Жумбоқли жаноза, Грузияда тинмаётган намойишлар, Ўзбекистонга келаётган Путин – Ҳафта таҳлили
Таҳлил
−
25 Май
24844“Ўлгани яхши бўлди. Энди Эрон халқи ҳам, дунё ҳам янада яхшироқ кун кўради”. Бу АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкеннинг Эрон Президенти Иброҳим Раисийнинг вафотига нисбатан билдирган муносабати. Яхшими ё ёмон, Эрон Президенти вафот этди ва у вафоти билан ҳам тарихга кирди. У қабрга қўйилган кунданоқ ўнлаб фильмлар, илмий ишлар, журналистик материалларнинг асосий мавзусига айланди. Фожианинг асл сабаблари очилса ҳам, очилмаса ҳам марҳумнинг фожиавий вафотига нисбатан муносабат ўзгармайди, бузуқ вертолёт бўлсин ёки нобоп об-ҳаво, ёхуд янада яқинроғи шафқатсиз сиёсатнинг қурбони бўлгани ҳақида гапирилди, ҳали кўп гапирилади. QALAMPIR.UZ’да ҳафтанинг энг муҳим воқеалари ва асримизнинг энг муҳим жанозасини жамлаган Ҳафта воқеалари таҳлили.
Иброҳим Раисий вафоти ва у қандай рўй берди
Ҳафта давомида эшитавериб қулоқларингиз қоматга келган бўлса-да, яна бир бор Иброҳим Раисий вафоти ва у қандай рўй берганига тўхталиб, унинг майда деталларигача синчиклаб ўрганиб чиқсак. Зотан, Эрон халқи тош кўмгани йўқ, бутун бошли Президент, керак бўлса мамлакатнинг келажакдаги олий диний раҳбари сифатида кўриладиган шахс вафот этди.
19 май куни Эроннинг Шарқий Озарбайжон вилоятида Эрон Президенти ўтирган вертолёт ҳалокатга учради. Қурбонлар орасида Ташқи ишлар вазири Ҳусайн Амир Абдуллоҳиён, Шарқий Озарбайжон вилояти ҳокими Малик Раҳмати ва Табриз шаҳрининг имоми Муҳаммад Али Але Ҳошем ҳам бўлган.
Қўйнидан тўкилса, қўнжига деганларидек, шоҳ ўлди, яшасин янги шоҳ! Эроннинг амалдаги вице-президенти Муҳаммад Мохбер вақтинчалик Эрон Президенти бўлди. Эрон Ташқи ишлар вазири ўринбосари Али Багери Кани вазир лавозимини эгаллади. Эрон олий диний раҳбари Оятуллоҳ Али Хоманаий Президент Иброҳим Раисий ва унинг ҳамроҳлари вертолёт ҳалокатида вафот этгани муносабати билан 5 кунлик мотам эълон қилди. Марҳумлар билан видолашув маросими 21 май куни Табриз шаҳрида бўлиб ўтди. Навбатдан ташқари сайлов жорий йилнинг 28 июнига белгиланди.
Бир қатор мамлакатлар Раисий учун аза тутди. Покистон, Ливан, Сурия ва Ироқ каби мамлакатлар бор. Шунингдек, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Нью-Йоркдаги бош қароргоҳи ва Женевадаги офисида БМТ байроғи ярмига туширилди. Бу эса америкалик сиёсатчиларнинг ғазабини қўзитгандан қўзитди. Бунга бироздан кейин тўхталамиз.
Раисий сирли ўлимининг асосий тафсилотлари
Энди Раисийнинг сирли ўлими асосий тафсилотларига келсак. Эрон расмийлари томонидан билдирилишича, Иброҳим Раисий бўлган вертолёт “қийин қўнишни” амалга ошириши оқибатида ҳалокатга учраган.
Дастлаб маҳаллий ОАВ Иброҳим Раисийнинг ҳалокатга учраган вертолёти 2 соат ўтиб ҳам топилмаганини эълон қилди. Хабарларга кўра, вертолёт қулаган жойни ахтаришга бир неча соат кетган.
Орадан вақт ўтиб, маҳаллий ОАВ вертолёт Варзеган умумий ҳудудида ҳалокатга учрагани ва воқеа жойига Шарқий Озарбайжон, Ардабил ва Занжон вилоятларининг тезкор жавоб гуруҳлари етиб борганини маълум қилди. Шунингдек, Ироқ 20 кишидан иборат 4 қутқарув гуруҳи, Туркия 32 нафар қутқарувчи ва 6 та махсус техника, Россия 2 та вертолёт ва 50 нафар қутқарувчини Эрон Президенти Иброҳим Раисийни қидиришга ёрдам бериш учун юборган. Шунча ёрдамни олган Эрон эса охир-оқибат “ҳеч ким ёрдам бермади, ўзимиз топдик”, дегандек гап билан чиқди. Бунга ҳам тўхталамиз. Шошмай туринг. Ҳа, дарвоқе, ёрдам бериш таклифи билан чиққанлар орасида Ўзбекистон ҳам бор. Тошкент ёрдам юбормади, фақат кўнгил сўраб, таклиф билдирди, холос.
Ҳали жасадлар топилмай, эй йўғ-эй Президентнинг тириги ё ўлиги жамоатчиликка маълум бўлмай туриб, Эроннинг олий раҳбари Оятуллоҳ Али Хоманаий фавқулодда вазиятдан кейинги биринчи баёнотини бериб, Эрон халқига хавотир олмасликни айтиб, мамлакат ҳукумати фаолиятида ҳеч қандай тўхталишлар бўлмаслигини билдирди.
20 май. Куннинг биринчи ярмида Президент Раисий ва унинг сафдошлари жон бергани расман эълон қилинди.Эронга таъзия билдирганлар орасида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ҳам бор.У Эрон Олий диний раҳбари Оятуллоҳ Али Хоманаийга ҳамдардлик мактубини йўллади ва 21 май куни Эроннинг Тошкентдаги элчихонасига бориб, ҳамдардлик қайдини қолдирди.
Раисийнинг жасадини ким топди? Туркиями ёки Эрон?
Ана энди келайлик Эроннинг Раисийнинг ўлигини ўзимиз топдик, деган баёнотига. Гап шундаки, турк матбуоти Раисий ва бошқаларнинг жасадини Туркияда Президент Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг куёви Селчук Байроқдор бошчилигида ишлаб чиқарилган Akıncı дронлари ёрдамида топилгани ҳақида воқеа рўй берган жойдан бонг урди. Куёв бўлмиш ҳам буни тасдиқлаб, “CNN Türk” телеканалига ғоз туриб интервью берди.
Куёв Байроқдорга кўра, қидирув ишлари ўта ноқулай об-ҳаво шароитида, баъзан шамол тезлиги 160 км/соатга етган вазиятда ўтказилган. Шунга қарамай, дрон суратга олиш ва Туркия Қуролли кучлари қўмондонлиги ва Эрон расмийларига етказиш учун тахминан 100 метр баландликкача пастлай олган.
Президент Эрдўған эса Вазирлар Маҳкамаси йиғилишидан сўнг халққа мурожаат қилиб, Akıncı’нинг 7 ярим соат давомида қидирув фаолиятида қатнашганини, жами 2,1 минг км масофани босиб ўтганини айтди.
Аммо Эрон томони буни тан олмади. Эрон Ислом Республикаси Бош штаби томонидан эълон қилинган баёнотда айтилишича, Раисий ўтирган вертолёт қулаган жойни турк дронлари эмас, балки Эрон дронлари аниқлаганмиш.
Қайд этилишича, дастлаб турклар томонидан ҳалокат содир бўлган ҳудудга жўнатилган учувчисиз самолёт булутлар туфайли ерни аниқлаш учун зарур асбоб-ускуналар йўқлиги сабабли вертолёт қулаган жойнинг координаталарини тўғри хабар қила олмаган ва ниҳоят Туркияга қайтган.
Хўш, кимга ишониш керак? Раисийни топдим деб айтаётган ва ёрдамга зудлик билан етиб борган Туркиягами ёки Эронгами?
Раисий ўлими ҳақида АҚШ ва Россия нима дейди?
Хўш, боя гап бошлагандим, чала қолди. Навбат келди Блинкен акамизга!
20 май куни АҚШ Давлат департаменти матбуот котиби Мэттью Миллер одатий матбуот анжуманида Вашингтон Президент Раисий ва унинг ҳамроҳлари вафоти муносабати билан Эронга расмий ҳамдардлик билдиришини айтди. Ана энди кўринг томошани. Ҳаммаси шундан кейин бошланди. 21 май куни Конгресс Сенатининг Ташқи алоқалар қўмитасидаги тингловга борган Энтони Блинкенни сенаторлар қош-қовоқ қилиб кутиб олди.
Сенатор Тед Круз Давлат департаменти Раисий вафоти муносабати билан ҳамдардлик билдирганига эътироз билдирди. Блинкен эса ўзига сўз тегиши биланоқ АҚШ Эрон Президенти учун аза очмаслигини айтишга улгурди.
Круз айни пайтда Раисийнинг вафоти муносабати билан БМТнинг Женевадаги штаб-квартирасидаги байроқлар мотам белгиси сифатида ярмига туширилганини шармандалик деб атади. У Блинкендан Раисийнинг ўлимидан сўнг дунё яхшироқ бўлишига ишонасизми, деб сўради.
“Унинг Президент сифатидаги даҳшатли хатти-ҳаракатлари ва уларда энди иштирок эта олмаслигини инобатга олсак, ҳа. Эрон халқи, эҳтимол, яхшироқ аҳволдадир”, деб жавоб берган АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен.
Ўз навбатида, сенатор Жон Баррассо (Вайоминг штатидан республикачи) ҳам Давлат департаментини ҳамдардлик билдиргани учун танқид қилиб, қарорни ҳайратланарли деб атади ва уни “даҳшатли хато” деб таърифлади.
“Биз расмий ҳамдардлик билдирдик, биз буни давлатлар, улар бизга қарши ё йўқ, душманми ёки акси, етакчиларини йўқотганда қиламиз”, деб жавоб берган Блинкен.
Ҳар балодан хабардор ва у муносабат билдирмайдиган ҳеч нарса қолмайдиган Россия Президенти Матбуот котиби Дмитрий Песков эса Блинкеннинг Раисийнинг ўлимидан мамнуният билдирган баёнотига жавоб қилди. Унинг айтишича, Блинкен бу гапни ўзига эп кўрганига ишониш қийин, бу ноқулай ва ғалати баёнот.
Бу орада эса дунёнинг кўплаб сиёсатчилари Раисийнинг вафотига сабаб бўлган фожиани текширишга чақирди. Улар орасида Туркиядан “Миллатчи Ҳаракат” партияси раиси Давлат Боғчали ҳам бор. Ага-а-а-а-р, Раисийнинг ўлигини бизнинг куёв чиқарган дрон топмаган бўлса, қани бир БМТ текширув ўтказсин-чи, дегандек, БМТдан тергов ўтказиш учун мустақил комиссия йиғишни сўради.
“Вертолётнинг қулаши оқибатида Эрон Президенти ва бортдагилар ҳалок бўлди. Бу бахтсиз ҳодисами ёки саботажми, билмайман, лекин минтақа тинчлиги учун имкон қадар тезроқ ҳақиқат ошкор этилиши шарт”, дейди Давлат Боғчали.
Қаторга Владимир Путин ҳам қўшилди. У Раисий ҳалок бўлган самолёт ҳалокатини тергов қилишда ёрдам беришга тайёрлигига ишонтирди. Путин Раисийнинг вафотидан чуқур қайғуга тушганини ифода этса ҳам, буни катта йўқотиш деб билса ҳам, таъзияга ҳам, дафн маросимига ҳам бормади. Мамлакат номидан Россия давлат раҳбари Давлат Думаси раиси Вячеслав Володин борди. Ўзбекистон номидан эса Олий Мажлис қонунчилик палатаси раиси Нурдинжон Исмоилов бошчилигидаги делегация қатнашди.
Маросимда 10 та давлатнинг Президент ва Бош вазирлари, 20 та давлатнинг вазирлари иштирок этди. Яна 20 га яқин давлат парламент спикери ёки махсус вакиллар даражасида расмийлар маросимда қатнашди. Президентлар қаторида Марказий Осиёдан Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон ҳам бор. У Раисий билан қанчалик яқин бўлгани ёки Тожикистон-Эрон муносабатлари ҳақида бир нарса дейиш қийину лекин биз билан Имомали Раҳмон ҳатто узоқ йиллар ола қараш қилиб юрган одамларининг ҳам жанозасидан қолмайди. Яққол мисол Ўзбекистон биринчи президенти Ислом Каримовнинг вафоти.
Эй, тўхтанг! Гап билан бўлиб “Толибон” ва ҲАМАСни унутибман. Дафн маросимида қатнашиш учун Теҳронга “Толибон” муваққат Ҳукумати бош вазири ўринбосари Абдул Ғани Бародар ва ташқи ишлар вазири Амир Хон Муттақий, шунингдек, ҲАМАС сиёсий идораси раҳбари Исмоил Хония келди. Ўша ерда томонлар қисқа учрашув ўтказиб, гаплашиб олган.
Эрон Президенти Иброҳим Раисий 23 май куни ўзи туғилиб ўсган Машҳад шаҳридаги Имом Ризо мақбарасига дафн қилинди. Ташқи ишлар вазири Ҳусайн Амир Абдуллоҳиён эса Теҳрон яқинидаги Рей шаҳридаги Абдол Азим зиёратгоҳига дафн этилган.
Раисий бўлган вертолётнинг қулашига об-ҳаво шароити сабаб бўлганми?
Эронлик қиз Маҳса Аминининг вафотини эслайсизми? Шу қиз рўмолни нотўғри ўрагани учун ахлоқ полицияси томонидан ҳибсга олинган ва қамоқда вафот этган. Унинг қариндошлари қиз қийноқлар оқибатида вафот этганини айтиб чиққанди. Бунинг ортидан мамлакатда норозилик намойишлари тинмади, нафақат аёллар, балки эркаклар ҳам бош кўтарди. Ҳукумат нима қилди? Масалани ёш қизнинг вафот этиши билан боғламади, аксинча, бу намойишлар ортида АҚШ турганини, Ғарб Эрондаги тинчликка рахна солаётганини айтиб чиқди. Одатда бундай воқеаларда дарров Ғарбни айблайдиган Эроннинг Раисий ўлимида негадир сукут қилаётгани, АҚШга тегинмаётгани кўплаб саволларни ўртага чиқармоқда. Аввалига ҳукуматпараст ОАВлар расмийларга таяниб, вертолётнинг қулашига ноқулай об-ҳаво шароити сабаб бўлганини айтган эди. Кейинроқ бу тахмин расман рад этилди.
