Омбудсман жаноб Саидовнинг танқидига жавоб қайтарди
Жамият
−
26 Июнь 2020
9023Олий Мажлиснинг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили Омбудсман Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказининг директори Акмал Саидовнинг жойларда инсон ҳуқуқлари бўйича вакилларнинг иши қониқарли эмаслигини танқид қилганига жавоб қайтарди.
Акмал Саидов Андижон шаҳар ИИБ биносида қийноққа солинган ва шифохонада вафот этган фуқаронинг оила аъзолари блогерлардан уларни ҳимоя қилишни сўраганини айтиб, жойларда Омбудсман вакилари ишламаётганига урғу берганди.
“Ходимим Андижонга борди. Марҳумнинг оиласида бўлди. Оила аъзолари ундан нимани сўрашганини биласизми? “Бизни блогерлар қийнаб юборишди. Бизнинг қайғумиздан улар нима қилишмоқчи эканини биласизми? Нима қилишмоқчи эканликларини билмаймиз. Бизларни блогерлардан ҳимоя қилинг”. Бу марҳум оила аъзоларининг сўзлари.
Омбудсманнинг минтақавий вакилининг жавоби мени қалбимни хира қилди. Ходимим унга “Сиз бу ердасиз, сиз вилоят вакилисиз” деганида у “Менга марҳум оила аъзоларидан ҳеч ким жавоб бермади” дебди. Бу қандай жавоб? Мен бу каби ҳолатларга реакция қилиш омбудсманнинг биринчи даражали мажбурияти деб ҳисоблайман”, деган Саидов Халқаро пресс-клуб сессиясида.
Омбудсман Саидовнинг танқидига жавоб бериб, Андижондаги қатор Ички ишлар бинолари, ўз хоҳиши билан кета олмайдиган жойларда мониторинг ўтказилганини маълум қилган.
“Ушбу салбий ҳолат вужудга келишига сабаб бўлган шарт-шароитларни ўрганиш ва келгусида бу каби салбий ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) томонидан миллий превентив механизм доирасида Омбудсманнинг Минтақавий вакили, Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти ҳамда “Юксалиш” умуммиллий ҳаракатининг Андижон вилояти бўйича вакиллари иштирокидаги эксперт гуруҳи таркибида Андижон вилоятида жойлашган бир қатор ички ишлар бўлимлари, шахслар ушлаб турилган, ўз эрки билан чиқиб кета олмайдиган жойлар ва тергов ҳибсхонасида жорий йилнинг 22-23 июнь кунлари мониторинг ўтказилди”, дейилади Омбудсман изоҳида.
Қайд этилишича, мониторинг давомида Андижон вилоятида жойлашган 3-сон тергов ҳибсхона, маъмурий қамоққа олинган шахслар сақланадиган Махсус қабулхона ва Аниқ яшаш жойига эга бўлмаган шахсларни реабилитация этиш Марказида ўрганиш ишлари олиб борилган.
“Шунингдек, Андижон шаҳар ички ишлар бошқармаси, Балиқчи ва Қўрғонтепа туманлари ички ишлар бўлимларидаги вақтинча сақлаш ҳибсхоналари ҳамда Андижон шаҳар ички ишлар бошқармасининг 4- ва 6-сон ички ишлар бўлимларида эҳтиёт чораси сифатида қамоқ қўлланилган ёки вақтинча ушлаб турилган шахслар учун яратилган шароитлар ҳамда уларга нисбатан қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турлари қўлланилишининг олдини-олиш учун кўрилаётган чора-тадбирлар ўрганилди”, дейилган баёнотда.
Экспертлар гуруҳи аъзолари марҳум А.Абдукаримов хонанида ҳам бўлган. Хонадонда марҳум А.Абдукаримовнинг синглиси М.Ибрагимова жиноят содир этган ички ишлар ходимларига нисбатан қонуний чора кўришни сўраган.
