Антиструмин иши бўйича уч мансабдор аёл қамоққа олинди
3-саҳифа
−
27 Ноябрь 2023
10638Жорий йилнинг сентябрь ойида Наманган, Андижон вилоятлари ва пойтахт Тошкентда юзлаб болалар боғча ва мактабларга тарқатилган йод препаратини истеъмол қилиб, заҳарланиш аломатлари билан шифохоналарга ётқизилгани ёдингизда бўлса керак. QALAMPIR.UZ’даги маълумотларга кўра, мазкур масала юзасидан уч нафар тиббиёт ходими қамоққа олинган.
Таҳририят ихтиёридаги ҳужжатда ёзилишича, жорий йилнинг 6 ноябрь куни Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт маркази директорининг даволаш ишлари бўйича ўринбосари Ф.Х. (аёл) ва марказнинг лаборатория мудири, катта илмий ходими Н.А. (аёл) Жиноят-процессуал кодексининг (ЖПК) 221-моддаси (Ушлаб туриш асослари) билан қўлга олинган.
Шунингдек, 15 ноябрь куни Соғлиқни сақлаш вазирлиги Дори воситалари, тиббий буюмлар ва жиҳозлар муомаласини тартибга солиш ва муравват ёрдамини мувофиқлаштириш бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаган, ҳозирда АКШ фармакопеясисининт ПҚМ лойиҳасида катта техник маслаҳатчи бўлган Х.Ғ. ЖПКнинг 227-моддаси (Суриштирувчининг, терговчининг ёки прокурорнинг қарорига биноан ушлаб туриш) билан қўлга олинган.
Мазкур масала юзасидан Тошкент шаҳар жиноят ишлари бўйича Яшнобод туман суди Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ўринбосарининг гумонланувчиларни қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш тўғрисидаги илтимосномасини қаноатлантирган. Суд ажримига кўра, гумонланувчилар қамоққа олиниб, халқ тилида “Тоштурма” номи билан танилган – Ички ишлар вазирлиги Жазони ижро этиш департаменти биринчи минтақавий ҳудуд 1-сонли тергов ҳибсхонасига жойлаштирилган.
Энди ҳужжатда келтирилган маълумотларга эътибор қаратсак.
Суднинг қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш ҳақидаги ажримида болаларга “Антиструмин” 1000 мкг (микрограмм) дори воситасининг кунлик миқдори бир неча баравар юқори белгилаб берилгани оқибатида 20-22 сентябрь кунлари республика бўйича жами 2980 нафар ўқувчи ва тарбияланувчилар оммавий заҳарлангани, бунинг ортидан аҳоли ўртасида ҳукумат, шу жумладан Соғлиқни сақлаш тизимига ишончсизлик пайдо бўлиб, болаларни даволаш учун давлат бюджетидан 60,5 млн сўм маблағ сарфланиб, давлат ҳамда фуқароларнинг қонун билан қўриқланадиган манфаатларига жиддий зиён етказилгани айтилган.
“Ф.Х., Н.А., Х.Ғ. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 26 июлдаги “Аҳолига кўрсатилаётган тиббий ёрдам сифатини янада яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси юзасидан республикада ҳомиладор аёллар ҳамда 3-15 ёшдаги болаларни йод препарати билан бепул таъминлашда, Соғлиқни сақлаш вазирининг 2021 йил 30 ноябрдаги буйруғи ҳамда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг тавсиялари бўйича калий йод воситасининг кунлик оптимал 90, 120, 150 мкг (болалар ёшига қараб) берилишини билган ҳолда, ўз мансаб ваколатларидан фойдаланиб ва уни суиистеъмол қилиб, 2022 ва 2023 йилларда 3-15 ёшдаги болалар учун 0,001 г (1000 микрограмм) калий йод дори воситаси хариди юзасидан техник топшириқ ва эҳтиёж жадвалларини Бош эндокринолог Ф.Х. (аёл) ва бошқалар билан биргаликда тузиб, Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Элмира Боситхонова томонидан тасдиқланишига эришган”, дейилади суд ажримида.
Ҳужжатда келтирилишича, жиноий шериклар томонидан 2023 йил 28 август куни ССВ ҳамда Мактабгача ва мактаб таълими вазири томонидан қўшма йўриқнома тасдиқланган. Унда, ҳафтада бир маротаба 3-6 ёшдаги тарбияланувчиларга 500 мкг ва 7-15 ёшдаги мактаб ўқувчиларига 1000 мкг калий йод препарати берилиши илмий асосланмаган ҳолда белгилаб берилган.
“Айнан шу, илмий асосланмаган ҳужжат асосида 2023 йил 13 сентябрь куни ССВ ўринбосари Элмира Боситхонова 2023 йил 20 сентябрь куни оммавий равишда Республика бўйича барча болаларга кунлик дозаси бир неча баравар юқори бўлган “Антиструмин” 1000 мкг дори воситаси берилишини айтган. Оқибатда 20-22 сентябрь кунлари Республика бўйича жами 2 980 нафар ўқувчи ва тарбияланувчилар “Антиструмин” 1000 мкг дори воситасидан оммавий заҳарланган.
“Антиструмин” дори воситасини 11,5 млрд сўмга харид қилиниши натижасида давлат бюджетидан 11,5 млрд сўм маблағ растрата қилиш йўли билан талон-торож қилинишига сабабчи бўлган”, дейилади ажримда.
Ҳужжатга кўра, жорий йилнинг 6 ноябрь куни Н.А., Х.Ғ. ва Ф.Х.га нисбатан Жиноят кодексининг 167-моддаси (Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) 3-қисмининг “а” банди, 205-моддаси (Ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш) 2-кисмининг "а" банди 257-1-моддаси (Санитарияга оид қонунчиликни ёки эпидемияга қарши кураш қоидаларини бузиш) 1-қисми билан гумон қилинувчи тариқасида жалб қилинган.
Шунингдек, Бош прокурор ўринбосари томонидан келтирилган илтимосномада гумон қилинувчилар оғир турдаги жиноятни содир этганлиги, очиқда қолган тақдирда тергов ва суд органидан қочиб кетиш эҳтимоли борлиги, далилларни яшириши ёки йўқ қилиб юбориши, жиноий фаолиятини давом эттириши мумкинлиги, гувоҳларни ўзи томонга оғдиришга уринаётганлигини инобатга олиб, уларга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш сўралган. Суд илтимосномада келтирилган важларни ва унга илова қилинган ҳужжатларни ўрганиб чиқиб, илтимосномани қаноатлантирган ва гумонланувчилар қамоққа олинган.
Антиструмин иши
Жорий йилнинг 20 сентябридан бошлаб, ҳар чоршанба куни барча мактаб ва мактабгача таълим ташкилотларида йод препаратларининг бепул тарқатилиши йўлга қўйилган эди. Бу бўйича Президентнинг тегишли қарори имзоланган ва Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан 15 сентябрда эълон қилинган. Аммо атиги 5 кунда таъминланган қарор ижроси 3 ёшдан 15 ёшгача бўлган мактаб ва боғча болаларида оммавий заҳарланишга сабаб бўлди. Наманганда 71 нафар бола йоддан заҳарланди. Худди шундай вазият Тошкент шаҳри ва Андижон вилоятида ҳам такрорланди. Бироқ Соғлиқни сақлаш вазирлиги йоддан заҳарланиш сифатида фақат Намангандаги ҳолатни тан олди, холос.
Намангандаги ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 257-1-моддаси (санитарияга оид қонунчиликни ёки эпидемияга қарши кураш қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилганди.
Ўша вақтда эса масалани атрофлича ёритиш, суриштирувлар ўтказишни мақсад қилган журналистларга вазир ёрдамчиси "чуқурлашмаслик"ни, саволларга жавоб бермаслик бўйича топшриқ Президент Администрациясидан берилганини айтиб, оммавий ахборот воситалари фаолиятига таъсир ўтказмоқчи бўлди. Вазирлик Президент Администрациясидан бундай топшириқ берилмаганини айтиб чиқди-ю ўзини вазир ўринбосари деб таништирган шоввоз вазирликка қандай алоқаси борлиги, қайси лавозимда ишлаши ва унга бу тарзда гапириш ҳуқуқини ким бергани, ёлғон маълумот тарқатгани учун қандай чора кўрилганига аниқлик киритмади.
Бу орада ижтимоий тармоқларда Соғлиқни сақлаш вазирлиги таъсисчилигидаги “O‘ZMEDIMPEKS” МЧЖ “Антиструмин” йод препаратини етказиб бериш эвазига “Само” МЧЖ билан жами 21 млрд сўмлик тўғридан-тўғри шартнома тузганини тасдиқловчи ҳужжатларнинг расми тарқалди.
Ҳужжатга кўра, ССВ таъсисчилигидаги ташкилот калий йодид 1 мг (0,001 г) №100 (Антиструмин) дори воситасини харид қилиш учун 2022 йил июнь ойида “Само” МЧЖ билан 5 млрд 644 млн сўмлик тўғридан-тўғри шартнома тузган. 2023 йил 11 январда эса ушбу шартномага 956 млн сўмлик қўшимча келишув қилинган.
“O‘ZMEDIMPEKS” МЧЖ 2023 йил 4 майда яна мазкур дори воситасини харид қилиш учун “Само” МЧЖ билан 15 млрд 275 млн сўмлик тўғридан-тўғри шартнома тузган. Ушбу шартномаларга кўра, жами 21 млрд 875 млн сўм маблағ эвазига “Само” МЧЖ 3 млн 550 минг миқдорда “Антиструмин” етказиб бериши кўрсатилган.
Маълумотларга кўра, “Антиструмин” дори воситасини харид қилиш учун ҳеч қандай тендер ўтказилмаган, шартномалар тўғридан-тўғри тузилган.
АҚШ Иммиграция ва божхона хизмати расмий сайтида “Само” МЧЖ раҳбарининг қидирувда экани тўғрисидаги маълумот эълон қилинган.
Унга кўра, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг мактаблар ва болалар боғчаларига “Антиструмин” препаратини етказиб бериш бўйича кўп миллиард долларлик тендерда ғолиб чиққан МЧЖ асосчиси Нодир Юнусовга одам савдоси, мажбурий меҳнат, фирибгарлик ва коррупцияга учраган ташкилот тузиш айбловлари қўйилган.
Мазкур ҳолат юзасидан ССВнинг Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази матбуот хизмати баёнот берди.
Маълум қилинишича, ССВ ҳузуридаги “Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази” давлат муассасасининг Фармацевтика фаолиятини лицензиялаш бошқармаси томонидан “Антиструмин” дори воситасини ишлаб чиқарган “САМО” МЧЖ корхонасининг фаолияти бўйича текширув ишлари олиб борилмоқда.
LiveБарчаси