Арипов Президент номидан Паралимпиячиларга раҳмат айтди
Спорт
−
06 Сентябрь 2021
8193Бугун, 6 сентябрь куни Токио Паралимпиадаси иштирокчиларини “Янги Ўзбекистон” боғида тантанали тақдирлаш маросими ўтказилди.
Унда сўзга чиққан Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов, Паралимпиячиларни табриклаб, Президент ва ўзбек халқи номидан миннатдорлик билдирди.
“Ассалому алайкум, ҳурматли Паралимпиячилар, Ватанга хуш келибсиз. Сизнинг ғалабангиз Президентимиз юритаётган оқилона сиёсат натижасидир. Ўтган 5 йил давомида энг нуфузли турнир ҳисобланган Паралимпия ўйинлари учун муносиб тайёрланишга барча шароитлар яратиб берилди. Токиога жўнаб кетишдан аввал Ўзбекистон Паралимпия қўмитасида бўлиб ўтган учрашувда шода-шода медалларни қўлга киритинглар, деб яхши ният қилган эдик. Дунё давлатлари ичида 19 та медаль эвазига 16-ўрин қўлга киритилди. Барчангизни ушбу ғалаба билан табриклайман”, дейди Арипов.
Шунингдек, Бош вазир Паралимпиячилар нима учун “Янги Ўзбекистон” боғида тақдирланганига изоҳ берди:
“Олимпиада ўйинларидан сўнг, спортчиларимизни Миллий Олимпия қўмитасида тақдирладик. Улар жорий йилнинг 31 август куни “Янги Ўзбекистон” мажмуасидаги байрам тантаналарида иштирок этди. Паралимпиячиларимиз эса шу куни баҳсларда қатнашаётган эди. Шунинг учун Президентимиз топшириғини бажарган ҳолда ушбу масканда уларни кутиб олдик. Келажакда бунданда катта ютуқларга эришишни тилаб қоламан. Барчангизга Ўзбекистон Республикаси Президенти ва азиз халқимиз номидан миннатдорчилик билдираман.”
Эслатиб ўтамиз, олтин медални қўлга киритган спортчиларга Chevrolet Tahoe русумли автомобиль ҳамда 200 минг АҚШ доллари, кумуш медаль қўлга киритганларга Traverse автомобили ва 100 минг АҚШ доллари, бронза медаль олган совриндорларга эса Traiblazer русумли автомобил ҳамда 50 минг АҚШ доллари миқдорида пул мукофоти тақдим этилди.