Президент Олимпиада совриндорларининг ота-онасига миннатдорлик билдирди

Жамият

image

Аввал хабар берганимиздек, бугун, 13 август куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Токио Олимпиадаси совриндорлари, уларнинг ота-оналари ва мураббийлари билан учрашди.

Давлат раҳбари учрашувда Олимпия ўйинлари ғолиб ва совриндорларига, уларнинг ота-оналарига миннатдорлик билдирди.

“Бугунги тантанали маросимда иштирок этаётган қаҳрамон ўғлонларимиз – Токио Олимпиадаси ғолиблари ҳақида ҳар қанча фахрланиб гапирсак арзийди, албатта.

Жамоамизга илк олтин медални тақдим этган 19 ёшли спортчимиз, таэквондо устаси Улуғбек Рашидовга ва унинг даврамизда иштирок этаётган ҳурматли отаси Исматилла Рашидов ҳамда онаси Оксана Даниленкога эл-юртимиз номидан ташаккур билдирамиз”, дейди Президент Мирзиёев.

Давлат раҳбари Улуғбек Рашидов Ўзбекистон тарихида Олимпия олтин медалини қўлга киритган энг ёш спортчи сифатида ном қозонганини урғулади.

“Маҳоратли полвонимиз Акбар Жўраевнинг умумий ҳисобда 430 килограммлик маррани эгаллаб, Олимпия рекордини ўрнатгани ва иккинчи олтин медални қўлга киритгани барчамизга улкан қувонч бағишлади.

Мана шундай мард ва паҳлавон йигитни тарбиялаган Акбаржоннинг онаси Норматова Ҳафизахон синглимизга самимий раҳматимизни айтамиз”, дея Шавкат Мирзиёев оғир атлетикадаги ғалабани қайд этди.

Президент супероғир вазн тоифасида Олимпиада чемпиони бўлган Баҳодир Жалоловнинг ғалабасини алоҳида эътироф этиб, унинг онасини табриклади.

“Алпомишлар юрти – Сурхон заминида туғилган енгилмас спортчимиз Баҳодир Жалоловни ҳаммамиз яхши биламиз.

Исми жисмига мос бу азамат йигит ва унинг меҳрибон онаси Сабоҳат Жалоловани барчамиз қизғин қутлаймиз. Мен улар билан аввал ҳам учрашиб, самимий суҳбатлашганимни ҳамиша яхши таассуротлар билан эслайман.

Баҳодир азиз онасига, халқимизга берган ваъдасининг устидан чиқиб, Ватанимизга учинчи олтин медални туҳфа қилди. Шу тариқа ўзбек бокс мактабининг шон-шуҳратини янада юксак босқичга олиб чиқди.

Миллий дзюдо мактабимизнинг забардаст вакили Давлат Бобонов ва маҳоратли эркин курашчимиз Беҳзод Абдураҳмоновни кескин беллашувларда бронза медалларини қўлга киритганлари билан қутлаймиз.

Бугун даврамизда Давлатжоннинг ота-онаси Ҳусниддин ака ва Нурияхон опа, Беҳзоджоннинг отаси Муҳаммаджон Абдураҳмонов ва онаси Муҳаббатхон иштирок этишяпти.

Мана шундай ботир ўғлонларни тарбиялаб вояга етказгани учун уларнинг ота-оналари ва устозларига чин юракдан ташаккур изҳор этамиз”, дея Президент Олимпиада совриндорларини қутлади.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонлик спортчилар 9 август куни Ватанга қайтди. Уларни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Норбоева, Бош вазир Абдулла Арипов ва бошқа масъуллар кутиб олди.

Ўзбекистон ўзининг Олимпиададаги олтин медаль соҳибларига Tahoe, бронза медаль қўлга киритган спортчиларига эса Trailblazer автомобиллари тақдим этди. Бундан ташқари чемпион спортчига 200 000 АҚШ доллари, бронза медаль учун эса 50 000 АҚШ доллари миқдоридаги пул мукофоти ҳам берилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев

Баҳолаганлар

146

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг