганини англатади. Бу эса ҳокимиятнинг барча бўғинлари учун катта хавотирли сигнал.
Қоғозда қолаётган ҳақиқатлар
Ўзбекистон Республикаси инсон ҳуқуқлари, шу жумладан қийноқларга қарши жон-жаҳди билан қарши масалаларда халқаро ҳамжамиятнинг турли нуфузли ҳужжатларига имзо чекиб, қатор мажбуриятларни ўз зиммасига олганига чорак асрдан ошди. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси 1995 йилнинг 31 августидаёқ Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг 1984 йил 10 декабрда қабул қилинган “Қийноқларга солишга ва муомалада бўлиш ва жазолашнинг бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни таҳқирловчи турларига қарши Конвенцияси”га қўшилган. Қизиғи, конвенциянинг тўлиқ матни Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида фақат рус тилида жойлаштирилган.
Ундан ташқари мамлакат ҳудудида “ҳеч ким қийноққа солиниши, зўравонликка, шафқатсиз ёки инсон қадр-қимматини камситувчи бошқа тарздаги тазйиққа дучор этилиши мумкин эмас”лиги ҳақидаги инсон шаънини ҳимоя қилишга ундалган муқаддас жумлалар Ўзбекистон Республикаси Бош Қомуси – Конституциянинг 26-моддаси, "Судлар тўғрисида"ги қонуннинг 10-моддаси, Жиноят-процессуал кодексининг 17-моддасида аниқ-тиниқ сўзма-сўз келтирилган. Зикр этилган кодекснинг 951-моддасида фактик маълумотлар гувоҳ, жабрланувчи, гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчи сифатида бўлиши мумкин бўлган “жиноят процесси иштирокчиларига ёки уларнинг яқин қариндошларига нисбатан қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаган ҳолда олинган бўлса, улар далил сифатида мақбул эмас” деб топилиши белгиланган.
Ҳатто Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 235-моддасида қийноқ ҳолатлари содир бўлган тақдирда қийноқ қўллаган кишиларга нисбатан жазо турлари батафсил чунончи, озодликдан маҳрум қилишгача жазоланиши баён этилган.
“Жиноят ишини юритиш чоғида қамоқда сақлаш тўғрисида”ги қонуннинг 7-моддасида эса “ушлаб турилганлар ва қамоққа олинганларга нисбатан қийноқлар ҳамда бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки инсон қадр-қимматини камситувчи тазйиқлар қўлланилишига йўл қўйилмайди”, деб белгиланган. Ўзбекистон Республикаси Олий суди пленумининг 2003 йилда қабул қилинган “Гумон қилинувчи ва айбланувчини ҳимоя ҳуқуқи билан таъминлашга оид қонунларни қўллаш бўйича суд амалиёти тўғрисида қарори”нинг 18-19 моддаларида барча мумкин ва мумкин бўлмаган бандлар, шу жумладан “гумон қилинувчининг, айбланувчининг ҳимоя ҳуқуқини бузиш натижасида олинган далиллар айблов асосига қўйилиши мумкин эмас”лиги, “суриштирувнинг ёки терговнинг қийноққа солиш ёхуд қонунга хилоф бошқа усуллари қўлланилганлиги тўғрисидаги ҳар бир мурожаат факти бўйича арз қилинган важларини синчиклаб текшириш, шу жумладан, тиббий гувоҳлантириш ўтказиш орқали синчиклаб текширишлари ва натижасига қараб, тегишли мансабдор шахсларга нисбатан жиноят иши қўзғатишга қадар процессуал ёки бошқа ҳуқуқий чоралар кўришлари шарт”лиги аниқ-равшан қайд этилган.
Қонун бузилишларда иш фигурантига айланиб қолаётган ходимларга тааллуқли Ўзбекистон Республикасининг “Ички ишлар органлари тўғрисида”ги қонуннинг “Фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига риоя этиш ҳамда ушбу ҳуқуқлар, эркинликлар ва қонуний манфаатларни ҳурмат қилиш принципи” тавсифланган 8-моддасида ҳам “Қийноқларга солиш, зўравонлик қилиш, бошқа шафқатсиз ёки инсон қадр-қимматини камситадиган тарзда муомалада бўлиш ички ишлар органи ходимига тақиқланади. Ички ишлар органининг ходими фуқарога қасддан оғриқ, жисмоний ёки маънавий азоб етказиладиган хатти-ҳаракатларга чек қўйиши шарт”лиги алоҳида таъкидланган. Бу республика қонунчилигидаги қийноқларга оид бандлар.
Мамлакат ташқарисидаги об-ҳаво
Ўзаро иккитомонлама ва кўптомонлама музокаралар кун тартибида инсон ҳуқуқларини ҳамиша қўллаб-қувватловчи айрим чет эл мамлакатлари, халқаро давлатлараро ва ноҳукумат ташкилотларининг Ўзбекистондаги қийноқлар масалалари бўйича эътирозлари талайгина. Халқаро ҳамжамият Ўзбекистонда содир бўлаётган қийноқлар ҳақида илк бор 2002 йилнинг охирига келиб кенг бохабар бўлган. Бунга ўша йили 24 ноябрь-6 декабрь кунлари БМТнинг қийноқлар масаласи бўйича махсус маърузачиси, жўн қилиб айтганда, ревизор-терговчиси голландиялик машҳур ҳуқуқшунос Тео ван Бовеннинг Ўзбекистонга ташрифи дебоча ясаган. Ташриф натижасида у тайёрлаган 64 бетдан иборат ҳисоботда мамлакатдаги қийноқлар якка-дукка эмас, балки кенг қулоч ёзиб тизимли равишда рўй бериши таъкидланган. Унда, шунингдек, ҳибс этилган гумонланувчи ва суддан кейинги маҳбуслардан олинувчи тушунтириш хат иқрорномалари қийноқ ва турли таҳдидлар остида олингани боис далил-алиби сифатида мутлақо асоссиз сифатида кўриш лозимлиги, расман оммалаштирилмаган ички хизмат юзасидаги кўрсатмалар қонунлардан устун туриши, қўли калта адвокатлик хизмати, қамоқхона ва ҳибсхона фаолияти билан танишишда дуч келинган чекловлар, жазони ижро этувчи органлари ходимларининг жавобгарликка тортиш шаффоф механизмининг йўқлиги ва уни хаспўшлаш ҳолатлари ҳақида бонг урилган. Қийноқларнинг шакллари сифатида қайнаган ё муздек сувга солиш ё сепиш, тирноқлар остига игна қадаш, целлофан пакет билан бошни беркитиб нафас олдиртирмаслик, таом, ухлашга изн бермаслик, уриш, тепиш, сўкиниш, тупириш, баклажкани ишга тушириш, ёниқ сигаретани босиш, оёқ-қўлларни боғлаш, оёғи билан осиб қўйиш, жинсий аъзоларга электрошокер билан ҳамла қилиш, яқинларини яланғоч ҳолда олиб келиш, хотин-қиз ҳалажларини зўрлаш билан таҳдид қилиш, арзимас баҳоналар билан таҳқирлаш, муддатни узайтириш ва ҳ.к. келтирилган.
Ушбу ҳисоботда ван Бовеннинг Ўзбекистон омбудсмани Сайёра Рашидованинг “ўз идорасининг молиявий ва кадрлар етишмаслигидан афсусда экани, бошқа давлат органлари ҳар доим ҳам тўла ҳамкорлик қилмаслиги ва барча тегишли маълумотлар билан баҳам кўришмаслиги” ҳақидаги эътирофи диққатга моликдир. Маълумки, С.Рашидова ушбу аҳамиятли лавозимда 1995-2015 йиллар давомида фаолият юритган. Жамоатчилик унинг ўзбек тилида бирон маротаба матбуотда чиқиш қилганини аранг эслайди. Ўн, балки юз минглаб аксарият аризалар ўзбек тилида ёзилганини инобатга олинса, унинг фаолияти салмоқли бўлмаганини илғаш мураккаб эмас.
Бир неча ой ўтиб, 2003 йил баҳорида Ўзбекистон расмийлари орқали БМТ агентлигига жўнатилган нотада ушбу ҳисоботга ўз эътирозлари ифода этилган. Мазкур нота таҳлили шуни кўрсатадики, унда халқаро даражадаги ҳисобот қайд этилган бандлар билан баҳсга киришиб, Ўзбекистонда амалдаги қонун ҳужжатларининг тегишли моддаларига иқтибослар, Омбудсман бўйича қабул қилиниши кутилаётган бўлажак қонун ўзгартишларига оид ишонтиришлар ва умуман олганда Бағдодда ҳаммаёқ тинч, хавотирга ўрин йўқ, биз очиқмиз, бемалол фақат олдиндан огоҳлантириб келаверинглар, маъносидаги фикрлар билан чекланилган.
