Умуман чет элга чиқмайдиган амалдор Боситхонова билан эксклюзив интервью (видео)
Интервью
−
07 Октябрь 2019
14234Хабарингиз бор, жорий йилнинг 14 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси олий Мажлиси Сенатининг 22-ялпи мажлиси бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палататаси Кенгаши ва Сенат Кенгашининг “Тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ўтказилишини тартибга солиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қўшма қарори қабул қилинди. Қарор билан Тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ўтказилишини тартибга солиш тўғрисидаги Низом тасдиқланди.
QALAMPIR.UZ кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлган мазкур қарор ва Низом хусусида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари – Республика Хотин-қизлар қўмитаси раиси Элмира Боситхонова билан суҳбатлашди. Мазкур суҳбатни қуйида ёки QALAMPIR.UZ’нинг YouTube’даги саҳифасида томоша қилишингиз мумкин.
Қамариддин Шайхов: — Шу кунларда мени ўйлантираётган бир савол бор. Тўйлар масаласи яна кун тартибига чиққандан кейин бир фикр келди: биз бу масалани муҳокама қилишни мавсумийлаштириб юбормайяпмизми? Ҳатто, Ҳукумат ёки Сенат даражасида...
Элмира Боситхонова: — Йўқ, бу галги муҳокамалар мавсумийлик кўринишидан йироқ. Негалигини мен сизга тушунтиришга ҳаракат қиламан. Авваламбор, дабдабага мойиллик охирги 20 йилда кун сайин ошиб боряпти. Мен болалигимдаги тўйларни эслайман: у қўни-қўшниларнинг иштирокида, қўшнининг битта товоқда пишириб келадиган чучвараси ёки қатламасига боғлиқ бўлган тўйлар эди. Биз бу тўйларда “скамейка”, кўрпача ташиб ёрдамлашардик. Булар тўй эгасини харажатдан деярли халос қиладиган жараёнлар эди. Кейинчалик тўйларга бўлган қизиқишлар уни янада бежашлар авж олди. Бунга мамлакатимизда тўй индустриясининг пайдо бўлгани ҳам сабаб бўлди. Тўйхоналарни ясатиш, тўйларни ташкил қилиш, алоҳида хизматлар кўрсатиш – буларнинг барчаси тўйларнинг дабдабали бўлиши ортидан даромад олишга қизиққан ташкилотларнинг кўпайиб боришиги ҳам сабаб бўлди. Охирги ярим йил ичида эса дабдабанинг янгича усуллари пайдо бўлаётгани аҳолининг, халқимизнинг эътирозларига сабаб бўлмоқда.
2017 йил – “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” деб эълон қилинганда, мен Соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари сифатида жуда кўп қабулларда иштирок этдим. Бюджет маблағлари етмагани, сарфлов материаллари, операцияни амалга ошириш учун дори-дармонга танқислиги, шифохоналар камлиги сабаб оғир касалликларга чалинган юзлаб болалар ёрдамга муҳтож эканига гувоҳ бўлдим. Давлатимиз раҳбари жамғармалар орқали миллиардлаб пул ажратиб бердилар. Бу пуллар ҳар бир болага тақсимланди. Улар операция қилинди ва жарроҳликдан кейин тузалиб кетди, ҳаётга соғлом бўлиб қайтди. Шу жараёнда шифокор сифатида миллий валютамизнинг ҳар бир сўми нақадар қимматли эканини сездим. Чунки, шу пуллар орқали бир боланинг ҳаёти сақлаб қолиняпти. Куни кеча ижтимоий тармоқда пулларни сочиб, унинг устида рақсга тушиш ҳолатларини кўрдим. Бу ҳолат менга шифокор ва она сифатида жуда оғир ботди.
Айниқса, онкологик шифохоналарнинг болалар даволанадиган бўлимига кирганингизда, онкологик касалликларга чалинган болаларнинг кўзларига қараб туриб, улар ҳаётни сиз ва мендан кўпроқ тушунишини кўрасиз. Улар қачон қайси дозадаги дорини қабул қилиши, қачон унга осма дори қўйилишини, қачон операция қилиниши ва бу операцияга нималар кераклигини, шифокорларнинг исм-шарифини ёддан билади. Уларнинг ўз ҳолатига бўлган жиддий муносабати ва ҳаётга бўлган умидлари нақадар баланд эканини кўриб ичингиз эзилади. Бу болаларнинг тепасида мижжа қоқмай ўтирган онанинг кўзларини эса ҳеч нарса билан таққослаб бўлмайди.
Маблағ масаласига келсак, у савобга эмас, тўйлардаги дабдабага хизмат қилиши – қадриятларимизни емирувчи энг биринчи ҳолат, деб ҳисоблайман. Жамият буни тўғри тушуняпти. Мактабга ҳам карнай-сурнай билан олиб бориш даражасига етиб келинаётгани одамларнинг эътирозини келтириб чиқаряпти.
Яқин ўртада Сенатнинг мажлиси фуқароларнинг талаби билан чақирилгани йўқ. Аммо, йигирма иккинчи ялпи мажлисда кўрилган иккита масаладан биттаси, яъни тўй-ҳашам ва ундаги дабдаба ҳақидаги Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Кенгаши ва Сенат Кенгашининг қўшма қарори аҳоли мурожаатлари асосида кўриб чиқилди. Таклиф, талаб, эътирозлар бўлавергани учун иккита палата жуда зудлик билан қарорни ишлаб чиқиб, уни қабул қилди. Бу ҳам бўлса, ислоҳотлар давридаги жамиятни Қонунчилик палатаси билан ҳамкорлиги, деб ҳисоблайман. Энди ижросида жамият иштирок этиши керак. Нафақат жамият, балки маҳалла, Хотин-қизлар қўмитаси, Ёшлар иттифоқи, “Нуроний” жамғармаси ва барча матасадди давлат идоралари иштирок этиши керак. Чунки қарорда солиқ, жавобгарликка тортиш масалалари ҳам кўтарилган. Қўшма қарор асосида қабул қилинган Низомда рақамлар белгиланди. Ўша рақамларга риоя қилиш жамиятимизнинг қонунларига ҳам риоя қилишда алоҳида роль ўйнаши керак.
Албатта, ҳаммаси босқичма-босқич боради. Биз аҳоли ўртасида бу қарор ва унинг Низомини тарғиб қилишимиз керак. Бу тарғиботлар катта-катта залларда эмас, аксинча, ҳар бир маҳаллада, кичик-кичик гуруҳларда, бўйи етган қизи, уйлантирмоқчи бўлган ўғли бор оилаларда, маҳаллланинг обрўли кексалари орасида бўлиши керак. Уларнинг маслаҳатлари минглаб одамларга таъсир этади. Қарорда айтилганки, аввал тушунтирилади, риоя этилиши мониторинг қилинади ва жамоатчилик назоратига олинади. Ана шу бандларни сўзсиз бажаришга жазм қилсак, қарор мавсумий бўлиб қолмай, қадриятларимизнинг тикланишига, доимий бўлишига ва бизни маънавий жиҳатдан парчаланишга олиб келаётган дабдабаларни бартараф этишга, албатта, кучимиз етади.
Қ.Ш: — Қарор жуда зудлик билан қабул қилинди, дедингиз. Унда халқнинг ижтимоий келиб чиқишига кўра таклифлари қанчалик ўз ифодасини топди? Бундан аввал Вазирлар Маҳкамаси томонидан қабул қилинган қарорлар, тасвиялар, эслатмаларда рад этиладиган жиҳатлар кўплиги айтилганди.
Э.Б.: — Бу саволга ўзингиз жавоб бердингиз. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, экспертлар, жамоатчилик вакиллари ва сенаторлар янги қарордаги ўзгартиш ва қўшимчаларни ўша қилинган ҳамма ҳужжатлардаги хатолик ва ютуқларимиз натижасида ҳам оператив қила олишди. Чунки, тажриба бор эди.
Қ.Ш: — Ҳеч чет элга чиқмайсиз. Менинг Швейцариям Қорақалпоғистоним деркансиз...
Э.Б.: — Қаердан билдингиз? (кулиб)
Қ.Ш: — Тор доирада айтгансиз бу гапларни. Хўш, хорижга чиқмайсиз, аммо бу борадага хорижда қўлланилаётган амалиётни қандай ўрганяпсиз? Чет элдаги ҳаётга, халқаро стандартларга мос яшашга интилаётган одамларга сизлар чиқарган қарор қанчалик тўғри келади?
Э.Б.: — Европа мамлакатларида, айниқса, оддий, меҳнати билан даромад топадиган, ўз муваффақиятини ҳисоб-китобларга асослаган оилаларда дабдабага умуман ўрин йўқ. Тўйларни улар бошқача тушунишади. Албатта, таниқли шахслар, шоу-бизнес вакиллари ўз тўйини дабдаба билан ўтказади. Ана ўша дабдабалар бизга кўчмоқда. Лекин, оила қадриятлари масаласида на Ғарб ва на Шарқ мамлакатлари бизга ўрнак бўла олмади. Бизнинг илдизимиз шунчалик чуқур, анъаналаримиз шу қадар гўзалки, миллий қадриятларимиз, оиладаги миллий тушунчалар биз учун муҳимроқ. Куни кеча Европанинг шимолий мамлакатларидан бирида аёл дарахтга турмушга чиқибди, деган хабарни ўқидим. У дарахтнинг номини ўзига фамилия қилиб олган. Бу қадриятлар, айнан оила қадриятлари пароканда бўлган мамлакатлардаги аҳвол. Улар оила анъанасини, оила нима учун қурилиши кераклигини унутган.
Қ.Ш: — Нима учун ажрим кўп бизда? Сиз айтгандек қадрият бор, ҳурмат бор, ота-она, оила, маҳалла бор...
Э.Б.: — Бу глобализациянинг энг оғир таъсирларидан биттаси. Дунё ҳамжамиятининг кўплаб вакиллари Ўзбекистонга келганида, уларнинг на иқтисодиётимизга, на қишлоқ хўжалигимизга ҳаваси келади. Улар эътироф этадиган ва ҳайратга соладиган биттагина нарса бор. У ҳам бўлса оила қадриятлари. Ўзбекнинг оила қадриятлари биз учун жуда ҳам қимматли деган фикрларни эшитганман. Сизларда ота-онага ҳурмат, оилани сақлаб қолишга интилиш кучли, деган фикрлари ҳақиқатан ҳам бизнинг қадриятларимиз кучли эканини яна бир бор менга исботлаб берди. Лекин биз глобализациянинг салбий таъсирига бўш келиб қоляпмиз. Европада ажримлар 70%гача етган мамлакатлар бор. Кореядаги ҳамкасбларимизнинг айтишича, у ерда ҳам ажримлар 75%ни ташкил этмоқда. Аёллар оиладан кўра карьерага қизиқиши, иложи бўлса фарзандларни камроқ туғиши, масалан, ё битта фарзанд, ё умуман фарзандсиз ўтиши бунинг омиллари. Кореялик ҳамкасбининг айтишича, аёлларнинг оиладан кўра ишга меҳри кўпроқ.
Ватанпарварликнинг биринчи босқичи – бу оила. Чунки, Ватан тушунчаси оила билан чамбарчас боғлиқ. Шунинг учу у оилада шаклланиши керак.
Франциялик аёллар менга айтишган эди: 60 ёшга тўлишдан жуда қўрқамиз. Чунки, 60 га яқинлашсак, фарзандларимиз бизни қариялар уйига топширишни кун тартибига қўйиб қўяди. Шунинг учун биз оила қадриятларимизни тиклашимиз учун ҳақиқий кенг кўламдаги ишларни бошлашимиз керак.
Бугун ажралиш даражасига келган оилаларда қиз тарафнинг онасига “сўрамаганмидингиз қандай оилага қиз бераётганингизни”, деган савол билан мурожаат қилсак, “кўзим кўр экан, ҳеч кимдан сўрамабман, келиб ўғлини мақтайверганига бериб юбораверибман” деган жавобни оламиз. Бундай гаплар бизнинг қадриятларимизда йўқ.
