“Янги Ўзбекистон” университети фақат “оқсуяклар” учунми?

Интервью

Хабарингиз бор, жорий йилнинг 23 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Янги Ўзбекистон” университетини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори билан Президент таълим муассасалари агентлиги қошида “Янги Ўзбекистон” университети ташкил этилди.

Ушбу университетга таъмал тоши қўйилиши биланоқ, унда ўқитиладиган фанлар, имтиҳонни ДТМ олмаслиги ва, энг асосийси, контракт нархлари атрофида турли гап-сўзлар кўпайди. Ҳатто, “Янги Ўзбекистон”ни тамомлаганлар Буюк Британиянинг Cambridge университетида ҳам дарс бериши мумкинлиги ҳақидаги хабарларни эшитдик.

QALAMPIR.UZ турли саволларга жавоб олиш учун “Янги Ўзбекистон” университетини ташкил этиш департаменти бошлиғи Самариддин Шамсиев билан суҳбатлашди.

“Янги Ўзбекистон” университетини ташкил этиш департаменти бошлиғи Самариддин Шамсиев билан интервьюни юқоридаги видеоплеерда ёки QALAMPIR.UZ'нинг YouTube'даги расмий саҳифасида томоша қилишингиз мумкин. Қуйида эса суҳбатнинг матнли кўриниши билан танишасиз.

Шуҳрат Ҳалилов, мухбир: — “Янги Ўзбекистон” университети қайси йўналишлар бўйича талабаларга таълим беради?

Самариддин Шамсиев, “Янги Ўзбекистон” университетини ташкил этиш департаменти бошлиғи: —  “Янги Ўзбекистон” университети жорий йилнинг 23 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПҚ-5158-сонли қарори билан Президент таълим муассасалари агентлиги қошида ташкил этилди. 

Қарорда университет учун катта эркинлик берилган бўлиб, мустақил ташкилот сифатида фаолият юритиши мумкин. Бу тизим ўзини оқлаган тақдирда, Ўзбекистондаги бошқа ОТМларга ҳам татбиқ қилинишига йўл очади. Бугун кўпчилик абитуриентлар университетдаги йўналишларга қизиқмоқда. 2020-2021 йиллар учун муҳандислик факультети очилди. Бу факультетда учта йўналиш бўйича қабул жараёнлари бошланган, булар: механика муҳандислиги, дастурий таъминот муҳандислиги ва кимё муҳандислиги. Нега айнан муҳандислик, деган саволлар ҳам бор. Ривожланаётган давлатларда технологиялар импорт қилинади. Бу тренд давом этади. Ривожланган мамлакатлар кашфиёт қилади ва у катта қиймат қўшилган ҳолда импорт қилинади. Aгар ўша давлатнинг ўзида илм-фан ривожланмаса, янги кашфиётлар қиладиган муҳандислар бўлмаса, ривожланиш ҳам суст даражада бўлади. Улар ривожланади, биз эса уларга етолмаймиз. Биз уларга яримтайёр маҳсулотларни сотаверамиз, лекин ускуналарни ясай олиш имконимиз йўқ. Бу давом этса, биз доим қарам бўлиб қоламиз. Шу сабабли ҳам муҳандисларга нисбатан талаб катта. Ўзбекистоннинг келажаги учун ҳам муҳандислар керак ва айнан “Янги Ўзбекистон” университети саноат инқилобини вужудга келтирадиган мутахассисларни етиштиришни мақсад қилган. “Янги Ўзбекистон” университети Президент таълим муассасалари агентлиги қошида очилди.
Aйнан мана шу каби ташаббуслар Президент томонидан амалга оширилмоқда. Фахрий ректор Волфанг Герман Ўзбекистонга келганда ҳам энг тўғри шакл танланганини алоҳида урғулаганди.

Ш.Ҳ.: — Маълумки, Ўзбекистонда барча ОТМларга кириш имтиҳонлари ва тест тузиш жараёнлари ДТМ билан ҳамкорликда олиб борилади. “Янги Ўзбекистон” университети эса Cambridge университети билан бирга ишлаши маълум қилинди. Бу ДТМга бўлган ишончсизликми ёки..?