Қийноқларнинг жиловсиз авжга чиқиш палласи мамлакатда ўша кезлардаги нотинч диний фон, 2001 йил 11 сентябрь воқеаларидан кейин Ўзбекистоннинг АҚШ, Буюк Британия билан муносабатларининг юқори поғонага чиқиши, Қарши-Хонободда Америка ҳарбий базасининг очилиши ва энг муҳими Тошкентнинг замон зайли билан Вашингтоннинг “rendition” дастурида иштирок этиб қолгани билан боғлиқ. “Rendition” – халқаро ҳуқуқдаги нисбатан янги атама ҳисобланиб, депортация ва экстрадициядан фарқли равишда на халқаро, на маҳаллий қонунчиликка риоя қилган ҳолда асирга тушган шахснинг ихтиёрига зид равишда бир давлатдан иккинчи давлатга, ёки иккинчи давлат орқали учинчи давлатга мажбурий равишда асосан ҳаво йўллари орқали кўчириш тушунилади. Хорижда чоп этилган манбаларга кўра, Америка Қўшма Штатлари Афғонистон ва Ироқда олиб борган аксил-террор ҳарбий амалиётларида асирга тушганларни жазони ижро этиш ё тегишли ҳукм чиқариш мақсадида муайян иқрорномаларни “экспертлар даражасида” тўплаш учун Марказий Разведка Бюроси ўзининг дунёдаги ўнлаб иттифоқдош мамлакатларининг ёпиқ объектларига сўроқ қилдириш учун жўнатган. Мазкур мамлакатлар рўйхатида Ўзбекистон ҳам бор.
Орада Тео ван Бовен фаолиятидан (2001-2004) кейин қароргоҳи Женевада жойлашган БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари бошқармаси таркибида қийноқлар масаласи кураторлигига Манфред Новак (2004-2010), Хуан Эрнесто Мендес (2010-2016) ва Нилс Мельцер (2016 йилдан бошлаб) раҳбар бўлди. Ван Бовеннинг Ўзбекистонга ташрифи ҳозирча умумий инсон ҳуқуқлари эмас, балки айнан қийноқлар масаласини ўрганиш учун келган ягона ҳолатлигича қолмоқда.
Мушоҳадага чорловчи айрим нуқталар
1. Ахборот даври бўлмиш XXI асрда феодализм сарқитларига хос бу каби хунук қийноқларнинг қўллаш воқеаларининг тўхтовсиз урчиши Ўзбекистон учун катта манфий белгисидир.
2. Модомики, ислоҳотлари билан танилиб келаётган янги Ўзбекистон ҳам мамлакат ичкариси, ҳам ташқарисидаги афкор омма ҳамда Ўзбекистон ташқи ва ички сиёсатига бевосита ё билвосита таъсир кучига эга бўлган марказлар кўз ўнгида ўз сиймосини яхшилашга чинакамига бел боғлаган экан, қонун ҳимоясида туриши лозим бўлган қонун бузғувчилар ўша кўп иқтибос келтирилувчи қонун ҳужжатлари асосида очиқ, шаффоф ва ошкоралик асосида жазога тортилиши даркор. Уларнинг қуйи ё ўрта даражада фақат узр сўраб, сувдан қуруқ чиқиши кулгули, кечирилмас ва тутуриқсиздир.
3. Юқоридаги маҳаллий ва халқаро меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлардан тегишли мутасаддилар бехабарми? Бунинг учун қуйи ва ўрта поғонадаги ҳуқуқ-тартибот органлари вакилларини жиноят процессуал фаолиятни цивилизацион ҳолатга ўтказиш бўйича кечиктирилмас чора-тадбирларни ишлаб чиқиб, уни оғишмай татбиқ этишни тақозо этмоқда. Бунда айниқса баъзи ички ишлар ходимларининг руҳий-психологик бардошлик даражаси ва садо-мазохизм – азоб беришдан ҳузурланиш ҳиссидан узоқ эканлигига амин бўлувчи тегишли ташхис тестларини ишлаб чиқиш ва жорий қилиш масаласини кўндаланг қўйиш фурсати етди.
4. Бўлиб ўтган ва бўлаётган алғов-далғовлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг халқаро рейтинг ва индекслардаги ўрнини яхшилаш ҳамда давлат органлари ва ташкилотларида улар билан тизимли ишлашнинг янги механизмини жорий қилиш тўғрисида белгиланган фармон режаларига тамомила зид бўлиб, ундаги кўрсаткичларни чиппакка чиқариш эҳтимоли баланд. Акс ҳолда, бу аввало тобора ошкораликка ошно бўлиб бораётган жамоатчилик олдида мутасадди ташкилотларнинг ортиқча тушунтириш ва ортиқча оқланишларига сабаб бўлиши табиий.
5. Матбуотдаги пала-партиш чиқишлар қийноқлар масаласида муассасалар ўртасида ўзаро пухта мувофиқлашув мавжуд эмаслигини ҳам кўрсатди. Одатда қийноқларнинг аксарияти ички ишлар органлари томонидан содир этилади, деб тушунилади. Бу дегани хавфсизлик органлари қийноқларни қўлламайди дегани эмас. Улар ҳам қўллайди, лекин конспирология санъатини яхши ўзлаштириб келаётган ходимлар бу қилмишларни нисбатан изсиз, тоза амалга оширган.