Қ.Ш: — Аслида энг яхши тафтиш – суриштирув...
Э.Б.: — Тўппа тўғри. Аввал бошидан оиласини мустаҳкам қилмоқчи бўлган инсон, кўйлакнинг қайси брендданлигини эмас, оиланинг қандай бўлишини ўйлайди.
Қ.Ш: — Ўзбекистондаги телеканалларда қизларни пардоз қилиб, косметолог, макияжчи, сартарош ҳузурига олиб бориб, оқ кўйлак кийдириб кўрадиган кўрсатувлар кўп. Яна уларни пардоз қилаётган ҳам, энг ёмони унинг кўйлагига баҳо бериб, “кўйлагингиз ундоқ, сочингиз бундоқ турибди, пардозингизни мана бундай қилишингиз керак эди”, деб изоҳ бериб турганлар ҳам эркаклар. Сиз бунга қандай қарайсиз?
Э.Б.: — Албатта, салбий! Бу масалада шу жараённи жадаллаштираётган ва бунинг ортидан даромад орттириб, миллий қадриятларимиз, оила қадриятларимизни парчалашга олиб келаётган ҳолатларда ўзларини эҳтиёт қилишларини илтимос қилган бўлар эдим. Ҳар бир инсон аввало ўзига, аҳли аёлига ва жамиятга фойда келтирадиган тижоратни танлаши керак.
Қ.Ш: — Шундай кўрсатувларни кўрганингизда она ва буви сифатида ичингиздан қандай ҳис кечади?
Э.Б.: — Айтганимдек, салбий. Оиланинг писохологик, иқтисодий, ҳуқуқий ва саломатлик борасида муаммолари бўлиши мумкин. Ана шу муаммоларнинг ечими ҳақида кўрсатувлар бўлса, яхши эди. Масалан, қайнона келинига қўлидан келмайдиган ишни буюрди. Бунинг психологик ечими қандай бўлади? Ана шунга ўхшаган мавзуларда психологлар билан суҳбатлар, ток-шоулар ўтказилса, мақсадга мувофиқ эди. Ёки ҳуқуқий масалаларни олиб қарайлик. Биласизми, ажримдаги кейинги парокандалик – алиментнинг нотўғри тўланиши, аёлнинг болалар билан кўчада қолиб кетиши, уларнинг ўзаро ҳақоратлар билан жанжаллашиши, бола талашиши, буларнинг ҳаммаси маънавий-ҳуқуқий кўрсатувларда очиб берилса эди.
Қ.Ш: — Суҳбат сўнгида яна қўшма қарорга қайтсак. Тўйларда қатнашасизми-йўқми, аммо давлат амалдорларининг орасида ҳам фалон пулга чет элдан санъаткор олиб келиб, кўргазма залларини безатиб тўй қилганларни ҳам биламиз. Ҳолбуки, қарор ва қонун чиқариш жараёнида ҳам улар энг бош ташаббускор. Биринчи бўлиб қўл кўтарадиган ҳам улар. Амал қилишга келганда, ўз фарзандлари тўйида амал қилмайдилар.
Э.Б.: — Касбий мажбуриятларим нуқтаи назаридан ҳозир ижтимоий тармоқларнинг ҳаммасини кузатаман, кўриб бораман. Назоратимда! Соғлиқни сақлаш вазирлигидан Хотин-қизлар қўмитасига ўтганимдан кейин ахборот максимал равишда кўпайди. Сиз айтган гапларга кўзим тушади. Қўшма қарор қабул қилингандан кейин, энди лавозим эгалари, амалдорлар ҳам амал қилади. Қарорда маҳалла раисига катта ваколатлар берилди. Маҳалла раиси ўз маҳалласи ҳудудида бўлаётган тўйга ўз муносабатини билдирса, ўша амалдорнинг ҳам раҳбари у қилган тўй юзасидан муносабатини билдирса, албатта, лавозим эгалари ҳам чорадан четда қолмайди. Ва ўйлайманки, бу қўшма қарорнинг барча бандларига риоя қилиш чораларини кўради.
LiveБарчаси