Ҳусийлар мусодара қилинган кемани озод қилиш шартини айтди

Олам

image

Ямандаги ҳусийлар ҳаракати Исроил ва АҚШ Ғазо секторида фаластинликларни ўлдиришни тўхтатмагунча, қўлга олган “Galaxy Leader” кемасининг тақдири муҳокама қилинмаслигини билдирди. Бу ҳақда бугун, 21 ноябрга ўтар кечаси ҳусийлар томонидан тузилган Олий сиёсий кенгаш аъзоси Муҳаммад Али ал-Ҳусий маълум қилди.

"Агар Америка ва Исроил Ғазода фаластинликларни ўлдиришни тўхтатиб, сув, дори-дармон ва озиқ-овқат етказиб берса, шундан сўнг улар Исроил кемаси ҳақида гапириши мумкин", деб ёзган у Х ижтимоий тармоғида 

Унинг фикрича, кеманинг олиб қўйилиши ўзаро муносабатлар тамойилига мос келади.

Қайд этиш жоизки, 4 ноябрь куни ҳусийлар етакчиси Абдул Малик ал-Ҳусий Қизил денгиз ва Боб ал-Мандеб бўғозидаги яҳудий давлатининг кемаларига зарба бериш билан таҳдид қилиб, Исроил ҳудудига ҳужумни давом эттиришга ваъда берганди. Ғазо секторидаги вазият ёмонлаша бошлаганидан бери ҳусийлар Исроил ҳудудига бир неча бор ҳужумлар уюштиргани ҳақида хабар қилинган.

Эслатиб ўтамиз, 19 ноябрь куни ҳусийлар Адан кўрфази сувларида бортида 22 экипаж аъзоси бўлган “Galaxy Leader” юк кемасини қўлга олганди. Исроил расмийлари “Galaxy Leader”нинг қўлга олинишини қоралади ва айбни Эронга юклади. Шунингдек, ЦАХАЛ матбуот хизмати кема Исроилга тегишли эканини рад этди.

Денгиз транспорт хизмати маълумотларига кўра, кема Багама ороллари ҳамдўстлиги байроғи остида сузган. Бортда Болгария, Мексика, Руминия, Украина ва Филиппин фуқаролари бўлган, экипажда Исроил фуқаролари бўлмаган. Кема Буюк Британиянинг “Ray Shipping” компаниясига (унинг ҳаммуаллифларидан бири исроиллик тадбиркор Рами Унгер ҳисобланади) тегишли бўлиб, у Япониянинг “Nippon Yusen” компанияси томонидан ижарага олинган.


Мақола муаллифи

Теглар

кема Исроил Яман Ғазо ҳусийлар Galaxy Leader

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг