Яна бечора камбағаллар жабр тортади – Муслимбек Йўлдошев тўйлар ҳақидаги қарорни қоралади
Жамият
−
24 Сентябрь 2019
30841Хабарингиз бор, жорий йилнинг 14 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Кенгаши ва Сенат Кенгашининг “Тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумларнинг хотирасига бағишланган тадбирлар ўтказилишини тартибга солиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қўшма қарори қабул қилинди. Ушбу қарор 2020 йилнинг 1 январидан кучга киради.
Айни вақтда мазкур қарор ва ундаги чекловлар кўплаб баҳс-мунозараларга сабаб бўлмоқда. Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими, таниқли диктор Муслимбек Йўлдошев ижтимоий тармоқларда тўйлардаги дабдабани қарор билан эмас, қонун билан жиловлаш кераклигини айтди. Йўлдошевга кўра, қарордан яна камбағаллар зарар кўради.
“Назаримда, Олий Мажлис Сенати чиқарган Қарордан ҳам бирор фойда чиқмаса керак. Бошланиши яхши. Аммо бу ҳам аввалги ҳаракат ва интилишларга ўхшаб қумга сингиб кетадиёв! Эсингизда бўлса, Каримов замонида ҳам бу масала бир неча бор кўтарилган, газеталар роса жар солган, бутун-бутун саҳифалар тўйларни ихчамлаштириш ҳақидаги мақолаларга тўлиб кетган эди. Эфирда-радиоми, телевидениеми- давра суҳбатлари кетма-кет уюштирилган эди. Кейин, кейин... Тошкент шаҳар ҳокимиятининг ТАВСИЯСИ эълон қилиниши билан тугади. Шаҳар транспортининг ҳар бурчига бу тавсиялар ёпиштириб қўйилди. Халқ бу тавсияни бир тийинга олгани йўқ. Олмайди ҳам. Биз ўзбеклармиз-ку! Ўзимга ўзим бекман, “ҳокиминг ким бўпти!” қабилида яшаймиз. Бу гал ҳам худди шу аҳвол бўлади”, деб ёзади диктор.
Муслимбек Йўлдошев сўзида давом этаркан, чекловларни қарор кўринишида эмас, балки Қонун сифатида ишлаб чиқариш ва аниқ жазолар белгилаш ғоясини илгари суради:
“Бу Қарорни нега бир йўла Қонун қилиб чиқариша қолмайди? Қонун бу қонунда! Шунчаки қарорни четлаб ўтса, бу бир оз жарима бўлади қўяди! 100 миллион сўмга давлат рақамини сотиб олиб, машинасига илаётганлар учун бу жарималар бир тупуриб қўйгандек иш. Ресторан харажатларини 2 баробар тўлатганда ҳам уларни чивин чаққандай бўлмайди. Яна ким жабр тортади? Бечора камбағаллар. Тўйига адашиб келиб қолган узоқ қариндошлари жаззасига миллионлаб жарима тўлаб, банкрот бўлади шўрлик.
Агар Қонун бўлса бу бошқа гап! Қонунда моддалар, примлар, бандлар бўлади. Ҳар қандай меъёрдан чиқиш Қонунни бузиш, менсимаслик, жиноят деб баҳоланади. Ўшанда озодликдан маҳрум қилиш, ёки шунга тенглаштирилган жазо турлари қўлланилиши кўзда тутилса, одамлар тартибга келишга мажбур бўладилар”.
Йўлдошевнинг фикрича, Ўзбекистон халқини яхши гап билан, ташвиқот билан йўлга солиб бўлмайди.
“Бизнинг халқни яхши гап билан, тушунтириш ишлари билан, онгига таъсир қилиб йўлга солиб бўлмайди. Уни қўрқитиш, жазолаш керак. Наҳотки юз йилдан бери шу тўй ва жаноза билан боғлиқ номаъқулчиликларни тартибга сололмасак а?! Наҳотки? Қодирий, Беҳбудийлар, Авлонийлар ... ҳамма жадидлар бошлаган шу муаммони ҳали-ҳануз бартараф этолмаймиз. Буни фақат ва фақат ҚОНУН йўли билан бартараф этиш мумкин. Буни фақат жуда- жуда исташимиз керак. Тепадагилар исташи керак, узил-кесил, мардона қарор қилишлари керак. Келажак авлодлар биздан жуда-жуда миннатдор бўладилар. Халқ ҳам оёғидаги ботмон дахсарларидан қутилиб, бир енгил нафас олади. Ўлиб кетадиган дунёда топганини тўй куни сочма-сочарлик қилиш учунмас, бирор эзгу мақсадларига ишлата бошлайди. Яна билмасам, гапим кимга ёқиб, кимга ёқмаслиги аниқ. Шунинг учун буни бир ҳафталик кампания эмас, узоқ вақт давом этадиган мунозаралар, баҳслар, мантиқий таҳлиллар, иқтисодий хулосалар натижасида ўртада дастурхон қилиш орқали ҳал этилгани яхши эди”, дейди Муслимбек Йўлдошев.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ 1917 йилда “Шўройи ислом” ташкилотининг айнан тўй-ҳашамлар, маърака ва маросимлар, оилавий тадбирларни ортиқча сарф-харажатсиз ўтказиш юзасидан чиқарган қарорномасини эълон қилган эдик. 102 йил аввалги қарорномада ўша вақтда давом этаётган даҳшатли уруш, очарчилик даврида кўпчилик оилалар фақирликда кун кечираётгани, озиқ-овқат топа олмаётган бир пайтда айрим оилалар ўтказаётган тадбир ва маросимларда исроф бўлаётгани айтилади.
Кўриниб турибдики, мамлакатдаги мазкур масала ижтимоий муаммо сифатида сиёсий майдонга кўтарилганига ва яшаб келаётганига 100 йилдан ошган.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь