Ҳоманаий Исроилга нефть ва озиқ-овқат сотмасликка чақирди

Олам

image

Эрон олий раҳнамоси Оятуллоҳ Али Ҳоманаий Исроилнинг Ғазо секторида ҲАМАСга қарши олиб бораётган ҳарбий операцияси фонида Исроилга нефть ва озиқ-овқат экспортини тўхтатишга чақирди. Бу ҳақда у бугун, 1 ноябрь куни Миллий талабалар куни ва Глобал такаббурликка қарши миллий кураш куни олдидан талабалар билан учрашувда сўз очди.

"Ғазони бомбардимон қилиш зудлик билан тўхтатилиши керак ва сионистик режим учун нефть ва озиқ-овқат экспорт қилиш йўллари ёпилиши керак”, деган Ҳоманаий. 

У ҲАМАС ва Исроил ўртасидаги қуролли тўқнашувни “яхшилик ва ёвузлик ўртасидаги уруш” деб атаган. 

"Бу Ғазо ва Исроил ўртасидаги уруш эмас, бу яхшилик ва ёмонлик ўртасидаги уруш, иймон ва такаббурлик ўртасидаги уруш. Албатта, такаббурлик бу урушда ҳарбий куч, бомбардимон ва жиноятни қўллайди, лекин якуний ғалаба Фаластин халқига бўлади”, деган Эрон олий раҳнамоси.

Шунингдек, Ҳоманаий Ғарб давлатларида Фаластинни қўллаб-қувватловчи намойишлар Эрон разведка хизматлари томонидан уюштирилгани ҳақидаги айбловларни ҳам рад этган. 

"Дунёда нима содир бўлаётганига қаранг: одамлар кўчага чиқиб, АҚШ ва Исроилни танқид қилувчи шиорлар айтмоқда. Бу икки давлатнинг обрўси тобора ёмонлашиб бораётганини кўрсатади, уларнинг хатти-ҳаракатларини оқлаб бўлмайди. Наҳотки Лондон ёки Париждаги намойишлар Басиж (Эрон ҳарбийлаштирилган кучлари) аъзолари томонидан уюштирилган бўлса?” дейди Ҳоманаий.

Маълумот учун, 18 октябрь куни Эрон Ташқи ишлар вазири Ҳусайн Амир Абдуллоҳиён Ислом ҳамкорлик ташкилоти (ИҲТ) Бош котиби Ҳиссайн Браҳим Таҳа билан учрашувда Исроилга қарши санкциялар, жумладан, нефть импортига эмбарго жорий этишга чақирган. Шунингдек, у Ғазо секторида “ҳарбий жиноятлар” содир этганлик учун Исроил раҳбариятини жавобгарликка тортиш учун ИҲТ шафелигида махсус трибунал яратишни таклиф қилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Эрон Исроил ҲАМАС Оятуллоҳ Али Ҳоманаий

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг