Норвегия Россияга қарши янги санкциялар киритди
Олам
−
17 Июнь 2022
4603Норвегия Европа Иттифоқининг Россияга қарши олтинчи санкциялар пакетини қўллаб-қувватлади. Бу ҳақда бугун, 17 июнь куни Қироллик Ташқи ишлар вазирлиги сайтида хабар берилган.
“Биз бу давлат ҳукумати ва унинг раҳбариятига босим ўтказиш учун Европа Иттифоқининг Россияга қарши санкциялар қўллашини қўллаб-қувватлаймиз. Энди биз Россиядан Норвегияга денгиз йўллари орқали нефть олиб киришни тақиқлаймиз”, дейилади Қироллик Ташқи ишлар вазири Анникен Ҳуитфелдт баёнотида.
Қайд этилишича, Россиядан нефть хомашёси ва нефть маҳсулотларини олиб киришни тақиқлаш дарҳол кучга киради, аммо фармойишда нефть хомашёси етказиб бериш учун 2022 йил 5 декабргача, нефть маҳсулотлари учун эса 2023 йил 5 февралгача ўтиш даври кўзда тутилган.
Норвегия, шунингдек, Россия Федерациясининг 65 фуқароси ва 18 Россия ташкилотига қарши санкциялар киритади.
“Россия ва Норвегия ўртасидаги товар айланмаси аҳамиятсиз бўлишига қарамай, Норвегиянинг айрим корхоналари ва уларнинг ходимлари Россияга қарши санкциялардан сезиларли даражада таъсирланади”, дея огоҳлантиради Қироллик ТИВ.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 3 июнь куни ЕИ Кенгаши Россия Федерациясига қарши санкцияларнинг олтинчи пакетини, жумладан, Россиядан денгиз орқали нефть маҳсулотларини етказиб беришга қолдирилган эмбаргони қабул қилди. Олтинчи пакет бўйича Европа Иттифоқи мамлакатлари ўртасидаги муҳокама деярли бир ой давом этди.
LiveБарчаси