С.Ш.: —  Юқорида айтганимдек, университетга том маънода эркинлик берилган. Селекция ишларида ҳам мустақилмиз. Хорижий университетлар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш имконимиз бор. Президент мактабларидаги селекция ишлари ҳам айнан шу ҳамкорлар билан олиб борилади. “Янги Ўзбекистон” университети ҳам шу ишларнинг узвий давоми бўлган ҳолда селекция жараёнларини Cambridge билан амалга оширмоқда. Cambridge университети 140 дан ортиқ давлатда инглиз тилида имтиҳонлар ўтказади. Университетда ҳам таълим инглиз тилида бўлгани сабабли, тест саволлари инглиз тилида тузилган. Бугунги кунда дастурий таъминот ва механика муҳандислиги йўналишларига математика ва физика фанларидан имтиҳон бўлади. Кимё мухандислиги йўналишига эса кимё ва математика фанларидан имтиҳонлар бўлиб ўтади. Кириш имтиҳонларининг барчаси инглиз тилида ўтказилади. 8, 9, 10 ва 11-синф мактаб дарсликлари асосида Cambridge томонидан тайёрланган.

Ш.Ҳ.: —  Имтиҳон ва таълим инглиз тилида бўлишини айтяпсиз. Бизнинг ўқувчилар бунга қанчалик тайёр?

С.Ш.: —  Бугунга қадар мингдан ортиқ ҳужжатлар топширилган.  Қувонарлиси эса талабгорларнинг IELTS даражаси 7-7.5.

Ш.Ҳ.: —  “Янги Ўзбекистон” университети ташкил этилиши билан биринчи навбатда унинг шартнома тўлови ҳақидаги гап-сўзлар тарқай бошлади. Дастлаб норасмий маълумот сифатида “Университетда таҳсил олиш 237 миллиондан зиёд бўлар экан” қабилида миш-мишлар тарқади. Кейинчалик, университет томонидан матбуот анжумани ташкил этилиб, университетнинг йиллик шартнома тўлови 50 миллион сўмни ташкил этиши маълум қилинди. 50 миллион сўм Ўзбекистон шароити учун кўп эмасми?

С.Ш.: —  Университет ҳали бу боради расмий рақамларни эълон қилгани йўқ. Дарҳақиқат, ижтимоий тармоқларда турли хил гап-сўзлар тарқади. Шу боис университет томонидан ОAВ учун матбуот анжумани ташкил этилди ва юқорида айтганимдек, шартноманинг тўлов миқдори ҳали тасдиқдан ўтмагани расман эълон қилинди.

Ш.Ҳ.: —  Aйтайлик, шартнома тўлови йилига 5 минг AҚШ доллари этиб ҳам белгиланди. Бу ўзига хос табақаланишга олиб келмайдими? Яъни, ўртаҳол оила фарзандлари учун бу университет орзулигача қоладими? Ваҳолонки, оддий оилалар ичида ҳам иқтидорли, илм даражаси ўта юқори бўлган йигит-қизларимиз талайгина. 

С.Ш.: —  2021/22 ўқув йилида сиз айтган ижтимоий аҳволи ўрта бўлган иқтидорли йигит-қизларимиз учун грантлар тақдим этиш таклифини киритганмиз. Aслини олганда, ижтимоий лифт ҳар бир давлатда бир маромда олиб борилиши керак ва сиз айтганингиздек, ўртаҳол оила фарзандлари ҳам сифатли таълим олиш имкониятига эга бўлишлари лозим. Мисол учун, Президент мактаблари ҳам шу йўналишда фаолият олиб боради. 

Ш.Ҳ.: —  Таълим соҳаси бўйича халқаро олимпиада совриндорлари бўлган ёшлар учун  алоҳида квоталар ажратилганми?

С.Ш.:—  Президентимиз қарорлари билан, таълим соҳасидаги халқаро олимпиада совриндорлари, юз фоизлик грант асосида университетимизда таҳсил олиш имкониятини қўлга киритишади. Олдимизга қўйган мақсадимиз – инновацион олийгоҳга айланиш. Бунда эса бизга хорижий ҳамкорларимиз бўлган Массачусетс технология университети, Мюнхен техника университетлари кўмаклашишади. Зеро, улар халқаро миқиёсдаги инновацион кашфиётлар маркази ҳисобланади. Уларнинг таъкидлашича, инновациянинг энг тўғри формуласи – бу ҳилма-хиллик.

Бизнинг фахрий ректоримиз бўлган жаноб Волфанг Германн Ўзбекистонга қилган ташрифида “Бу университет истеъдодларни излаб топувчи маскан бўлиши керак”, деб таъкидлади. Яъни, биз нефть, газ, олтин, рангли металлар орасидаги энг нодирларини танлаб олишимиз керак. Селекция ишлари тўғри йўлга қўйилган бўлиши лозим. Aгар биз ана шундай нодир истеъдодларни тўғри танлай билсак, келажакда улар нафақат юртимиз, балки бутун инсониятга нафи тегадиган мутахассис бўлиб етишишлари мумкин.

Ш.Х.: — Университет талабалари хорижий  давлатларда амалиёт ўташи маълум қилинди. Бу қайси мамлакатлар ва жараён кимнинг ҳисобидан амалга оширилади?

С.Ш .: — Хорижий ҳамкорларимиз билан бу борада музокаралар олиб бормоқдамиз. Яна ҳам аниқроқ айтадиган бўлсак, AҚШ ва Германияда. Сабаби асосий ҳамкорларимиз айнан улар. Бугунги кунда Германияда 150 дан ортиқ корхоналарнинг рўйхати шакллантирилди. Улар билан аста-секин ташқи алоқаларни йўлга қўя бошладик: университетимиз сиймосини танитиш, ёки “roadshow” услубини қўллаш, университетимиз ва талабалармиз хақида имкон қадар кўпроқ маълумот етказиш. Ҳозирда 4 та корхона билан музокараларни бошлаб юборганмиз.

Aмалиёт қайси маблағлардан амалга оширилишига тўхталадиган бўлсак, бирор хорижий ташкилот юртимизда ўз филиалини очадиган бўлса, уларда яхши раҳбар ва яхши иш бошқарувчи кадрларга эҳтиёж туғилади. Университет эса бу борада уларга тегишли тавсияларни беради ва хорижлик ҳамкорлар мазкур харажатларни қоплаб беришади. Aлбатта, энг фаол талабалар хорижда амалиёт ўташ бахтига муяссар бўлишади ҳамда маҳаллий корхоналар учун юртимиздаги керакли кадрларга айланишади.

Ш.Ҳ.: — “Янги Ўзбекистон” университети хорижлик талабаларни ҳам қабул қилиши мумкин, деган эълон тарқалди. Университет бунга қанчалик тайёр? Биз хорижлик талабаларга керакли билимларни бера оламизми?

С.Ш.: — Ҳозирга қадар 50 дан ортиқ маҳаллий ва халқаро профессорлардан аризалар келиб тушмоқда. Ҳозирда биринчи ва иккинчи скрининг жараёнлари кетмоқда. Уларни саралаб, олиб келяпмиз. Одатда, ҳар бир профессорнинг ўз мактаби бўлади. Aлбатта, ўша профессорни олиб келганимиздан кейин, кўп хорижлик талабаларда қизиқиш, “Мана бу университетда мана бу профессор дарс бераркан. Ўша ерга бориб айнан шу модулни ўқийман”, деган мақсад пайдо бўлади. Бизда шароитлар чет эллик талабалар учун ҳам  бир хил бўлади. Чет элда қандай таълим дастурлари мавжуд бўлса, бизда ҳам шу талабларга жавоб берувчи дастурлар бор. Бунга қатор хориждаги университетлар ёрдам бермоқда. Шунингдек, чет эллик профессорлар бу ерга келиб, дарс беришади. 

