Россияда гвардия генерали қўлга олинди
Олам
−
04 Ноябрь
22300Москва ҳарбий суди Россия гвардияси бошлиғининг моддий-техника таъминоти бўйича ўринбосари, генерал-майор Мирза Мирзаевни порахўрлик иши бўйича ҳибсга олди. Бу ҳақда ҳуқуқ-тартибот идораларидаги манбасига таяниб, ТАСС хабар берди.
Суд уни 2025 йил 2 январга қадар тергов ҳибсхонасига жўнатган. “Маsh” Теlegram-канали хабарига кўра, 52 ёшли Мирзаев йиғма бинолар учун модул етказиб берувчидан 140 миллион рубль талаб қилган ва пул бўлмаса, 480 миллионлик шартномани бузиш билан таҳдид қилган. Компания воситачи орқали генералга пул ўтказган ва иккаласи ҳам қўлга олинган. Айтилишича, Мирзаевнинг ҳимоячиси уй қамоғини сўраган, бироқ суд уни ҳибсга олган.
2024 йил апрелидан бери Россияда Мудофаа вазирининг уч собиқ ўринбосари коррупцияда айбланиб ҳибсга олинган: Дмитрий Булгаков, Тимур Иванов ва Павел Попов.
Маълумот учун, Мирза Мирзаев, тўлиқ исми-шарифи Мирза Маис ўғли Мирзаев 1972 йил 26 майда туғилган. 2006 йилда Санкт-Петербургдаги Ҳарбий логистика ва транспорт академиясини тамомлаган. 2015 йилда Марказий сайлов комиссияси маълумотларига кўра, Мирза Мирзаев Ставрополь ўлкасидан Буденновск думасига депутатлар сайловига кўрсатилган. Бу вақтда у шаҳар ҳарбий қисмларидан бирида ишлаган. Мирзаев аввалроқ Россия гвардиясининг “энг бой” генерали деб аталган – унинг бир нечта қимматбаҳо машиналари ва кўчмас мулки бор, уларнинг қиймати юзлаб миллион рублга баҳоланади. Мирза Мирзаевнинг 48 миллион рубллик бир нечта қимматбаҳо машинаси, Кисловодскдаги 50 миллионлик саройи бор.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Россия Федерацияси Мудофаа вазири ўринбосари Тимур Иванов пора олишда гумонланиб қўлга олинганди. Кейинчалик матбуотда унинг порахўрликда эмас, давлатга хиёнатда гумон қилинаётгани ҳақидаги миш-мишлар тарқалди.