Ўзбекистонда чақалоқлар ва аёллар ўлими ортяпти
Жамият
−
08 Апрель 2022
10503Ўзбекистон гўдаклар ўлими рейтингида 193 та мамлакат орасида 113-ўринни эгалламоқда. Қолаверса, мамлакатда оналар ва гўдаклар ўлими сезиларли даражада ортган. Бу ҳақда жорий йилнинг 5 апрель куни Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаши мажлисида Сенатнинг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси раиси Одилжон Иминов маълум қилди.
“Соғлиқни сақлаш соҳасида ижобий ишлар қилинмоқда, аммо муаммолар ҳам йўқ эмас. Уларнинг энг каттаси кейинги бир йил ичида оналар ўлимининг 6 фоизга ўсишидир. Гўдаклар ўлими эса 12,6 промиллени ташкил этяпти. Бу жаҳон миқёсидаги юқори кўрсаткичлардан бири бўлиб қоляпти. Ўзбекистон гўдаклар ўлими рейтингида 193 та мамлакат орасида 113-ўринда туради. Соҳада алкоголь истеъмол қилувчиларнинг миқдори ҳам 8 фоизга ошган. Кейинги икки йил ичида наркотик истеъмол қилувчилар миқдори ҳам юқорилаган”, дейди сенатор.
Одилжон Иминовга кўра, бугунги кунда йўл транспорт ҳодисаси ёки турли бахтсиз ҳодисалар оқибатидаги ўлим ҳолатлари кўрсаткичи ҳам ачинарли тус олмоқда.
“ЙТҲ ёки бошқа бахтсиз ҳодисалар оқибатида вафот этаётганлар кўрсаткичи ҳам 20 фоиздан 23 фоизга кўтарилган. Бу натижалар коррупцияга тўғридан-тўғри тааллуқли бўлмаса ҳам соғлиқни сақлаш соҳасида коррупциоген ҳолатларнинг мавжудлиги ўзининг салбий таъсирини кўрсатганини билиш мумкин”, дейди Иминов
Сенаторнинг сўзларига кўра, соғлиқни сақлаш соҳасида “Коррупцияга қарши курашишни такомиллаштириш ва коррупциясиз соҳа лойиҳасини амалга ошириш” бўйича қабул қилинган 25 банддан иборат йўл харитасининг жуда кўп қисимлари деярли бажарилмай келмоқда.
2021 йилда 5 483 нафар шахсга нисбатан 3 769 та коррупциявий жиноят ишлари судларга оширилган. Яъни судга юборилган жиноят ишлари ҳамда жавобгарликка тортилган шахслар сони ўртача 3 бараварга кўпайган.
Судларга юборилган жиноят ишларининг ҳар учтадан биттаси соғлиқни сақлаш, таълим ва банк тизими ходимлари томонидан содир этилган.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимида сўнгги икки йилда 732 нафар шахс коррупциявий жиноятлар содир этганликда айбдор деб топилган. Хусусан, агар 2020 йилда 302 нафар шахс коррупциявий жиноят содир этган бўлса, 2021 йилда уларнинг сони 430 нафарга етган.
LiveБарчаси