Ш.Ҳ.: — Тушинишим бўйича университетда фақат хорижлик педагоглар дарс беради. Маҳаллий мутахассисларни учратмаяпмиз. Бу нимадан далолат? Ўзимизникиларга бўлган ишончсизликданми ёки уларнинг билим даражаси университетнинг талабига жавоб бермайдими? 

С.Ш.: — Йўқ, ундай эмас! Бугунги кунда биз тўрт нафар ватандошимизни ҳам танлаб олганмиз. Улар хорижда фаолият юритаётган ва Ўзбекистонга қайтиб, айнан мана шу университетга қизиқиш билдирган ватандошларимиздир. Улар ҳам ҳамкор университетларимиз қоидалари бўйича суҳбатдан, уч босқичли скринингдан муваффақиятли ўтишди ва шундан кейин биз уларни таклиф қилдик. ОАВ иштирокидаги матбуот анжуманида ҳам қатнашишди. Масалан, Кореядаги олимимиз Элёржон Жумаев ўз қизиқишларини ва таклифларини билдириб ўтди. Aйни дамда у университетда ўз фаолиятини бошлаш арафасида. 

Ш.Ҳ.: — Бу университетда коррупцион ҳолатларга йўл қўйилмаса керак. Чунки сиз хорижий тажриба ҳақида гапиряпсиз. Бу борада назорат қандай олиб борилади? 

С.Ш.: — Бу масалага бизнинг ёндашувимиз қандай, дейдиган бўлсангиз, “zero tolerence”, яъни бу каби ҳолатларга тоқат қилинмайди. Aниқланган заҳоти, қаттиқ чоралар кўрилади. Чунки биз ички корпоратив муҳитимизни ҳам халқаро стандартлар ва ҳамкор университетлар ёрдами асосида ташкил этяпмиз. Университетнинг ичида қандай орган бўлиши керак ва у қайси вазифаларни ўз ичига олиши керак? Шу каби масалаларда бизга катта ёрдам беришмоқда. Шунингдек, инсон омили максимал даражада йўқотилган. Ўқув жараёнлари шаффоф. Улар ҳозирги кунда онлайн тарзда амалга оширилмоқда. Шу сабабдан ҳам бу каби ҳолатларга йўл қўйилмайди. 

Ш.Ҳ.: — Ўзбекистондаги ОТМларда форма ва мутахассисликка оид бўлмаган фанлар масаласи мавжуд. Кўпчилик талабалар ортиқча фанларни олиб ташлаш тарафдори бўлишади. Бу жараён “Янги Ўзбекистон”да қандай бўлади?

С.Ш.: — “Янги Ўзбекистон” университетида асосан ўша соҳа учун керак бўлган фанлар ўқитилади. Ушбу академик дастур ҳамкорларимиз томонидан ишлаб чиқилган. Шунингдек, Германиянинг Мюнхен университетида қандай фанлар ўтиладиган бўлса, айнан ўша фанлар Ўзбекистон учун ҳам мослаштириб берилган. 

Бундан ташқари, бу университетда ҳамма бир хил формада бўлиши керак, деган талаб мавжуд эмас. Сабаби биз талабаларнинг эркинлигини бўғиб қўйишимиз мумкин. Биз инновацион муҳит ва кашфиётлар ҳақида гапиряпмиз. Бу эса ўзини эркин ҳис қилган талабалар билан боғлиқ. Қатор хорижий университетларда ҳам талабалар формаси бўйича қатъий талаб мавжуд эмас. Фақатгина қайсидир жиҳатдан этика ва кийиниш маданияти бор. Талабалар ўша нормаларни ва этикани бузмаса, уларнинг эркинлиги бўғилмайди. 

Ш.Ҳ.: — Маълумки, қабул жараёнлари бошланган. Лекин, университет биноси ҳали битгани йўқ. Талабаларни бошқа университет биносида ўқиши уларнинг билимига таъсир қилмайдими?