“Бу ҳақда биз батафсил маълумот бермоқчи эдик. Аммо, бугун, Халқаро пресс-клубнинг навбатдаги сессиясида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати, Ташқи ишлар вазирлиги, БМТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси томонидан БМТ ва унинг ихтисослашган муассасалари билан ҳамкорликни ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар режаси (Йўл харитаси) юзасидан ўтказилган матбуот анжуманида Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ директори, академик А.Саидов ўз чиқишида Омбудсманнинг минтақавий вакилига танқидий фикрлар билдирди”, дейилган Омбудсман изоҳида.
Таъкидланишича, марҳум А.Абдукаримов ички ишлар органлари ходимлари томонидан етказилган тан жароҳати натижасида вафот этганлиги ҳақида интернет нашрларида хабар тарқалгач, ушбу ҳолат Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) томонидан ўрганилиб, алоҳида назоратга олинган.
“14 июнь куни Омбудсман томонидан муносабат ва марҳумнинг оила аъзоларига ҳамдардлик билдирилди. Қолаверса, Вакил томонидан ушбу салбий ҳолат юзасидан журналистларга интервью берилди. Бу пайтда Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ жим эди (сайтларда берилган муносабатлар санасидан билиш мумкин). Бунинг учун, аввало, журналистлар, интернет нашрлари ва блогерларга миннатдор бўлишимиз керак. Давлат раҳбарининг иродаси билан мамлакатимизда бугун сўз ва фикр эркинлиги қарор топди. Бу эса инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишдаги Ўзбекистоннинг энг катта ютуғидир”, дея таъкидланган вакилнинг ҳаракатлари.
Баёнотда Саидовнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилнинг ҳудудлардаги масъуллари ишламаётгани ҳақидаги танқидига жавобан, маош масаласи эслатиб ўтилган. Омбудсман жойлардаги вакиллари жамоатчилик асосида хизмат қилиши ва аниқ иш ўринига эга эмаслиги айтилган.
“Шуни алоҳида таъкидлашни истар эдикки, Омбудсманнинг минтақавий вакиллари ҳамон жамоатчилик асосида (маош олмайди) фаолият олиб боришади ва улар ўз иш хоналарига эга эмас. Бу ҳақда Вакил бир неча йиллардан буён парламент палаталарига мурожаат қилиб келади. Бундан ташқари Вакил котибияти ўз биносига эга эмас, балки Метрополитен биносида ижарада фаолият олиб боради (фурсатдан фойдаланиб метрополитен раҳбариятига ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз).
Бу муҳим эмас! Муҳими Андижондаги воқеага ҳаммамиз айбдормиз! Ички ишлар ҳам, Омбудсман ҳам, Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ ҳам!
Энг муҳим хулоса, бундай ҳолат бошқа такрорланмаслиги лозим. Инсон ҳуқуқлари учун ҳаммамиз масъулмиз! ”, дейилади танқидга жавобан
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 30 май куни Андижон шаҳар ИИБ ЖҚБ тезкор вакиллари иш юритувидаги ариза юзасидан фуқаро А.Абдукаримовни ИИБ маъмурий биносига олиб келиб, ҳаёти ва соғлиги учун хавфли бўлган зўрлик ишлатиб, ноқонуний равишда ушлаб турганликлари оқибатида унинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига жиддий зарар етказилишига сабабчи бўлди. Фуқаро Республика шошилинч тез-тиббий ёрдам Андижон филиалида 11 июнь куни вафот этди.
ИИВ ҳолат бўйича баёнот бериб, уч ходимга нисбатан жиноий иш очилиб, улар қамалганиин, 5 ходими ишдан бўшатилгани, 19 нафари жазоланганини маълум қилди.
Шуни алоҳида қайд этиш керакки, Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Президенти бўлгач, Омбудсман фаолияти, Ички ишлар органлари ва Прокуратура тизимини аёвсиз танқид қилганди. Орадан деярли 4 йил ўтганига қарамай соҳада мақтангулик ишлар қилинмаганига гувоҳ бўлиб турибмиз.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь