Қонунчилик ҳужжатларида коррупция учун “форточка” кўп – сенатор

Жамият

Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш соҳасига оид қонунчилик ҳужжатларининг ўзида коррупцияга йўл бериш ҳолатлари тез-тез учрамоқда. Бу ҳақда кеча, 5 апрель куни Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаши мажлисида Кенгаш раиси Танзила Норбоева сўз очди. 

Норбоевага кўра, соҳага оид қонунчилик ҳужжатлари экспертизадан ўтказилганда 70 та ҳужжатнинг 13 таси (19 фоизи)да 41 та коррупциявий омил мавжудлиги аниқланган.

“Ўз ҳужжатлари коррупцияга йўл очиб беряпти. Қолаверса, соғлиқни сақлашни коррупциясиз соҳага айлантириш бўйича қабул қилинган “йўл харитаси”нинг ижросида сусткашликка ҳам йўл қўйилган. Ҳужжат ижросини таҳлил қилганимизда белгиланган вазифаларнинг 44 фоизи бажарилмагани аниқланди”, дейди Норбоева.

Сенатнинг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси раиси Одилжон Иминов коррупциявий омил аниқланган норматив ҳужжатларга батафсилроқ тўхталиб ўтди.

Унинг сўзларига кўра, қонунда 3 та коррупцион элемент борлиги аниқланган. Президент қарорида 1 та, Вазирлар Маҳкамасининг 8 та қарорида 31 та, 3 та идоравий ҳужжатда эса 6 та коррупцияга шароит яратиб бериш бўйича нормалар мавжуд. 

“Вазирлар Маҳкамаси бир қарорида овқатланишни тиббиёт муассасасининг ўзи қайсидир ташкилот билан ташкил қилиши кўрсатилган бўлса, иккинчи қарорида аутсорсинг орқали ташкил этилиши кўрсатилган. Натижада иккала қарор бир-бирига зид келиб, ўз-ўзидан коррупциявий ҳолатга йўл очиб беряпти. Бу каби қатор зид келувчи қонунчилик ҳужжатлари, меъёрий ҳужжатлар борлиги ҳам аниқланди. “Йўл харитаси”да белгиланган вазифалар бажарилмай қолингани, айниқса, пуллик хизмат ва бепул хизматларнинг ноқонуний мукофотлар ёки дори-дармонлар билан таъминлаш бўйича порталнинг Ахборот технологиялари [ва коммуникацияларини ривожлантириш] вазирлиги билан ишлаб чиқилмаганлиги турли “мукофотлар кўринишидаги” коррупцион ҳолатларга йўл очиб беряпти”, дейди Иминов.

Аввалроқ, коррупцияга қарши курашиш борасида олиб борилган кескин чоралар натижасида судга юборилган жиноят ишлари сони ўтган йилга нисбатан банк соҳасида 300 фоизга, таълим тизимида 120 фоизга ҳамда соғлиқни сақлаш соҳасида 100 фоизга ортгани ҳақида хабар берган эдик.

Эслатиб ўтамиз, ушбу йиғилишда Кенгаш раиси Танзила Норбоева Ўзбекистонда олиб борилаётган қатор ислоҳотларга қарамай, таълим, соғлиқни сақлаш ва банк тизимлари энг коррупциялашган соҳалар сифатида бўй кўрсатаётганини айтган эди. Унга кўра, судларга юборилган жиноят ишларининг ҳар  учтадан биттаси соғлиқни сақлаш, таълим ва банк тизими ходимлари томонидан содир этилган


Мақола муаллифи

Теглар

Танзила Норбоева

Баҳолаганлар

47

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг