Президент Администрациясида янги тайинловлар амалга оширилди
Олам
−
01 Ноябрь 2023
14262Бугун, 1 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясида бир қанча янги тайинловлар амалга оширилди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.
Унга кўра, Ғайратулла Ҳабибуллаевич Ёзиев Ўзбекистон Республикаси Президентининг кадрлар сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари лавозимига тайинланган. Тайинловга қадар у Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати раисининг ўринбосари лавозимида ишлаган.
Шунингдек, Қаҳрамон Раҳматуллаевич Сариев Ўзбекистон Республикаси Президентининг кадрлар сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси ўринбосари лавозимига тайинланди. У эса тайинловга қадар Ўзбекистон Республикаси Президентининг давлат хизмати, аҳоли билан мулоқот ва маҳаллий ҳокимият органлари фаолиятини мувофиқлаштириш масалалари бўйича маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари лавозимида ишлаган.
Улуғбек Исломович Муҳаммадиев эса Ўзбекистон Республикаси Президентининг кадрлар сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси ўринбосари, Ўзбекистон Республикаси Президенти Халқ қабулхонаси раҳбари лавозимига тайинланган. Тайинловга қадар у Ўзбекистон Республикаси Президентининг давлат хизмати, аҳоли билан мулоқот ва маҳаллий ҳокимият органлари фаолиятини мувофиқлаштириш масалалари бўйича маслаҳатчиси ўринбосари бўлиб ишлаган.
Бундан ташқари, Умар Сапаевич Исмоилов Ўзбекистон Республикаси Президенти Халқ қабулхонаси раҳбарининг биринчи ўринбосари лавозимига тайинланган. У ҳам тайинловга қадар Ўзбекистон Республикаси Президентининг давлат хизмати, аҳоли билан мулоқот ва маҳаллий ҳокимият органлари фаолиятини мувофиқлаштириш масалалари бўйича маслаҳатчиси ўринбосари лавозимида ишлаган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг август ойида Президент Администрациясининг янги таркиби тасдиқланганди. 30 октябрь куни Асилбек Худоёров Президент Администрацияси Ижтимоий ривожланиш департаменти раҳбарининг биринчи ўринбосари, Гаянэ Умерова эса Ўзбекистон Республикаси Президент Администрацияси Ижтимоий ривожланиш департаменти раҳбари ўринбосари лавозимига тайинланганди. Кеча, 31 октябрь куни Дилноза Муродовна Зиёмуҳамедова Ўзбекистон Республикаси Президентининг ёрдамчиси котибияти мудири лавозимига тайинланди.