Эрон Президенти маъмурияти раҳбари Ғулом-Ҳусайн Исмоилий ҳалокат куни об-ҳаво шароити нормал бўлганини айтди.
"Бу туман эмас эди. Эҳтимол, дарада чуқур туман бор эди, лекин парвоз йўлимиз бўйлаб туман йўқ эди. Булутлар вертолётдан бироз баландроқ эди. Бортида Президент бўлган вертолёт учувчиси қўмондон сифатида бизга баландликка кўтарилиш ва булутлар устида ҳаракатланишни давом эттириш бўйича кўрсатмалар берди. Вертолётлар баландликни оширди ва тахминан 30 сониядан сўнг учувчимиз Президентнинг вертолёти йўқолганини англади”, дейди Исмоилий.
Агар гап об-ҳавода бўлмаса, қоляпти яна бир вариант: техник носозлик. Хўш, ўзи Раисий қайси вертолётда кетаётган эди? Бу АҚШда ишлаб чиқарилган Bell 212. Ҳа, нотўғри эшитмадингиз. Эрон АҚШ билан жиққамушт, лекин президент АҚШ вертолётида учади.
Экспертларнинг фикрича, Эрон Президенти учган ва ҳалокатга учраган Bell-212 ишончли, аммо эски вертолёт бўлган. Унинг қийин об-ҳаво шароитида тўсиқларни аниқлай оладиган радари ҳам бўлмаган. Агар вертолётда шундай радар бўлса, у тўсиқни кўриб, унинг атрофидан учиб ўтарди.
Яна шубҳали томони шундаки, Президент Раисий одатда Россиянинг Ми-171 вертолётида учган (Ми-8 нинг янги двигателлар ва электрон жиҳозлар билан модификацияси). Нега бу сафар Bell-212 да сафарга чиққани сабаблари номаълум.
Россияда хизмат кўрсатган учувчи Вадим Базикиннинг фикрича, Bell-212 эски, аммо ишончли вертолёт бўлиб, у ҳар қандай об-ҳавода уча олади.
“Бундай вертолётларни олий мансабдор шахсларни ташиш учун олишга ким қарор қилганини билмайман, лекин Президент ҳар доим биринчи тоифали эҳтиёт қисмлар билан учади, капитал таъмирдан кейин унинг двигателлари йўқ. Ҳамма нарса янги ўрнатилиши керак. Эрон узоқ вақтдан бери санкцияларга дош беришни ва ҳамма нарсани ишончли бажаришни ўрганган, учувчиларимиз Эронда ишлаган, у ерда авиация хавфсизлиги тизими аъло даражада”, дейди Вадим Базикин.
Базикиннинг фикрича, Эрон Президенти вертолётининг ҳалокатига инсон омили, учувчи хатоси сабаб бўлган. Унинг сўзларига кўра, вертолёт ҳар қандай об-ҳавода аэропортга қўна олади ва учувчи жуда юқори малакага эга бўлиши шарт эмас, чунки бу ҳолатда автоматлаштириш ишлайди.
1979 йил бошида Ислом инқилобидан олдин бир неча ўнлаб Bell 206, 212 ва 214 моделидаги вертолётларнинг энг йирик мижозларидан бири Эрон бўлган. Эронга етказиб берилган Bell-212 вертолётларининг бир қисми Италиянинг Agusta компанияси томонидан ишлаб чиқарилган. Эронда эса 1979 йилдан кейин ишлаб чиқарилган Америка вертолётлари йўқлиги айтилади. Шундан келиб чиқилса, мамлакатнинг энг мартабали шахси 45 йиллик вертолётга ўтирган ё ўтказилган. 45 йил эса вертолётлар хавфсизлиги учун узоқ муддат.
Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавровнинг айтишича, Раисийнинг ўлимига АҚШ айбдор. Нега дейсизми? Лавровга ишонсак, Вашингтон авиация саноатига қарши санкциялар жорий этилган мамлакатларга атайлаб зарар етказади.
“Америкаликлар буни инкор этадилар, лекин аслида АҚШ санкциялар эълон қилган бошқа давлатлар Америка ускуналари, жумладан, авиация учун эҳтиёт қисмларни олмайди”, дейди вазир.
Худди шу гапларни айтиш буюртмасини бир вақтда бир одамдан олгандек, Беларусь фуқароси Александр Лукашенко ҳам Раисийнинг ўлимида АҚШни айблади. Унинг айтганлари ҳам Лавровникидан деярли фарқ қилмайди. Лукашенконинг айтишича, Раисийнинг ўлимида сўзсиз АҚШ айбдор. Чунки Қўшма Штатларнинг Эронга қарши санкциялар сиёсати Раисийнинг вертолётига хизмат кўрсатишни тақиқлаган.
Эрондаги фожиа ички қарама-қаршиликлар оқибатими?
Раисий сўнгги йилларда Эронда вафот этган учинчи мартабали шахс. Аввалига Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси қўмондони Қосим Сулаймоний, кейин физик олим Муҳсин Фахризода, энди эса навбат келди Иброҳим Раисийга. Аҳамиятли жиҳати шундаки, юқорида номлари саналган уч шахс ҳам айнан 63 ёшида у ё бу тарзда вафот этди.
Гап бошида Раисий сиёсат қурбони бўлдими, деган луқмани ташлагандик. Шуни ҳам чайнаб қўяйликки, бир четда қолиб кетмасин. Раисий Эроннинг амалдаги олий раҳбарининг энг эҳтимолий вориси ҳисобланган. Экспертларнинг фикрича, унинг президентликка сайланиши мумкин бўлган ўтишга тайёргарлик кўрилган.
“Politico” нашрининг ёзишича, Раисийнинг ўлими Оятуллоҳ Али Хоманаийнинг ўрнига унинг ўғли Можтаб келиши эҳтимолини оширади.
Айнан Президент Раисий экспертлар томонидан Эрон олий раҳбари Оятуллоҳнинг бўлажак вориси, деб ҳисобланган. Бироқ яқинда у лаёқатсизлиги учун танқид қилинган ва бу унинг лавозимга кўтарилиш имкониятларини пасайтирган.
Бундан чиқди, Раисийнинг вертолёти ҳалокатга учраши ички қарама-қаршиликлар оқибати бўлиши, фожиа уюштирилган деган версияда тўхташимиз мумкинми? Йўқ, албатта. Буни текширув натижалари кўрсатади.
Натижалар эса ўзини кўп куттиргани йўқ. Эрон Қуролли кучлари Бош штаби вертолёт ҳалокатини тергов қилувчи қўмитанинг дастлабки ҳисоботини эълон қилди. Ҳужжатда айтилишича, вертолёт режалаштирилган йўналиш бўйича бўлган ва белгиланган парвоз йўлидан чиқмаган. Ҳалокатдан тахминан бир ярим дақиқа олдин учувчи яна иккита вертолёт учувчилари билан боғланган ва улар суҳбатида шубҳали ҳеч нарса сезилмаган. Ҳалокатга учраган вертолёт қолдиқларида ўқ излари ёки бошқа ташқи таъсирлар топилмаган, у тоғ билан тўқнашган ва ёниб кетган.
Ҳозирда тергов давом этмоқда. Қўмита таъкидлаганидек, баъзи тафсилотларни ўрганиш учун кўпроқ вақт талаб этилади.
Фаластинни яна уч мамлакат мустақил давлат сифатида тан олди
Ана энди навбат келди бошқа хабарларга. Тугаётган ҳафтада Европанинг уч мамлакати – Норвегия, Ирландия ва Испания ҳукуматлари Фаластинни мустақил давлат сифатида тан олишини эълон қилди. Исроил бунга жавобан Ирландия ва Норвегиядаги элчиларини маслаҳатлашувлар учун чақириб олди.
Ирландия Бош вазири Саймон Харрис яқин кунларда 3 та давлатнинг қарорига бошқа давлатлар ҳам қўшилишига ишонч билдирди. Унинг қўшимча қилишича, Дублин, Осло ва Мадрид ушбу қарорни амалга ошириш учун зарур бўлган барча чораларни кўради.
Норвегия Бош вазири Йонас Гар Стёренинг айтишича, Фаластин ва Исроил ўртасидаги ҳудудни белгилаш 1967 йилгача бўлган чегаралар асосида амалга оширилиши керак, Қуддус ҳар икки давлатнинг пойтахти бўлиб, чегаралар бўйича якуний келишув тузилмагунча ҳудудлар алмашинувига рухсат берилади.
Расмий равишда мамлакатларнинг Фаластинни тан олиш ҳақидаги қарорлари жорий йилнинг 28 майидан кучга киради.
Қайд этиш жоизки, апрель ойи охирида Европа Иттифоқининг Ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича Олий вакили Жосеп Боррель май ойининг охиригача Фаластин Европа Иттифоқининг бир қанча давлатлари томонидан тан олинишини айтган. Ҳозирги вақтда Европа давлатлари орасида Фаластиннинг мустақиллигини Болгария, Венгрия, Кипр, Мальта, Польша, Руминия, Словакия, Чехия ва Швеция тан олган. Умуман олганда, Фаластинни БМТнинг 193 давлатидан 143 таси, жумладан, Ўзбекистон мустақил давлат сифатида тан олган. Бироқ G7 (Канада, Франция, Германия, Италия, Япония, Буюк Британия ва АҚШ) давлатларидан ҳеч бири Фаластинни тан олмаган.
Халқаро жиноий суд бош прокурори Исроил раҳбарлари ва ҲАМАС етакчиларини ҳибсга олиш учун ордер берилишини талаб қилди
Халқаро жиноий суд бош прокурори Карим Хон Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху, Исроил Мудофаа вазири Йоав Галант ва ҲАМАСнинг уч етакчиси: Яҳё Синвар, Муҳаммад Ал-Масри ва Исмоил Хонияни ҳибсга олиш учун ордер беришни талаб қилди. Прокурор баёнотида исроиллик сиёсатчилар ва ҲАМАС етакчилари уруш жиноятлари ва инсониятга қарши жиноятлар учун жавобгар эканлиги таъкидланган.
Тўпланган далилларга асосланиб, прокурорлар Биньямин Нетаньяху ва Йоав Галантни Фаластин ҳудудида (Ғазо сектори) камида 2023 йил 7 октябрдан буён содир этилган уруш жиноятлари ва инсониятга қарши жиноятлар учун жавобгар, деб ҳисобламоқда. Хусусан, улар қасддан одам ўлдириш, тинч аҳолига қасддан ҳужум уюштириш, шафқатсиз муносабатда бўлиш, очликдан уруш усули сифатида фойдаланиш каби ваҳшийликларда айбланмоқда.
Исроил ҳукумати прокурор талабини “тарихий шармандалик” деб ҳисобламоқда. Исроил ХЖС прокурорининг ордер олишга уринишларига қарши курашиш учун махсус қўмита тузади, шунингдек, унга қарши дипломатик чоралар кўради.
Исроил Президенти Ицхак Герцог прокурорнинг илтимосини “халқаро суд тизими қулаш хавфи борлигига” мисол деб атади. Унга кўра, бу бутун дунё бўйлаб террорчиларни руҳлантирадиган бир томонлама сиёсий ҳаракатдир.
ҲАМАС ҳаракати ҳам прокурорнинг талабидан норозилигини билдирди.
"ҲАМАС ҳаракати Халқаро жиноий суд прокурорининг Фаластиннинг бир қатор қаршилик кўрсатувчи етакчиларини ҳибсга олиш учун ордер бериш орқали жабрланувчини жаллодга тенглаштиришга уринишларини кескин қоралайди”, дейилади ҳаракат баёнотида.
АҚШ Президенти прокурорнинг талабини қоралаб чиқди.
“Халқаро жиноий суд прокурорининг Исроил раҳбарларини ҳибсга олиш учун ордер бераётгани ҳақидаги баёноти ғазабнокдир. Бу прокурор нимани назарда тутмасин, Исроил ва ҲАМАС ўртасида тенглик йўқ”, деган АҚШ Президенти Жо Байден.
Франция Халқаро жиноий суд прокурорининг талабини қўллаб-қувватлади. Расмий Париж Франция нафақат можаро зонасида тинчлик ўрнатиш, балки исроилликлар ва фаластинликларнинг азоб-уқубатларига чек қўядиган ечим топиш тарафдори эканини урғулаган.
Президент Владимир Зеленскийнинг ваколат муддати тугади
Жорий йилнинг 20 май куни 2019 йилдан буён Украина Президенти курсисини эгаллаб келаётган Владимир Зеленскийнинг ваколат муддати тугади. Аммо уруш ичида бўлган Украинада президент сайловини ўтказишнинг имкони йўқ.
БМТ эса гарчи Зеленскийни давлат раҳбари сифатидаги ваколати 20 майда тугаган бўлса ҳам уни Украина Президенти деб ҳисоблашда давом этишини эълон қилди.
“Президент Зеленский биз учун Украина давлат раҳбари ва бош котиб Украина Президенти билан боғланиш зарурати туғилганда мулоқот қиладиган шахс бўлиб қолади”, дейди ташкилот Бош котиби вакили Стефан Дюжаррик.
Украина раҳбари беш йил муддатга сайланади, сайловлар 2024 йилнинг март ойида бўлиб ўтиши керак эди. Зеленскийнинг президентлик муддати ҳақиқатан ҳам тугади, бироқ мамлакат конституциясининг 108-моддасида Президент янги давлат раҳбари сайлангунга қадар ўз вазифаларини бажариши кераклиги айтилган. Шунингдек, Конституцияга кўра, ҳарбий ҳолат шароитида сайлов ўтказиш тақиқланган.
2023 йилнинг ноябрида Олий Рададаги фракция раҳбарлари меморандум имзолаган, унга кўра сайловлар мамлакатдаги жанглар тугаганидан кейингина ўтказилиши мумкин.
Россия Президенти Владимир Путин шу ҳафта Минскка борганида Украина раҳбари Владимир Зеленскийнинг қонуний президентлик даври тугаганини ва Украина бўйича ким билан музокара олиб бориш масаласи бекорга эмаслигини айтди.
“Ким билан музокара қилишимиз керак, бу беҳуда савол эмас, биз Украинанинг амалдаги давлат раҳбарининг қонунийлиги тугаганидан хабардормиз”, дейди Путин.
