Ҳокимликларнинг мақсади коррупция – Омбудсман
Интервью
−
16 Декабрь 2020
28065Сўнгги йилларда “снос” масаласи Ўзбекистон аҳолисининг бош муаммосига айлангани ҳеч кимга сир эмас. Кўп ҳолларда ҳокимлар давлат ва жамоат эҳтиёжини рўкач қилиб, одамларнинг уйини бузяпти, тадбиркорнинг ишлаб турган цехи текислаб ташланяпти.
Ишлаб турган дўконини бузишга келган давлат амалдорига бензин сепиб, ёқиб юборганлар ҳам бўлди. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисиниг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) Улуғбек Муҳаммадиев QALAMPIR.UZ билан интервьюда аҳоли учун ҳақиқий бош оғриғига айланган "снос" масаласига ҳам тўхталиб, одамларнинг яшаб турган жойидан чиқариб юборилишини инсоннинг шахсий мулкига бўлган тажовуз эканини айтиб ўтди.
“Бу – тўғридан-тўғри инсоннинг шахсий мулкига бўлган тажовуз. Шу билан бирга инсон ҳуқуқининг очиқчасига бузилишидир. Турли идора ва ҳокимиятлар бир оилани яшаб турган уйдан чиқариб юбориб, уйини бузиб ташлаяпти. Бу тамоман инсон ҳуқуқлари бузилишининг очиқчасига ва сўз билан таърифлаб бўлмайдиган кўриниши. Одамларни уйлари бузиляпти-да, пули ҳам тўланмаяпти. Шу билан бирга кўчага хайдаб юбориляпти.
Пул тўлаш ҳам номига. Бир одамнинг эгаллаб турган уйи билан улар бераётган маблағ тенг эмас. Бу нарсаларни гапириш керак. Бу ишларни очиқчасига маҳаллий ҳокимликлар қиляпти”, дейди Омбудсман.
Улуғбек Муҳаммадиевнининг таъкидлашича, ҳокимларнинг тадбиркорларга ер ажратиб бериш масаласида тартибсизлик ва бошбошдоқлик мавжуд, бундан мақсад эса, коррупция.
“Бизда қизиқ тенденция бор. Бир ҳоким тадбиркорга ер ажратиб беради. У ернинг қандай ажратилгани ҳокимга ва худога аён. Тадбиркор у ерда иш бошлаб, бино қуради. Орадан маълум вақт ўтиб, бошқа ҳоким келади ва аввалги ҳоким чиқарган қарорни бекор қилиб, айнан ўша ерни бошқа тадбиркорларга қарор чиқариб, бериб юборяпти. У ҳам майли эди, шу орада ҳоким учинчи марта ўзгарса, у ҳам ўз қарорларини чиқаради. Ва бошқа тадбиркорларга сотиб юборади. Ҳаммаси “каша” бўлиб ётибди. Бу нима деган гап?
Aгар бу ишларни Aдлия вазирлиги таҳлил қилса, дахшатли манзара пайдо бўлади. Ҳокимликларнинг бу ишларни қилишдан мақсади нима эканлиги аён. Мақсад – коррупция, бошқа нарса эмас”, дейди Омбудсман.
Муҳаммадиев сўзида давом этаркан, бу каби уй бузилиш ва унга етарли маблағ тўланмасик ҳолатлари олдин ҳам бўлгани, ҳозир эса, эркин гапирилаётгани сабаб, бу ишлар ошкор бўлаётанини қўшимча қилди. Қолаверса, инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси нохақликлар ва коррупциядан норози фуқаролар ўз жонига қасд қилаётгани ва бу каби ҳолатларда Омбудсман ҳам ўзини айбдор ҳис қилшини урғулади.
“Бу каби ҳолатлар кўп бўлишига асосий сабабнинг биринчиси – коррупция, таниш-билишчилик ва ҳуқуқий билимнинг пастлиги. Бу гапларни олдинлари ҳеч ким айтолмаган. Бу ишлар олдин ҳам бўлган.
Ҳозир эса журналистлар бориб, билиб қолганидан кейин интернетга чиқиб кетиб, ҳаммаси очиляпти. Коррупция 3-4 та одам орасида бўладиган иш, буни билиш, аниқлаш қийин.
Ҳозир очиқлик туфайли ҳаракат қилиняпти-ю, лекин афсус, ҳали ҳам коррупция иллати бор. Aгар бу каби қонун бузилиш ҳолатлари бўлмаса, мурожаатлар ҳам бўлмайди. Кўплаб фуқаролар мурожаат қиляпти, хатто норози бўлганлари ўз жонига қасд ҳам қиляпти. Aлбатта, бу яхши ҳолат эмас. Шу нуқти назардан, бу масалалар бизни эътиборимиздан четда қолгани учун ўзимизни айбдор, деб ҳис қиламиз” дейди Улуғбек Муҳаммадиев
Ушбу видеоинтервьюни QALAMPIR.UZ’нинг YouTube’даги саҳифасида томоша қилишингиз мумкин.
LiveБарчаси