Онангни қози сўкса... Психотроп дори сотишда айбланган йигит нега бошқа модда билан қамалди?
Жамият
−
15 Октябрь 2021
138292021 йил 25 сентябрь, кечки соат 17:00 лар атрофида Чилонзор тумани ИИБ ходимлари томонидан Психотроп дори воситалари сотилишига қарши махсус тадбир ўтказилган. Чилонзор тумани 6-даҳа 44-уй 38-хонадонда жойлашган дорихонада психотроп дори воситаси рецептсиз сотилгани аниқланиб, дорихона сотувчиси Орузбек Шамсиев Чилонзор тумани ИИБга олиб кетилади.
Икки сутка давомида ноқонуний ушлаб турилган Орзубек Шамсиевга адвокат билан учрашишга рухсат берилмайди. Энг қизиғи, дорихона сотувчиси психотроп дори воситасини сотгани учун эмас, балки Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси “Майда безорилик”, 194-модда 1-қисми Ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик билан айбланиб, 15 суткага қамалган.
Суд қарори ва терговдаги процессуал ҳаракатлардан норози Орзубек Шамсиевнинг адвокати QALAMPIR.UZ’га мурожаат қилди.
“2021 йилнинг 25 сентябрь ИИБ томонидан ўтказилган тадбир айнан Чилонзор тумани 6-даҳа 44-уй 38-хонадонда жойлашган дорихонада ўтказилишга қаратилган. Айни шу куни соат 17:00 лар атрофида мижозимни ИИБга олиб кетишган. Мижозим Орзубек Шамсиев дорихонадан ИИБ ходимлари билан бирга чиқиб, ўз ихтиёри билан эшикни ёпган, у ҳеч қандай қаршиликсиз бўлимга борган. Орадан бироз вақт ўтгач, Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги ходимлари келиб дорихона эшигини муҳрлаган, муҳр босилган қоғозда эса мавжуд нормаларга кўра муҳрланган сана қўйилмаган. Ушбу ҳолат юзасидан менга мурожаат қилишди ва адвокат сифатида фаолиятимни бошладим. 29 сентябрь куни мижозим билан гаплашиш мақсадида пойтахтдаги “Панельный” номи билан тилга тушган ҳибсхонага бордим. Мижозим Орзубек Шамсиев билан суҳбатлашиш давомида уни нега қамалгани ҳақида сўрадим. У “Психотроп дори воситаларини рецептсиз сотганим учун”, деб жавоб берди. Мен эса уни қарор билан таништирдим. Унга Ўзбекистон Республикаси МЖТК 183-моддаси 1-қисми (Майда безорилик) билан қамалганини айтганимда, шокка тушиб қолди”, дейди адвокат Хайрулла Пардаев.
Ҳимоячи мижози Орзубек Шамсиев билан суҳбатлашиб, барча ҳужжатларни тўплаган ва дорихона атрофидаги кузатув камераларини қайд этган видеоёзувларни ҳам қўлга киритишга муваффақ бўлган. Адвокат воқеаларни Орзубек Шамсиевдан эшитганидан сўнг, ишда англашилмовчилик борлигини сезган.
Ҳимоячи барчасини синчиклаб ўрганар экан, бир-бирига тўғри келмайдиган ҳолатларга дуч келади. Унинг айтишича, ИИБ ходимлари Орзубек Шамсиевни Психотроп дори воситаларининг сотилишига қарши тадбир доирасида олиб кетиб, майда безориликда ва Ички ишлар ходимлари фаолиятига қаршилик кўрсатганлик учун қамашганди. Адвокат сўзида давом этаркан, мижозига қарши кўрсатма берган гувоҳлар ҳам ёлланма эканини иддао қилади.