Путиннинг сўзларига кўра, Зеленскийнинг қонунийлиги ҳақидаги саволга Украинанинг ўзида жавоб топиш керак.
Сўнгги ойларда Россия расмийлари ва тарғиботчилари бир хил тезисни бир неча бор такрорлаб, 2024 йил 20 майдан кейин Владимир Зеленский ваколат муддати тугаши муносабати билан легитимликни йўқотганини айтмоқда.
Грузияда “Хорижий агентлар тўғрисидаги” қонун машмашаси давом этмоқда
Грузиядаги россияпараст қонун машмашаси давом этмоқда. Кўплаб норозиликлар ва намойишларга сабаб бўлган “Хорижий таъсирнинг шаффофлиги тўғрисида”ги, соддароқ тил билан айтганда Россиядаги “хорижий агент” қонунининг аналоги бўлган қонун мамлакат Президенти Саломе Зурабишвили томонидан рад этилди.
Президент чет эл агентлари тўғрисидаги қонунга вето қўйиб, уни бекор қилиш кераклигини, чунки у Европа стандартларига зид ва уни қабул қилиш мумкин эмаслигини айтди.
Тугаётган ҳафтада АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен Вакиллар палатаси ташқи ишлар қўмитаси тингловида Қўшма Штатлар ва Европа Иттифоқи Грузиянинг “Хорижий агентлар тўғрисида”ги қонун лойиҳасига қарши чора кўришни режалаштираётганини айтди.
Блинкен Вашингтон қонун лойиҳасидан жуда хавотирда эканлигини билдирди. Унинг фикрича, бу грузинларнинг аксарият қисмининг Европа Иттифоқига интеграциялашувга интилиш истагига аниқ зид.
Шундан кейин Грузия парламентининг кўпчиликни ташкил этувчи “Халқ кучи” партияси аъзоси Созар Субари Facebook’да Блинкенга очиқ хат ёзиб, Блинкеннинг Грузия чет эл агентлари ҳақидаги қонунни қабул қилгудек бўлса, АҚШ ва Европа Иттифоқи мамлакатга санкция киритиши ҳақидаги огоҳлантирувини “қуруқ гап” деб атади.
Аммо Блинкен айтганининг устидан чиқди. У шу ҳафта Америка Қўшма Штатлари маъмурияти “Хорижий агентлар тўғрисида”ги қонун билан боғлиқ ҳолда Грузия расмийларига виза чекловларини жорий этиш бўйича янги сиёсатга ўтишини эълон қилди.
Унинг сўзларига кўра, Грузиянинг янги қонуни бирлашиш ва сўз эркинлигига тўсқинлик қилади, Грузия фуқароларига хизмат кўрсатувчи ташкилотларни қоралайди ва грузин халқининг юқори сифатли маълумотларга эга бўлишини таъминлаш учун ишлаётган мустақил ОАВ фаолиятига тўсқинлик қилади.
“[Грузия расмийларининг] бу ҳаракатларига жавобан, Давлат департаменти Грузия учун визани чеклаш бўйича янги сиёсатни жорий қилмоқда, бу эса Грузиядаги демократияни бузишда масъул ёки унга шерик бўлган шахсларга, шунингдек, уларнинг оила аъзоларига нисбатан қўлланилади. Улар орасида зўравонлик ва қўрқитиш кампанияси орқали Грузияда фуқаролик жамияти ва тинч йиғилишлар эркинлигини бостириш учун масъуллар бор”, дейди АҚШ ташқи сиёсат идораси раҳбари.
Блинкенга кўра, Грузиядаги демократик жараёнлар ёки институтларга путур етказадиган ҳар қандай киши, жумладан, 2024 йил октябрь ойидаги Грузия сайловлари арафасида, сайлов пайтида ва ундан кейин ҳам, ушбу сиёсат бўйича АҚШ визаларига эга эмас, деб топилиши ва Қўшма Штатларга бориши тақиқланиши мумкин. Бундай шахсларнинг яқин оила аъзолари ҳам ушбу чекловларга дучор бўлиши мумкин.
АҚШ Сенатининг ташқи алоқалар қўмитаси раиси ва катта республикачи Бен Кардин ва Жим Риш , сенаторлар Жинн Шахин, Крис Кунс, Линдси Грэм Грузияга қарши санкцияларни назарда тутувчи қонун лойиҳасини тақдим этди.
Агар қонун лойиҳаси қабул қилинса, Давлат департаменти Грузия фуқаролари ва уларнинг оила аъзоларига чет эл агентлари тўғрисидаги қонунни тарғиб қилиш ва қўллаб-қувватлашда қатнашгани учун саёҳатга чеклов қўйиши керак бўлади.
Қонунчилар, шунингдек, АҚШ ва Грузия ўртасидаги стратегик мулоқотни бутунлай тўхтатиб қўйишга чақирди.
Буларга жавобан 27 май куни Грузия парламенти Президент Саломе Зурабишвилининг чет эл агентлари ҳақидаги қонунга қўйган ветосини бекор қилиш жараёнини бошламоқчи. Вето бекор қилингандан кейин қонун яна Президентга имзолаш учун юборилади. Агар Зурабишвили яна ҳужжатни имзолашдан бош тортса, уни парламент спикери Шалва Папуашвили. Қонун эълон қилингандан кейин кучга киради.
“Хорижий таъсирнинг очиқлиги тўғрисида”ги қонун лойиҳасини кўриб чиқиш жорий йилнинг апрель ойида бошланган. Ўшандан бери Грузияда кенг кўламли намойишлар бўлиб ўтмоқда. Бир неча марта улар хавфсизлик кучлари билан тўқнашувга айланган. Қонунга АҚШ, Европа Иттифоқи, БМТ, НАТО, ЕХҲТ ва Европа Кенгаши қарши чиқмоқда. Европа етакчилари бу қонун Европа қадриятларига зид эканини айтади. Грузиянинг ҳукмрон партияси етакчиларининг масалани хаспўшлаб тушунтиришича, қонун фақат нодавлат сектор ва оммавий ахборот воситаларининг хориждан молиялаштирилиши шаффофлигини таъминлашга хизмат қилади.
“Бахти Ташкентский” ва унга алоқадор 30 дан ортиқ кишининг жиноий иши судга юборилди
Жиноят оламида “Бахти Ташкентский” лақаби билан танилган Бахтиёр Қудратуллаев ва унга алоқадор бўлган 30 дан ортиқ кишига нисбатан қўзғатилган жиноий иш тергови тугатилиб, кўриб чиқиш учун судга юборилди.
Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси томонидан олиб борилган тергов натижаларига кўра, Бахтиёр Қудратуллаев бошчилигида жами 30 дан ортиқ киши Жиноят кодексининг 242-моддаси (Жиноий уюшма ташкил этиш) ва 165-моддаси (товламачилик), шунингдек, бошқа моддалар билан айбланмоқда.
Терговга жалб қилинганлар ва айни вақтда ушбу айбловлар билан ҳибсда сақланаётганлар орасида Бахтиёр Қудратуллаевнинг икки ўғли – 1996 йилда туғилган Ихтиёр Қудратуллаев ва 1994 йилда туғилган Бекзод Зафаров ҳам бор.
Эслаш ўринлики, аввалига Бахтиёр Қудратуллаев Жиноят кодексининг 165-моддаси 3-қисми “а” банди – жуда кўп миқдорда товламачилик ва 276-модда 2-қисми “а” банди – кўп миқдорда гиёҳвандлик воситаларини сақлаш билан гумонланиб, ҳибсга олинганди. Кейинчалик, у Жиноят кодексининг 165-моддаси (Товламачилик) 3-қисми “а” бандига қўшимча равишда, ушбу модданинг “в” банди – уюшган гуруҳ томонидан ёки унинг манфаатларини кўзлаб жиноят содир этганликда ҳам айбланаётгани очиқланди.
Жорий йилнинг февраль ойига келиб, Бахтиёр Қудратуллаевга Жиноят кодексининг 242-моддаси (Жиноий уюшма ташкил этиш) бўйича айблов эълон қилинди.
Қудратуллаев 2023 йилнинг 28 ноябрь куни соат 21:45 ларда Тошкент шаҳар, Яккасарой туманидаги уйидан ички ишлар ходимлари томонидан олиб кетилганди. У жамоат жойида ИИО ходимларига нисбатан бақир-чақир қилиб, жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан бузган. Шунингдек, у ИИО ходимларининг ИИБ биносига бориб шахсига аниқлик киритиш ҳақидаги қонуний талабларини бажармаган.
Суд ҳукмига кўра, Бахтиёр Қудратуллаев Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси ва 194-моддаси 1-қисмида назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарликларни содир қилган деб топилиб, унга нисбатан 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланганди.
Шундан сўнг унинг адвокати судга қарор бўйича апелляция шикояти берган. Аммо 9 декабрь куни суд томонидан апелляция шикояти кўриб чиқилиб, рад этилган.
15 суткага қамалган “Бахти Ташкентский” жазони ўтаб бўлганидан сўнг, у тергов ҳаракатлари давомида қамоқда сақланиши учун прокурор томонидан санкция қўлланилган.
Путин Ўзбекистонга келяпти
Россия Президенти Владимир Путин 26-27 май кунлари Ўзбекистонга келяпти. Путин 2030 йилгача президент лавозимига киришганидан кейин Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигидан биринчи бўлиб Ўзбекистонга келяпти, деб ўйлагандик. Лекин чучварани хом санабмиз. У Ўзбекистондан аввал Беларусда меҳмон бўляпти. Илк ташрифни эса Хитойдан бошлаганди. Айни вақтда Тошкентда Путиннинг ташрифига катта тайёргарлик кўриляпти. Кўрамиз, ташриф натижалари қандай бўларкан. Буларни эса келгуси ҳафтада муҳокама қиламиз.
LiveБарчаси