Президент Мирзиёевнинг олимпиячилар билан учрашувидан фоторепортаж

Жамият

image

Аввал хабар берганимиздек, бугун, 13 август куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Токио Олимпиадаси совриндорлари, уларнинг ота-оналари ва мураббийлари билан учрашди.

Давлат раҳбари учрашувда Олимпия ўйинлари ғолиб ва совриндорлари ҳамда уларнинг ота-оналарига миннатдорлик билдирди. Шунингдек, маросимда Шавкат Мирзиёевнинг “Токио Олимпиадасида ғолиб ва совриндор бўлган спортчиларимиз ҳамда уларнинг мураббийлари давлатимизнинг фахрий унвон, орден ва медаллари билан мукофотлаш тўғрисида”ги фармони ўқиб эшиттирилди

Фармонга мувофиқ, Президент томонидан Олимпиада ғолиб ва совриндорлари давлат мукофоти билан тақдирланди. Олимпиада афсонасига айланган Оксана Чусовитинага Токио Олимпиадасидаги иштироки ҳамда Ўзбекистон гимнастикаси ривожига қўшган ҳиссаси учун “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган спорт устози” фахрий унвони берилди. Бундан ташқари, спортчиларнинг мураббийлари ва Олимпия ўйинларида қатнашган иштирокчиларга пул мукофотлари тақдим этилди.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 23 июлидан 8 августига қадар Япония пойтахти Токиода XXXII ёзги Олимпия ўйинлари бўлиб ўтди. Ушбу мусобақада 67 нафар вакил 17 та спорт турида Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилди. Улар жорий йилнинг 9 август куни Ватанига қайтди ва Тошкент халқаро аэропортида муносиб кутиб олинди. 

Маълумот ўрнида, Ўзбекистон вакиллари Токио-2020 Олимпия ўйинларида умумий ҳисобда 5 та медаль қўлга киритди ва жаҳон рейтингида 32-ўринни банд этди. Қайд этиш керакки, ушбу натижа туркийзабон ҳамда Марказий Осиё давлатлари орасида биринчи бўлиш учун етарли бўлди.  

Токиода Улуғбек Рашидов (таэквондо), Акбар Жўраев (оғир атлетика) ва Баҳодир Жалолов (бокс) олтин, Давлат Бобонов (дзюдо) ва Бекзод Абдураҳмонов (эркин кураш) эса бронза медалига эга чиқди.

Маълумот учун, Ўзбекистонда Олтин медаль қўлга киритган спортчиларга 200 000 доллар, бронза медаль соҳибларига 50 000 доллар мукофот пули берилиши кўзда тутилган. Бундан ташқари, Олимпиадага лицензия олган 67 нафар спортчининг ҳар бири 100 миллион сўм, мураббий эса 50 миллион сўм билан рағбатлантирилган эди. Бундан ташқари, жорий йилнинг 9 август куни Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитасида бўлиб ўтган ғолиб ва совриндорларни тақдирлаш маросимида Олимпия чемпионлигини қўлга киритган Улуғбек Рашидов, Акбар Жўраев ва Баҳодир Жалолов Tahoe автомобили ҳамда уч хонали “коттеж” билан, бронза медалга эга бўлган Беҳзод Абдураҳмонов ҳамда Давлат Бобонов TrailBlazer ва икки хонали уй билан тақдирланди.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

189

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг