Яман ҳусийлари Исроилга алоқадор кемани эгаллади
Олам
−
20 Ноябрь 2023
9733Ямандаги ҳусийлар ҳаракати Қизил денгизда “Galaxy Leader” юк кемасини қўлга олди. Бу ҳақда Саудия Арабистонининг “Al Hadath” телеканали хабар берди.
Ҳусийлар вакили исроилликларга тегишли бўлиши мумкин бўлган тижорат кемаси қўлга олинганини тасдиқлаган. Унинг айтишича, “Galaxy Leader” Яман ғарбидаги Ходейда вилоятидаги гуруҳ назоратидаги ҳудудларга етказилган. Ҳозирда кеманинг 22 кишидан иборат экипажи сўроқ қилинмоқда.
Исроил мудофаа кучлари матбуот хизмати ҳусийларнинг Қизил денгизда кемани ўғирлаб кетишини “глобал миқёсдаги жуда жиддий воқеа” деб атади. ЦАХАЛ ҳисоботида келтирилишича, “Galaxy Leader” Исроил кемаси эмас. Кема Туркиядан Ҳиндистонга кетаётган бўлиб, бортида Исроил фуқароларидан ташкил топмаган халқаро экипаж бўлган.
“The Times of Israel”нинг ёзишича, Багама ороллари байроғи остида сузган кема Британиянинг “Ray Shipping” компаниясида рўйхатдан ўтган, унинг ҳаммуаллифларидан бири исроиллик тадбиркор Рами Унгер ҳисобланади. Ҳибсга олинган вақтда кема япон компаниясига ижарага берилган.
NBC телеканали эса америкалик расмийларга таяниб, кеманинг қўлга олиниши тафсилотларини маълум қилди. Унда айтилишича, ҳусийлар кемани эгаллашда вертолётдан фойдаланган. Қуролланган одамлар арқонлар ёрдамида “Galaxy Leader”га тушган.
Исроил Бош вазири идораси ҳодисада Эронни айблаб, кема Ямандаги ҳусийлар томонидан “Эроннинг хоҳиши билан” қўлга олинганини айтди. Исроил расмийларига кўра, кема бортида Украина, Болгария, Филиппин ва Мексика фуқаролари бўлган.
Ўз навбатида, Эрон Исроилнинг айбловларини рад этди. Мамлакат Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Носир Канани ҳусийлар мустақил равишда ҳаракат қилишини билдирди.
"Биз кўп маротаба таъкидлаганмизки, минтақадаги қаршилик кучлари ўз мамлакатлари вакилларидир. Улар ўз мамлакати ва миллати манфаатларидан келиб чиққан ҳолда қарор қабул қилади", дейди Канани.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Ямандаги ҳусийлар ҳаракати вакили Яҳё Сари Анун Исроилга кемаларини ўққа тутиш билан таҳдид қилганди.
LiveБарчаси