“ИИБдан Орзубек Шамсиевга тегишли барча йиғма жилдини олдик. Жилднинг юза қисмида рўйхат бўлиши керак. Афсуски, бу ерда рўйхат йўқ. Ҳар бирида варақ рақами бўлиш керак эди. У ҳам йўқлиги сабабли ўзим қўйиб чиққанман. Йиғма жилднинг 5-варағида биринчи аризачи Барно Шарипованинг аризаси турибди. Унинг ёзишича, 25 сентябрь куни 6-мавзе 44-уйда жойлашган дорихонада ишлайдиган ходим кечки соат 23:00 дан кейин дорихонага келган мижоз билан психотроп дори воситалар таъсирида аҳолига тинчлик бермасдан, уятли сўзлар билан сўкиниб, жанжаллашиб, аҳоли тинчлигини бузган. Шуларни инобатга олиб, дорихона ишчисига қонуний чора кўришлари сўралган. Айнан шунга эътибор қаратишингизни сўрардим. ИИБ томонидан 25.09.2021 да ўтказилган тадбир 17:54 да тугаган ва мижозим Орзубек Шамсиев ўша заҳоти ИИБга олиб кетилган, буни камера қайдлари исботлаши мумкин. Аризачи эса 23:00 дан кейин жанжал бўлганини айтган. (!) Афсуски, аризада кўрсатилган вақтда дорихонанинг эшиги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги ходими томонидан муҳрланган ва мижозим ИИБда бўлган. Шу сабабли ҳам бу гувоҳни ИИБ томонидан ёлланган аризачи, деб ҳисоблайман.
Иккинчи аризачи Жумавой Эргашев эса айни шу дорихонада ўткир психотроп дори воситалари сотилаётгани сабабли дорихона ходимларига нисбатан чора кўрилишини сўраган. Шу билан бирга, у, дорихона ёнидан уч кун олдин ўтиб кетаётган вақтида икки йигит уятли сўзлар билан ҳақорат қилгани, улардан бири эса дорихонада ишлайдиган йигит эканини ёзади. Аризачи мижозимни 22 сентябрь куни ишда бўлгани ҳақида айтган. Лекин, 22 сентябрь куни дорихонанинг бошқа ходими навбатчи бўлгани сабабли мижозим Орзубек дорихонага бормаган.
Яна бир нарсани алоҳида айтиб ўтиш керакки, ҳар иккала аризада ҳам психотроп модда, деб тўғридан-тўғри йўналтирувчи кўрсатма бершган. Бу билан мижозимнинг айбсизлик ҳуқуқи таҳдид қилишмоқда. Суд тиббий экспертиза хулосаси эълон қилинмай туриб, психотроп дори воситаси, деб айтишга”,дейди Орзубек Шамсиевнинг адвокати Хайрулло Пардаев.
Адвокат мижози Орзубек Шамсиев устидан ариза билан мурожаат қилган иккала фуқаро ҳам ёлланма эканини айтганидан сўнг, воқеани ўрганиш мақсадида, аризачилар яшайдиган манзилга етиб бордик. Биринчи аризачи Барно Шарипова ўзи ёзиб қолдирган манзилда аслида унинг отаси яшашига гувоҳ бўлдик. Ўрганиш жараёнида аризачининг ўзи ҳужжатларга ёзилган манзилнинг ён томонидаги кўп қаватли бинода истиқомат қилиши маълум бўлди.
“Сизларга манзилни ким берди? Менга ариза ёздирганида "Сени ҳеч ким безовта қилмайди, ёзиб бер”, деган эди. Ҳеч ким келиб безовта қилмаса, кўзим билан кўрганимни айтаман, деган эдим. Ўша ерда уруш бўлди. Битта болани уриб қулоғини ва юзини йиртиб, ёриб юборишди. Дод-вой! Хуллас, тинчлик бўлмай қолди. Шу сабабли, у ерда 12 киши ариза ёзиб берган эди. Нега энди айнан менинг олдимга келдингиз? У ерда қамалади эмас, "Дорихонани ёпамиз", дейишганди. Мен бу гапни унинг олдида ҳам айтишим мумкин. Нега қамалганини мен билмайман. Ҳеч нарса бўлмайди, фақат дорихонани ёпамиз дейишганди. Психотроп дори 100% сотилган. “Тропикками” ва “зардек” номли дори бор экан, болалар думалаб ётганида, уни расмга олиб, томорқанинг ўзидан 6-7 та “глазной” психотроп дорини ўзига олиб бориб отганман”, дейди аризачи Барно Шарипова
“Мижозимдан тушунтириш хати ёзиш талаб этилган, лекин исм фамилияси ёзилмаган. Фақат бош тортди, деб ёзилган, холос. Тушунтириш хати ёздириш вақтида, биринчи навбатда тергов органи ходими ҳолат юзасидан далолатнома тузиши керак. Унда гумонланувчи тушунтириш хати ёзиши, имзо қўйишдан бош тортгани акс эшиттирилиши керак. Афсуски, ушбу далолатнома тузилмаган. ИИБда қандай ҳужжат тўпланган бўлса, ҳаммасидан нусха олганман. Ҳужжатнинг 17-варағида исм фамилияси йўқ. Мижозимни тинтувдан ўтказиш юзасидан баённома тузилган. Тинтув холислар иштирокида бўлади. Холислардан бири Арслонбек Раимов экани ёзилган. Афсуски, унинг яшаш манзили сохталаштирилган. Яна бир нарсага эътибор қаратилишини сўрардим. Шахсий тинтув ўтказилганини тасдиқлаш учун айбланувчининг имзоси бўлиши керак. Лекин, менинг мижозим Орзубек Шамсиевнинг имзоси йўқ.