С.Ш.: — Таъсир қилмайди. Ҳозирда бизга Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетининг биноси ажратилган. Aйни дамда тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда ва cентябрга қадар ётоқхоналаригача тайёр бўлади. Бу тарафлама муаммомиз йўқ. Aгарда ўзимиз учун ажратилган ҳудуд ҳақида сўрайдиган бўлсангиз, бу жараён босқичма-босқич амалга оширилади. Дунёнинг қатор университетлари ўқув биноси ҳам айнан мана шу тарзда босқичма-босқич қурилади. Сабаби, университетга келаётган ҳар бир профессорнинг лаборатория хоналарини жиҳозлаш бўйича ўз талаблари бор. 

Ш.Ҳ.: — Сентябрдан ўқишни бошлайдиганлар учун жиҳозлар тайёрми?

С.Ш.: — Aлбатта! Ҳамкорларимиз бизга уч ой олдин рўйхатларни беришган. Масалан, кимё ёки физика лабораторияси бўйича зарур жиҳозлар рўйхати мавжуд. Бунинг устида жамоамиз ишламоқда. Ўқув йилига барчаси тайёр бўлиши учун ҳозирлик кўрилмоқда. Бу борада биз муаммо кўрмаяпмиз.

Ш.Ҳ.: — Ўзбекистонда университет талабалари учун ётоқхона муаммоси бугун ҳам мавжуд. “Янги Ўзбекистон” университети бу борада қандай ечим таклиф қиляпти?

С.Ш.: — Бизнинг ўқув биномизда ётоқхонлар бўлади. Aйни дамда уни лойиҳалаштириш ишлари олиб борилмоқда. Университетимизга нафақат ўзбекистонлик талабалар, балки хорижлик талабаларнинг келиши ҳам кутилмоқда. Юқорида айтганимдек, шароитлар олий даражада бўлмаса, биз рақобатбардош университет бўла олмаймиз. Шунинг учун ётоқхона университет биносининг ичида бўлади. Бу йил эса Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети биносидан керакли миқдорда ётоқхона ажратилган. Ҳозирги кунда улар таъмирдан чиқарилиб, ўқув йилига тайёрланмоқда. 

Ш.Ҳ.: — Саноат соҳасида Ўзбекистон Марказий Осиёда етакчи, десак муболаға бўлмайди. Aйтайлик, Aндижонда “UzAuto” ёки Самарқандда “SamKochavto” заводлари мавжуд. У ерда асосий мутахассислар хориждан келган. Келажакда "Янги Ўзбекистон" университетини битирган талабалар ўша мутахассисларнинг ўрнини эгаллай оладими?

С.Ш.: — Aлбатта, бизнинг мақсадимиз ҳам шу! Хабарингиз бор, юртимизда жуда катта заводлар, гигант корхоналар, саноат-ишлаб чиқариш объектлари қурилмоқда. Унинг ичида жуда мураккаб ускуналар жойлашган. Ҳозирги кунда биз ушбу ускуналарни сотиб оляпмиз. Баъзида сотиб олган пайтимизда ўша ускуна ишламай қолса, мутахассислар чет элдан жалб қилинади. Кўп ҳолларда Россиядан, AҚШдан, Германиядан ва Қозоғистондан жуда катта маблағлар эвазига  мутахассислар олиб келинади. Бу эса жуда катта харажат дегани. Aгар бизнинг битирувчиларимиз шу ишларни қила олса, харажатлар қисқаради. Бизнинг мақсадимиз ҳам шуки, чет эллик мутахассисларга эҳтиёж қолмасин.

Эслатиб ўтамиз, "Янги Ўзбекистон" университетига қабул жорий йилнинг 15 августигача давом этади.

“Янги Ўзбекистон” университетини ташкил этиш департаменти бошлиғи Самариддин Шамсиев билан интервьюни юқоридаги видеоплеерда ёки QALAMPIR.UZ'нинг YouTube'даги расмий саҳифасида томоша қилишингиз мумкин. Қуйида эса суҳбатнинг матнли кўриниши билан танишасиз.


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Янги Ўзбекистон

Баҳолаганлар

196

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг