Жаноб Президент, ниқоб тақиб олинг (фоторепортаж)
Олам
−
17 Апрель 2020
11332Коронавирус пандемияси билан курашда энг катта босим давлат раҳбарларига тушиши табиий ҳол. Уларнинг топшириқ ва қарорлари касаллик билан курашишда муҳим ўрин тутади.
Ушбу кураш вақтида мамлакатларнинг фуқаролари юзида тиббий ниқоб кўриш одатий ҳолга айланди. Лекин давлат раҳбарлари ҳам ушбу ҳимоя воситаларидан фойдаланишяптими? Улар ўз саломатлиги ҳақида қанчалик қайғуради? Келинг, бир қанча давлат раҳбарларининг ушбу тиббий восита билан муносабатларини кўриб чиқсак.
Жорий йилнинг 10 март куни Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпинь коронавирус пандемияси бошланган шаҳар - Уханга тиббий ниқобда ташриф буюрди.
Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев ҳозирда деярли барча чиқишларида тиббий ниқоб билан кўриниш бермоқда. У илк бор жорий йилнинг 19 март куни Жибек йўли қишлоғидаги 6-сонли назорат-ўтказиш пунктини кўздан кечириш вақтида тиббий ниқобда намоён бўлган эди.
Зузана Чапутова Словакиянинг биринчи аёл Президенти. У элчиларни қабул қилиш маросимида ўзига ҳос тиббий ниқоб билан илк бор номоён бўлди.
Франция Республикаси Президенти Эммануэль Макрон ОАВга деярли ниқобсиз кўриниш берса-да, алоҳида вазиятларда тиббий ниқоб киймоқда.
Украина Республикаси Президенти Владимир Зеленский Олий Рададаги йиғилишларда ниқоб кийишни бошлади. Собиқ қизиқчи элчиларни қабул қилиш маросимларида ҳам бу одатни канда қилмаяпти.
Грузия Республикаси Президенти Саломе Зурабишвили ажойиб характерга эга раҳбарлардан бири. Суратда у автобусларнинг бирида тиббий ниқоб кийиб шаҳар кезмоқда.
Демак ҳали ниқоб билан кўриниш бермаган давлат раҳбарлари рўйхатини Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин бошлаб беради. У ҳали тиббий ниқобда ОАВга ўзини намойиш қилмади. Лекин Москва марказий шифохоналарининг бирига ташрифи давомида у махсус ҳимоя кийимини кийиб олди.
Германия Федератив Республикасининг Канцлери Ангела Меркель пандемия вақтида карантинда бўлиб қайтишга улгурди. Меркель хоним тиббий ниқоб тақмаса ҳам ўзаро масофа сақлаш ва қўл бериб кўришмаслик қоидаларига амал қилмоқда.
АҚШ Президенти Дональд Трамп, ҳатто, Оқ уйда ўтган журналистлар билан учрашувда тиббий ниқоб киймаяпти. У журналистларга ниқоб тақишни хоҳламаслигини айтган.
Ражаб Тойиб Эрдўған бошқараётган Туркияда аҳвол ҳавас қиларли даражада эмас. Мамлакатда коронавирусга чалинганлар сони 75 мингдан ошди. Лекин шу пайтгача давлат раҳбари тиббий ниқоб билан намоён бўлмади.
Буюк Британия Бош вазири Борис Жонсон коронавирусни бошдан ўтказган камдан-кам раҳбарлардан бири. Ҳозирча унинг аҳволи яхши эканлиги айтилмоқда. Коронавирусга чалинган бўлса ҳам бирон марта тиббий ниқоб кийганини кўрмадик.
Қўшни Қирғизистон Президенти Сооронбай Жээнбеков пандемия вақтида жамоатга кам кўриниш бераётган раҳбарлардан бири. Лекин унинг қабулига кирувчулар ушбу шахсий ҳимоя воситасидан фойдаланмоқда.
Италия ҳукумати раҳбари Жузеппе Конте ўзи бошқараётган давлатни коронавирус инқирозидан қутқариб қолиш учун бор имконияти билан ҳаракат қилмоқда. Афсуски, Италия ҳозирча энг кўп ўлим қайд этилган давлатлардан бири бўлиб турибди. Давлат раҳбарининг иши кўплигидан тиббий ниқоб кийишни унутаётган бўлса, не ажаб.
Эрон Ислом Республикасида ишлар анча яхши. У Хитойдан кейин коронавирус устидан қозонилган ғалабани нишонлайдиган давлат бўлишга яқин турибди. Ҳали коронавирусдан соғаймаган беморлар сони анча. Лекин мамлакат коронавирус билан касалланишнинг чўққисини аллақачон бошдан ўтказди. Мамалакат Президенти Ҳасан Руҳоний эса соғаяётган беморларни кўргани тиббий ниқобсиз бормоқда.