Энди маъмурий ушлаб туриш учун баённомага қарасак. Менинг мижозим 25 сентябрь куни 17:30 лар арафасида ушлаб кетилган. Лекин, маъмурий ушлаб туриш тўғрисидаги баённома 26 сентябь куни орадан 7,5 соат вақт ўтиб, расмийлаштирилган. 26 сентябрь 00:30 да маъмурий ушлаб туриш учун баённома расмийлаштирилган. Шахсни маъмурий озод қилиш тўғрисида қарор бор. Айни шу қарорда ҳам 26 сентябръ 00:30 да шахсни маъмурий озод қилиш тўғрисида қарор қабул қилинган. Шу билан бирга, 27 сентябрь куни 00:30 га қадар ушлаб туриш мумкинлиги ёзилган. Мен 27 сентябрь куни кечаси соат 1:00 лар чамаси Чилонзор туман 1-сон ИИБга бордим. 26 дан 27 сентябрга ўтар кечаси навбатчиликда турган капитан Тўлқин Эшқувватовдан мижозим ҳақидаги маълумотларни сўраганимда, терговчи уни туман ИИО ФМБга олиб кетишганини айтди. Мен эса туман ИИБга йўл олдим”, дейди адвокат.
Адвокат Чилонзор туман ИИБ қабулхонасида терговчи билан учрашиб қолиб, мижози ҳақида сўраганида, терговчи Орзубек Шамсиев Чилонзор тумани 1-сон ИИБда эканини айтади. Шу заҳоти ортига қайтиб борган ҳимоячи мижози қачон ва қай вақтда олиб келинганига аниқлик киритишни бошлайди. Аниқланишича Орзубек Шарипов 25 сентябрь куни кечқурун 22:30 да рўйхатга олинган. Навбатчидан нима асосда 24 соатдан ортиқ ушлаб турганларини сўраган адвокат асосли жавоб ололмайди.
“Шу заҳоти 1-ИИБнинг ўринбосарига қўнғироқ қилиб, вазият тушунтирилди. Хуллас, у бунга, бу унга солиб, соат 3:00 гача мижозимни қўйиб юборишмади. Энг кулгилиси эса ИИБ ходимлари бир “финт” ишлатиб, мижозимни камерадан соат 1,5-2 атрофида чиқариб, камера ёнига қўйишган. Худдики, у камеранинг ичида эмас, балки ўз ихтиёри билан ташқарида тургандек. 1-сон ИИБда мижозимни соғлиғи 24 соатдан ортиқ ушлаб турилгани юзасидан тортишгандим. Шу орада Ички ишларда ишлайдиган бир одам келиб, мижозимни олиб кетди. Орзубек билан учрашишга рухсат беришмади. Суд қачонлиги ҳақида ҳам маълумот бермай, суд мажлисини адвокатсиз ўтказишди.
28 сентябрь куни суд қарорини қўлимга олдим. Мижозим икки сутка ноқонуний ушлаб турилиб, суд қарори ўқилди. Қарорда икки сутка ушлаб турилгани ҳақида ёзилмаган ва айбини тан олди, деб ёзилган. Лекин, иш ҳужжатларида айбини тан олгани ҳақида имзо йўқ. Суд вақтида судья дорига оид саволлар берган ва у айнан психотроп дори воситаларини сотганлик учун қамаляпман, деб тушунган. Унинг айтишича, 20-30 та фуқаронинг маъмурий ишларини йиғиб туришгани боис суд мажлиси жуда тез тугатилган.
