Элмира Боситхонова оналар ўлимини камайтиришга ваъда берди
Саломатлик
−
14 Ноябрь 2023
6958Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирининг Оналик ва болаликни муҳофаза қилиш бўйича ўринбосари Элмира Боситхонова Олий Мажлис депутатларига сўз бериб, 2030 йилга келиб мамлакатда оналар ва гўдаклар ўлимини 2 бараварга камайтиришни ваъда қилди. Бу ҳақда у Қонунчилик палатасининг бугун, 14 ноябрь куни бўлиб ўтган мажлисида гапирди.
Гап шундаки, йиғилишда Соғлиқни сақлаш вазири Амрилло Иноятов 2023 йилнинг январь – сентябрь ойларида амалга оширилган ишлар бўйича ҳисобот берди. Ҳисоботда қайд этилишича, Ўзбекистонда оналар ўлими кўрсаткичи 100 минг тирик туғилишга нисбатан 14,1 фоизни ташкил этиб, 2022 йилнинг мос даврига нисбатан 1 фоизга ошган.
Депутатлар мажлисда қатнашаётган ССВ вакилларига юзланиб, оналар ўлимига олиб келаётган асосий сабаблар бўйича ҳисоб сўради. Йиғилишда иштирок этаётган Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Элмира Боситхонованинг фикрича, оналар ўлимига уч омил сабаб бўлмоқда.
“Бугунги кунда гўдаклар ўлими камайган, лекин 9 ойда оналар ўлимининг кўпайгани бўйича биз ҳар бирини таҳлил қилдик ва бу уч йўналишдаги камчиликларимиз ҳисобига:
• биринчи муаммо – оилада туғиш ёшидаги аёлллар ва ҳомиладорларга бўлган муносабат ва аёлнинг ўз саломатлигига бўлган муносабати;
• иккинчи муаммо – амбулатор тизимда тиббий бригада томонидан ҳар бир ҳомиладор ва ҳар бир туғиш ёшидаги аёлни қамраб олишдаги хатоларимиз, камчиликларимиз;
• учинчи муаммо – туғуруқ комплексларимиздаги шифокорларимиз оғир ҳолатларда энг замонавий протоколларга риоя қилишдаги камчиликлари”, дейди вазир ўринбосари.
Унинг қайд этишича, 2024 йилдан тизимга 8,5 минг нафар бирламчи тизим дояси штат бирлиги киритилди.
“Бу жуда муҳим масала. Давлатимиз раҳбари Қашқадарёга ташрифда ҳам дояларни халқаро сертификат олиш учун тайёрлаш бўйича топшириқ бердилар”, дейди Боситхонова.
Унинг қўшимча қилишичав, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида ўзбекистонлик 200 дан ортиқ анестезиолог-реаниматолог, акушер-генеколог, неонатолог Москвадаги академик В.И.Кулаков номидаги акушерлик, гинекология ва перинатология миллий тиббий тадқиқот марказида ўқиб келган. Айни вақтда ҳам ўнлаб тиббиёт ходимлари хорижда малака оширмоқда.
Эмира Боситхонова сўзида давом этаркан, депутатларга қуйидагича ваъда берди:
“Ҳар бир оналар ўлими ҳолати вазирликнинг эътибори марказида. Мен депутатлар олдида сўз бераман: биз 2030 йилда давлатимиз раҳбари томонидан белгиланган маррага, яъни оналар ва гўдаклар ўлимини 2 баравар камайтиришга тўлиқ эришамиз”.
Оналар ўлими бўйича рақамларнинг 2022 йилга нисбатан ўсиш ҳолатлари ҳудудлар кесимида қуйидагича:
• Қорақалпоғистон Республикасида – 13 фоиздан 24,7 фоизга;
• Андижон вилоятида – 7,9 фоиздан 13,6 фоизга;
• Сирдарё вилоятида – 11,6 фоиздан 45,6 фоизга;
• Тошкент шаҳрида – 11 фоиздан 15,7 фоизга;
• Самарқанд вилоятида – 7,3 фоиздан 12,9 фоизга ошган.
Эслатиб ўтамиз, 2022 йилда Ўзбекистон гўдаклар ўлими рейтингида 193 та мамлакат орасида 113-ўринни эгаллаганди.
LiveБарчаси