Давлатга тушаётган божларнинг фарқига қаранг – Давлетов IMEI нега кераклигини айтди

Жамият

Бир неча кун аввал Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси бош иқтисодчиси Винаяк Нагараж UzIMEI тушунарсиз бюрократик тизим бўлиб, мамлакатни олдинга эмас, балки орқага тортаётган сиёсатлардан бири эканини таъкидлаган эди. Ушбу мавзу бугун, 7 февраль куни Адлия вазири Русланбек Давлетов билан ўтган матбуот анжуманида  муҳокама қилинди.

“Мен ҳам истеъмолчиман. Соҳани бошқарадиган вазирликлар бор. Бу мавзуда жамоатчиликнинг фикри бекорга кўтарилмайди. Мен бу соҳадаги малакали инсон эмасман. Ўзимнинг фикрим, албатта, бу [UzIMEI тизими] соддалаштирилиши керак. Биз рационализатормиз. Биз жуда кўп осонлаштириш, оддий қилиш, пулини арзонлаштиришга эътибор қаратамиз. Булар оғир жараён бўлмаслиги ва одамлар сезмаслиги керак. Чунки, IMEI’нинг регистрацияси кўп давлатда бор. Кўп давлатлар киряпти”, дейди Давлетов.

Адлия вазири сўзида давом этиб, IMEI’нинг ҳукуматга фойдаси тегаётгани ва уни соддалаштириш борасида ишлар қилинаётганини айтди.  

“Буни яхши томони ҳам бор. Расмий равишда кириб келган телефонларнинг сони ва давлатга тушаётган божларнинг  фарқига қаранг. Бу тўғри нарса, фақат қулай бўлиши керак, тамом. Бу ишни енгиллаштириш ва такомиллаштириш бўйича Шерзод Ҳотамович (Шерзод Шерматов – Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири) ишламоқда. У ҳам Ҳукумат аъзоси. Ўйлаймизки, яқинда таклифларини беради”, дейди у.

Маълумот ўрнида, республика худудида мобил қурилмаларни IMEI-кодлари бўйича рўйхатдан ўтказиш тизими Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 17 сентябрдаги “Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фойдаланилаётган, сотиш ёки шахсий фойдаланиш учун олиб келинадиган ва ишлаб чиқариладиган мобил қурилмаларни рўйхатдан ўтказиш тартиби тўғрисида”ги 778-сон қарорига мувофиқ жорий қилинганди. Шунингдек, мобил қурилманинг IMEI-коди рўйхатдан ўтган-ўтмаганини текшириш uzimei.uz сайти орқали амалга оширилиши белгиланган.


Мақола муаллифи

Теглар

Давлетов IMEI’

Баҳолаганлар

340

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг