Президент Сенат Раислигига яна Танзила Норбоева номзодини кўрсатди
Жамият
−
19 Ноябрь
2700Бугун, 19 ноябрь куни Олий Мажлис Сенатининг биринчи мажлисида Сенат Раиси ва унинг ўринбосарларини сайлаш тўғрисидаги ташкилий масала кўриб чиқилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, Президент Шавкат Мирзиёев Олий Мажлис Сенати Раиси лавозимига сенатор Танзила Норбоева номзодини тақдим этган.
Танзила Норбоева давлат ва жамоат бошқарувида бой тажрибага эга экани, ўтган даврда шу лавозимдаги самарали фаолияти натижасида мамлакатда хотин-қизлар, болалар ҳуқуқларини таъминлаш ва уларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вазият сезиларли равишда яхшилангани таъкидланган.
Шунингдек, Сенат Раисининг биринчи ўринбосари лавозимига сенатор Содиқ Сафоев, Сенат Раисининг ўринбосари лавозимига сенатор Аманбай Оринбаев номзоди тавсия этилган.
Маълумот учун, Танзила Норбоева 1956 йилда Андижонда туғилиб, 70-йиллар ўрталарида Тошкентга келган. У 1981 йилда Тошкент давлат университетини тамомлаган. 1975-1995 йиллари Тошкент шаҳрида мактаб ўқитувчиси, директор ўринбосари ва Тошкент шаҳар ўқувчилар уйи директори, кейинчалик турли даражадаги давлат органларида масъул лавозимларда ишлаган.
1995-2010 йиллари Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари, котибият мудири, Оила, оналик ва болаликни ижтимоий муҳофаза қилиш мажмуаси раҳбари, котибият мудири, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Таълим, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий муҳофаза масалалари бўйича ахборот-таҳлил департаменти етакчи мутахассиси, бош мутахассиси лавозимларида, 2010-2016 йиллари Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси кенгаши раиси лавозимида ишлаган.
2016 йилдан 2019 йилнинг 21 июнига қадар Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси раиси лавозимида фаолият юритган. 2019 йилдан бери у Олий Мажлис Сенати раиси сифатида ишлаб келмоқда.
Оилали, 2 нафар қиз фарзанди бор.
LiveБарчаси