Ҳукуматга Ортиқхўжаевнинг интизомий жавобгарлиги бўйича мурожаат киритилди
Жамият
−
27 Ноябрь 2019
22356Хабарингиз бор, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг жорий йил 16 ноябрь куни ижтимоий тармоқларда тарқалга аудиоёзуви бўйича тергов қадар текширув ўтказиб, натижалари бўйича баёнот берди ва Ортиқхўжаевнинг хатти-ҳаракатларида жиноят аломатлари аниқланмаганини урғулади.
Бироқ, Бош прокуратуранинг фикрича, Жаҳонгир Ортиқхўжаев Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 2 мартдаги 62-сон қарори билан тасдиқланган “Давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ходимларининг одоб-ахлоқ намунавий қоидалари”ни бузган. Шуларни инобатга олиб, Бош прокуратура томонидан Ортиқхўжаевнинг интизомий жавобгарлиги масаласини кўриб чиқиш учун Ҳукуматга мурожаат киритилган.
Қолаверса, Kun.uz таҳририятининг мазкур воқеалардаги иштироки юзасидан тегишли муносабат билдириш учун ваколатли орган Президент Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигига хат юборилган.
Эслатиб ўтамиз, аудиоёзувга Ўзбекистондаги сиёсий партиялар, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги, Журналистлар ижодий уюшмаси, журналистлар ва жамоатчилик, қолаверса, Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги элчиси Тим Торлот, АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси ва ЕХҲТ Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг ОАВ эркинлиги масалалари бўйича вакили Арлем Дезир муносабат билдирган эди.