Ҳужум ягона сценарий эмас – Байден Россиянинг “найранглари” ҳақида
Олам
−
21 Январь 2022
8578Агарда Россия ҳарбийларидан бирортаси Украина чегарасини кесиб ўтса, мамлакат “катта тўлов” қилишига тўғри келади. Бу ҳақда АҚШ Президент Жо Байден айтиб ўтди.
АҚШнинг юқори мартабали дипломати Женевада Россия Ташқи ишлар вазири билан учрашишидан бир кун олдин кеча, 20 январь куни Байден Украина билан чегарада 100 мингга яқин аскар тўплаган Россия Президенти Владимир Путинга аниқ огоҳлантириш берганини айтган.
“Агар Россия бўлинмалари Украина чегарасини кесиб ўтса, бу босқинлик бўлади. Бундай ҳаракат “қаттиқ ва келишилган иқтисодий жавобни талаб қилади, мен буни иттифоқчиларимиз билан узоқ вақт муҳокама қилдим ва Президент Путинга ҳам аниқ айтдим. Ҳеч қандай шубҳа йўқки, агар Путин бу танловни қилса, Россия жуда катта бадал тўлайди”, дейди Байден.
Шунингдек, Америка раҳбари агар Россия Федерацияси Украинага қарши ноҳарбий усуллар билан киришга ҳаракат қилса, Қўшма Штатлар чора кўришга тайёрлигини маълум қилди.
У Россиянинг Украинага бостириб кириш эҳтимоли ҳақида гапирар экан: “Бу биз тайёр бўлишимиз керак бўлган ягона сценарий эмас”, деган.
“Россия узоқ вақтдан бери очиқ ҳарбий ҳаракатлардан кўра бошқа тажовузкор усулларни қўллаган: ярим ҳарбий тактика, кулранг зонадаги ҳужумлар, махсус кийим киймаган рус ҳарбийларининг ҳаракатлари. Шу боис, биз ҳам қўлимизда бўлган турли воситалардан фойдаланган ҳолда бунга қатъий ва ягона жавоб беришга тайёр бўлишимиз керак”, дея таъкидлаган Байден.
Давлат раҳбаранинг сўзларига кўра, Украина Ташқи ишлар вазири АҚШнинг қўллаб-қувватлашига ишонишини айтган. Ва бунинг учун унинг сабаблари бор.
Маълумот ўрнида, АҚШ Россиянинг Украинага “босқини” жорий йил январь-февраль ойларининг ўрталарида бошланиши мумкинлигини маълум қилди.
Бунга жавобан Россиянинг Вашингтондаги элчихонаси Оқ уйнинг Украинага босқин уюштириш вақти ҳақидаги баёнотини сохта ва ахборот босими дея атаган.
“Conflict Intelligence Team” (CIT) эса Россия “Искандар” ракеталар мажмуасини ва яна бошқа оғир техникаларни ғарбий чегаралари томон ташиётганини маълум қилди. Унга кўра, ракеталар комплекси ва зирҳли артиллерия ортилган поездлар мамлакат Шарқий ҳарбий округидан ғарбга томон ҳаракатланган.
Шу ўринда, Россия Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили ҳам Британия Украинага қурол юбораётганини, аллақачон олтита рейс келганини айтди.
Бундан ташқари, Канада ҳам махсус топшириқлар бўлинмасининг кичик контингентини НАТО ҳарбий альянси ва Россия ўртасидаги зиддият кучайган бир пайтда Украинага жойлаштирди. Шунингдек, Буюк Британия Қуролли Кучларининг махсус операциялар учун ташкил этилган элита ҳарбий бўлинмасининг 30 нафар жангчисини Украинага юборди.
LiveБарчаси