“Адолат” СДП Ортиқхўжаевга нисбатан қатъий чора кўрилишини талаб қилди
Жамият
−
17 Ноябрь 2019
9130Аввалроқ, Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевга оид аудио тарқалгани ҳақида хабар берган эдик. Ҳокимнинг журналистлар билан мулоқоти деб ишонилаётган ушбу аудиода жаноб Ортиқхўжаев йўқ қилиб юбориш, эл-улус орасида шарманда қилиш билан таҳлид қилади.
“Адолат” социал-демократик партияси мазкур овозли ёзувга ўз муносабатини билдирди.
Партия бу ҳолатни инсон ҳуқуқлари ва унинг шаъни, қадр-қиммати, дахлсиз ҳуқуқларининг бузилиши деб ҳисоблайди.
"Кейинги уч йилда Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини таъминлаш, жумладан, оммавий ахборот воситалари, журналист ва блогерларга эътибор ўзгарди. Чунончи, мамлакатда сўз эркинлиги қўллаб-қувватланяпти, соҳанинг чинакам “тўртинчи ҳокимият” даражасига кўтарилишига эришилмоқда. ОАВни рағбатлантириш давлат сиёсати даражасига кўтарилган айни паллада айрим раҳбарларнинг, хусусан, ижро ҳокимияти мутасаддиларининг ушбу касб вакилларига нисбатан бундай муносабати кишини жиддий ўйлантиради.
Нега баъзи мансабдорлар ўз фаолиятида ОАВга суянишнинг ўрнига беписандлик билан ёндашмоқда?
Нима сабабдан аввалги баъзи мутасаддиларнинг “ҳурмача” қилиқларидан пойтахт ҳокими Ж.Ортиқхўжаев тўғри сабоқ чиқармади?
Ҳокимнинг оғзидан янграган сўзлар нафақат журналист ёки блогер, балки эшитган ҳар бир қулоқ учун оғир ботади. Инсон ҳуқуқлари устувор жамиятда бу ҳолатни қандай ҳазм қилиш мумкин?", дейилади партия изоҳида.
"Адолат" СДП ушбу ҳолатга Президент Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ҳамда Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси томонидан ҳимоявий чора кутиб қолишини билдирган.
"Шунингдек, журналист ва блогерларни мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотлар ижросини таъминланишидаги ҳиссасини ҳамда жамиятимизда адолатни ўрнатишдаги фаоллигини эътироф этган ҳолда, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан Тошкент шаҳар ҳокими Ж.Ортиқхўжаевга нисбатан қонунда белгиланган тартибда қатъий чора кўрилишини сўраймиз", дейилади баёнот сўнгида.