6. Қийноқлар масаласи кун тартибининг энг бирламчи қаторида бўлиши лозим бўлган Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили Омбудсман ва Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий маркази орасидаги хизмат ваколатлари тушунарсиз равишда ўзаро чатишиб кетган. ИМҲО фикримизча, бу икки ташкилотни бирлаштириб, унга бошлиқ қилиб эҳтимол мулойимлик билан андиша қилмайдиган ва мастер-классларни кутиб ўтирмайдиган дадилроқ ҳуқуқбоннинг шахсан ўзини раҳбар этиб тайинлаш, мақсадга мувофиқ бўларди. Бундай лавозимларга сиёсий конъюнктурадан келиб чиқиб номзодларни ишга тайинлаш амалиётидан бутунлай воз кечиш вақти келди. Бу эса айнан давлатнинг халқаро рейтинглари учун ҳам, муассасалар орасидаги бошбошдоқликларга чек қўйиш учун ҳам имкониятни оширади. Омбудсман ваколатхонасининг нормал фаолият олиб бориши учун етарли моддий техник базасидан мосуволиги ҳақидаги иқрори эса инсон ҳуқуқларини амалда ҳимоя қилиш масаласига эътибор берилмаётганлигини намоён этади.
7. Шунингдек, қийноқлар масаласини доимий равишда мониторинг қилиб борувчи қароргоҳи Нью-Йоркда бўлган Human Rights Watch ва Лондонда жойлашган Amnesty International каби халқаро ноҳукумат ҳисобланувчи ташкилотлар мавжуд. Тан олиш лозимки, айнан уларнинг билвосита саъй-ҳаракатлари, мунтазам бонг урган маъруза ва чиқишлари ҳамда негадир тасодифанми хорижий давлат раҳбарларининг ташриф ва мулоқотлари арафасида ўнлаб донғи чиққан маҳбуслар озод этилган.
8. Гапнинг пўст калласи ва ишкалларнинг озамаётгани демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш йўлидан одимлаб кетаётган мамлакатда ижрочи ҳокимиятнинг қонун чиқарувчи ва суд-ҳуқуқ органлари устидан қийраб турган дўмбира ва тўқмоқ сиёсатидир. Токи, ижрочи ҳокимият таниш-билиш, телефон кучи ё бошқа алламбало гўзал қонунларимизни четлаб ўтувчи қудратга эга бўлар экан фақиру-фуқароларга омонлик бўлмайдими энди, деган фикрдан ўзимиз ҳам хавотирдамиз.
9. Яқинда чоп этилган “Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг миллий стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида”ги йўл харитасида 2021 йил 1 майга қадар Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг янги таҳририни ишлаб чиқиш, хорижий тажриба инобатга олинган ҳолда “терроризм, экстремизм ва коррупциявий жиноятларни, шу билан бирга уюшган гуруҳ ҳамда жиноий уюшма таркибида қийноққа солиш усулларидан фойдаланган ҳолда жиноят содир этишда айбдор бўлган шахсларга нисбатан кескин жиноятчиликка қарши сиёсатни давом эттиришни назарда тутиш" тўғрисидаги банд инсон қадр-қимматини ҳимоя қилиш ва оғир жиноятларни фош этиш ўртасидаги нозик мувозанатни сақлаш устида тегишли доиралар ҳали-ҳануз аниқ тўхтамга келмаганларидан далолат бериши мумкин.
10. БМТ инсон ҳуқуқлари бўйича барча муассасалар Ўзбекистон ҳам қўшилган ҳамда қабул қилингани ҳар йили кенг нишонланадиган Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси (10.12.1948 й.)да қайд этилган банд ва низомлар асосида бошқарилади. Аслида мазкур декларациянинг 5-моддасида кўрсатилган қийноқларга нисбатан халқаро даражадаги муросасизлик банди юқорида санаб ўтилган миллий қонунчиликдаги барча ҳужжатларда ўз аксини топиб, уларга уйғунлаштирилган. Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси 1991 йил 30 сентябрда Ўзбекистон Республикаси мустақилликка эришганидан кейин қўшилган биринчи халқаро-ҳуқуқий ҳужжат ҳисобланади. 90-йилларда халқаро ҳамжамият орасида эндигина бўй чўзаётган ёш, мустақил Ўзбекистон учун бу ўз вақтида катта нуфуз, халқаро эътироф ва ифтихор бўлган эди. Энди мамлакатдан ўз зиммасига олган халқаро ва республика миқёсидаги мажбуриятларнинг руҳи ва ҳарфига монанд қадам қўйиши учун ундан тегишли ирода, салоҳият ва ҳисобдорликни оширишни тақозо этади.
Забихулла Саипов,
сиёсий фанлар номзоди