Туркий кенгаш саммити Президент ва Бош вазир суд қилинган оролда ўтказилади
Олам
−
12 Ноябрь 2021
10392Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашига аъзо мамлакатлар раҳбарларининг навбатдаги саммити Истанбул шаҳри яқинида, Мармара денгизининг ўртасида жойлашган собиқ Ясси орол, ҳозирги Демократия ва мустақиллик оролида бўлиб ўтади. Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳам қатнашади.
Гап шундаки, ушбу орол Туркия тарихида муҳим аҳамиятга эга. Оролда 1950 йиллан 1960 йилгача мамлакатни бошқарган Президент Жалол Баяр, Бош вазир Аднан Мендерес, Ташқи ишлар вазири Фатин Рушту Зўрлу, Молия вазири Ҳасан Пўлаткан суд қилинган. Улар 1960 йилнинг 27 май куни ҳарбийлар томонидан амалга оширилган давлат тўнтаришидан сўнг, ушбу оролга олиб келинган ва то 1961 йилнинг сентябрь ойигача шу ерда сақланган.
Бош вазир Аднан Мендересга ҳокимият ваколатларини суиистеъмол қилиш, давлат маблағини ўзлаштириш каби моддалар билан айблов эълон қилинган. Бироқ, ушбу айбловларнинг бирортаси ўз исботини топмаган.
Суд 1961 йилнинг сентябрь ойида собиқ Президент Жалол Баярни бир умрлик қамоқ жазосига, Бош вазир Аднан Мендерес, Ташқи ишлар вазири Фатин Рушту Зўрлу ва Молия вазири Ҳасан Пўлатканни ўлим жазосига ҳукм этади.
Бош вазир ва унинг тарафдорлари судланган Ясси оролдаги қонли ва қоронғу тарих 2019 йил Президент Ражаб Тойиб Эрдўған тарафидан тикланди ва ўша вақтда айбланганлар номи оқланди. Оролга Демократия ва мустақиллик номи берилди. Унинг ҳар бир бурчаги 1960 йилда рўй берган тўнтариш ва Аднан Мендерес фаолиятини ёдга солади.
Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашига аъзо мамлакатлар раҳбарлари саммити ҳам айнан ушбу оролда ўтказилиши алоҳида аҳамият касб этади.
Саммитда аъзо давлатлар раҳбарлари – Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған, Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев, Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев, Қирғизистон Республикаси Президенти Садир Жапаров, Венгрия Бош вазири Виктор Орбан иштирок этади.
Қозоғистон Республикаси Биринчи Президенти – Элбоши, “Туркий кенгашнинг бир умрлик фахрий раиси” Нурсултон Назарбоев саммит иштирокчиларига видеомурожаат йўллайди.
Шунингдек, саммитда Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов ҳам қатнашиши ва Туркманистон расман Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашида кузатувчи мақомини олиши кутилмоқда.
Давлат раҳбарлари учрашувида хавфсизлик, сиёсат, иқтисод, товар айирбошлаш, маданий ва ижтимоий соҳалардаги ҳамкорликни кучайтириш масалалари муҳокама қилиниши кўзда тутилган. Саммитда Кенгаш номини Ташкилотга ўзгартириш масаласи ҳам кўриб чиқилади.
LiveБарчаси