Ҳар бир фуқаро айби учун жавоб бериши керак. Лекин, қилмаган иши учун қамаш – ҳуқуқлар бузилишига киради. Шу сабабли ҳам ишга алоқадор барча далилларни тўплаб, ҳужжатлардан нусхалар олиб, 4 октябрь куни апелляция шикоятини киритдим. Суд вақтини айтишмади, анча кутиб, кечки пайт соат 17:00 лар атрофида кетишимиз билан суд мажлиси соат 18:00 лар атрофида ўтказилган. Суд биринчи инстанция қарорини кучда қолдирган”, дейди Орзубек Шамсиевнинг адвокати Хайрулло Пардаев
Жиноят ишлари бўйича Чилонзор туман судининг чиқарган қарорини олган адвокат, қайтадан ариза ёзиб, Олий судга мурожаат қилган. У 6 октябрда кун давомида Олий суд фуқаролар қабулхонаси олдида ўтирган. Айни шу куни 18:00 га белгиланган суд мажлислари рўйхатида фуқаро Орзубек Шамсиев иши киритилмаган ҳам. Қийинчиликлар билан судга кирган ҳимоячи Олий суддан адолат кутгани, лекин ҳаммаси бошқача бўлгани ҳақида айтади.
“Суд бошланди, иш юзасидан ҳамма нарсани синчиклаб тушунтириб беришга ҳаракат қилдим. Дорихона ёнидаги камера қайдларигача тақдим қилдик. Судья барча далилларни ўқиб, кўриб туриб ҳам биринчи ва иккинчи инстанция судларини ажрими ва апелляция инстанцияси қарорини ҳам ўз кучидан қолдирди. Кассация шикоятимизни ҳам қаноатлантиришни рад қилди.
Олдин ОАВ орқали чиқиш қилмаганман. Бу ишда қонун бузилиши бўлаётгани, бир инсоннинг ҳуқуқлари бузилганини кўриб, жим туролмадим. Тергов, суд органларига ҳеч ким янгилик яратиш ҳақида гапирмаяпти. Фақат МЖТКни яна судлар томонидан маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўришни тартибга солувчи айрим масалалар тўғрисидаги пленум қарорини тўғри қўлланилишини сўрайман. Айни шу ишга алоқадор видеоларни кўрган ва тергов ҳужжатларини ўқиган, юридик маълумотга эга бўлмаган одам ҳам туҳмат бўлганини тушунади. Нотўғри қарор қабул қилиниши оқибатида бир инсоннинг ҳуқуқлари топталгани, уни 15 кун озодликдан маҳрум қилиб, ҳаёти ўзгариб кетишига бўлинганини кўриш мумкин”, дейди адвокат.
QALAMPIR.UZ таҳририяти психотроп дори воситаларини сотганларга қарши тадбирлар ўтказилиши қўллаб-қувватлайди. Бундай иш билан шуғулланганлар қонун олдида тегишли жазосини (!) олишига ҳам ҳеч ким қаршилик қила олмайди. Бироқ, жазо жиноятга яраша бўлиши керак.
Аслида Орузбек Шамсиев Жиноят Кодексининг 1863-моддаси – “Таркибида кучли таъсир қилувчи моддалар мавжуд бўлган дори воситаларини рецепт бўйича чакана реализация қилиш тартибини бузиш” билан жавобгар ҳисобланади.
ИИБ ходимлари келганда уларга қаршилик кўрсатмаган, ҳеч қандай майда безорилик қилмаган Орзубек Шамсиев МЖТКнинг 183-моддаси “Майда безорилик”, 194-модда 1-қисми Ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик билан айбланиб 15 суткага қамалган.
Ҳар ҳолда бошқа сабаб билан ИИБга олиб борилиб, бошқа модда билан қамалиш Янги Ўзбекистонда биринчи марта кузатилаётгани йўқ. Балки бу Янгига эскидан қолган меросдир.
Журналистик суриштирувни QALAMPIR.UZ’нинг YouTube’даги саҳифасида томоша қилишингиз мумкин.
LiveБарчаси