Ўзбекистонда қанча вояга етмаган қиз ҳомиладор бўлиб қолгани нега яшириляпти? Вазият шу қадар жиддийми?
Жамият
−
01 Декабрь 2021
23446Жорий йилнинг 29 ноябрь куни Олий Мажлис Сенатининг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитасининг Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборотини эшитишга бағишланган йиғилишида QALAMPIR.UZ Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Элмира Боситхоновадан 2021 йил Ўзбекистонда қанча вояга етмаган қиз она бўлгани ҳақида сўради.
“Эрта турмуш ва эрта туғруқ фақатгина ССВ тизимининг эмас, балки оила, жамият, маҳалла ва Халқ таълими вазирлигининг ҳам муаммосидир. Мен бу масала бўйича узоқ вақт дунё тажрибасини ўрганганман. Дунё мамлакатларида бу йўналиш иккига бўлинади. Биринчи йўналиш: эрта туғруғи кўп бўлган мамлакатлар. Қизлар тарбиясидаги эркинлик, эрта етилиш. Бу борада ҳеч қандай миллий ва оила қадриятлари, тарбия масалалари йўқ. У ерда эрта туғруқ даражаси жуда баланд. Иккинчи йўналиш, Африка мамлакатларида 11, 12 ёш қизларни эрта турмушга бериб юборишади.
Ўзбекистон эрта туғруқ бўйича 200 та мамлакат ичида 150-ўринларда туради. Лекин бу дегани бизда бу ҳолатлар бўлмайди, кузатилмайди дегани эмас. Эрта туғруқ ва эрта турмуш нафақат ССВда балки Сенатда ҳам алоҳида ўрганилади. Мен бу борада бир неча бор ахборот ҳам берганман. Ростини айтсам, ҳозир аниқ рақам эсимда йўқ”, деб жавоб берди Элмира Боситхонова.
Шу ўринда, Сенатнинг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси раиси Малика Қодирхонова Боситхонованинг жавобига қўшимча равишда ўзида тегишли статистикалар борлигини очиқлади.
“Биз бу бўйича маълумот олганмиз. Агар боғлансангиз, берамиз. 2020 ва 2021 йиллар бу ҳолат қайси ҳудудда камайгани ва қайсида кўпайганини солиштириб чиққанмиз", деганди Қодирхонова.
QALAMPIR.UZ статистика маълумотларини олиш мақсадида Сенатнинг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси билан боғланиб, қўмита раиси Малика Қодирхонова беришни айтган маълумотларни сўради. Қўмитадан телефон орқали жавоб берган шахс, бу масалада Малика Қодирхонова билан гаплашгани, аммо қўмитада эрта туғруқ ҳақидаги маълумотлар бўлса-да, бу статистикани бера олмаслигини маълум қилди. Қўмита вакили бу рақамларнинг ошкор қилиниши Ўзбекистоннинг имижига салбий таъсир қилиши мумкинлигини айтиб, қутулди.
Бугун очиқ-ошкоралик, ҳақиқат ҳақида бот-бот гапирилаётган бир пайтда, парламентда фаолият олиб бораётган сенаторнинг баъзи статистик ҳисобларни сир сақлаши, ўзлари маълумот беришни айтиб, кейинроқ бундан бош тортиши нечоғлик тўғри? Сенат қўмитаси Ўзбекистон имижи ҳақида қайғурар экан, вазиятни очиқлаб, одамларнинг кўзини очиши керак эмасми?
LiveБарчаси