Суд Трампнинг иммиграция чекловларини ноқонуний деб топди

Олам

image

Кеча, 5 июнь куни Вашингтон федерал суди АҚШ Президенти Дональд Трамп маъмурияти томонидан 2025 йил ноябрида Миллий гвардия ҳарбий хизматчиларига қилинган ҳужумдан сўнг жорий этилган иммиграция чекловларини бекор қилди. Бу ҳақда “The New York Times” хабар берди.

Қайд этилишича, округ судьяси Жон Макконнелл Африка, Осиё, Лотин Америкаси ва Яқин Шарқдаги 39 давлат фуқаролари учун бошпана олиш, ишлашга рухсатнома ва грин-карта бериш қоидаларининг қатъийлаштирилишини ноқонуний деб топган.

“Чекловчи иммиграция сиёсати Қўшма Штатларда яшаётган сон-саноқсиз иммигрантлар ҳаётини мавҳум ҳуқуқий ҳолатга тушириб қўйди”, дейди Макконнелл.

Судьянинг фикрича, АҚШ Фуқаролик ва иммиграция хизмати (USCIS) ўзининг антииммиграцион кайфиятини яшириш учун миллий хавфсизлик ҳақидаги асоссиз баҳоналардан фойдаланган. Унинг таъкидлашича, ушбу чоралар туфайли минглаб одамлар фақатгина туғилган жойи сабабли ярим йилдан бери ҳуқуқий мақом ва ишсиз қолмоқда.

Чекловларни бекор қилиш талаби билан даъво аризаси шу йилнинг март ойида мигрантларга ёрдам кўрсатувчи ташкилотлар коалицияси томонидан берилган.

USCIS 2025 йил декабрь ойи бошида, Вашингтонда Оқ уйдан бир неча маҳалла нарида содир бўлган Миллий гвардия аскарларини ўққа тутиш воқеасидан кўп ўтмай, ўша пайтдаги 19 давлат фуқароларининг барча иммиграция сўровларини кўриб чиқишни тўхтатиб қўйган эди.

Ушбу ҳужумда Марказий разведка бошқармаси (МРБ) билан шартнома асосида ҳарбий тайёргарликдан ўтган Афғонистон фуқароси Раҳманулла Лаканвал айбланмоқда. Лаканвал МРБ томонидан қўллаб-қувватланадиган бўлинма таркибида бўлган ва 2021 йилда Америка қўшинлари олиб чиқилганидан сўнг, “Толибон” қатағонидан қўрққан ўн минглаб афғонлар билан бирга АҚШга кўчиб борган. Лаканвал ўз айбини тан олмаяпти. Ҳозирда у суд жараёнини кутмоқда. 


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Дональд Трамп иммиграция

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг