Ҳокимнинг сўкишини эшитиб, тафтиш ўтказиш аёл кишига қолдими?
Таҳлил
−
17 Сентябрь 2019
30470Жорий йилнинг 28 август куни Олмазор тумани ҳокими Бахтиёр Раҳмоновнинг туманда жойлашган банк раҳбарлари билан ўтказган йиғилишда стол уриб мажлис иштирокчиларини сўккани, уларни тинимсиз ҳақоратлаб, ишдан бўшатиш, аризасини олиш билан қўрқитгани ҳақида таҳлилий мақола эълон қилган эдик. Ушбу мақолага исбот ўлароқ аудиоёзув тақдим этилган эди.
Шундан сўнг, жорий йилнинг 4 сентябрь куни QALAMPIR.UZ мазкур аудиоёзувга изоҳ берилиши ва Олмазор тумани ҳокими Бахтиёр Раҳмоновга чора кўрилиши юзасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, Ўзбекистон Республикаси Марказий Банки, Тошкент шаҳар ҳокимлигига мактуб йўллади.
Тошкент шаҳар ҳокимлигидан ушбу хатга нисбатан Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари – хотин-қизлар қўмитаси раиси Дилбар Нажмутдинова имзоси билан жавоб хати етиб келди. У тўрт иддао-банддан иборат:
“Qalampir” МЧЖнинг 2019 йил 6 сентябрдаги № Q-20-19-сонли хатига жавобан шуни маьлум қиламизки, Тошкент шаҳар ҳокимлиги Qalampir.uz интернет нашрининг 2019 йил 28 августда Олмазор тумани ҳокимига тааллуқли бўлган мақоласи ва видео бўйича ўрганиш ишларини олиб бормоқда”, дейилади мактуб аввалида.
Тошкент шаҳар ҳокимлиги ўрганиш ишлари давом этаётганини билдирса-да, ҳозирнинг ўзидаёқ аудиоёзув юзасидан айрим масалаларни ўртага ташлайди.
“Шу билан мутахассисларнинг фикрига таяниб, мақолада ва видеотасвирда бир неча номуносибликлар борлигига эътиборингизни қаратмоқчимиз”.
Биринчи иддао: Ижтимоий тармоқларга жойлаштирилган видеотасвирга аудиоёзув монтаж орқали жойлаштирилган бўлиб, тасвир овоз битта мажлисга тааллуқли эмас”.
Таҳририят: Мақолада ҳам, таҳририят томонидан Тошкент ҳокимлигига йўлланган мактубда ҳам аудиоёзувга эътибор қаратиш кераклиги айтилган эди. Чунки, мақолада факт ўлароқ ҳеч қандай видео келтирилмаган. Ҳокимнинг аудиоёзувидаги сўзлар тушунарсиз бўлмаслиги учун унинг сурати остига аудиоёзувдаги сўзлар ёзиб чиқилган, холос. Буни бугунги кун замонавий ахборот технологиялари ва медианинг турли кўринишлари билан ишлашга одатланган ўқувчилар ва кузатувчилар жуда яхши билади ва фарқлайди. Қолаверса, мақолада ҳам, расмий мактубда ҳам тасвир овоз билан мутаносиб дейилмаган. Шунга қарамай, ҳокимлик овозли ёзув қолиб, тасвир билан тафтиш ўтказган кўринади.
Иккинчи иддао: “Мақолада Ўзбекистон Республикаси Президентининг экспорт, инвестиция ва ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш масалаларига бағишланган видеоделектор йиғилишидан сўнг, Олмазор туманида мажлис ўтказилган дейилган. Aммо туманда 2019 йилнинг 12 августидан кейин бу мавзуда ҳеч қандай йиғилиш ўтказилмаган. Aудиоёзувдаги овоздан келиб чиқиб тахмин қилинишича, бу ички, ўзаро суҳбат кўринишидаги муҳокама бўлган”.
Таҳр.: Тошкент шаҳар ҳокимлиги ўзи йўллаётган жавоб мактубларига диққат билан эътибор қилишини тавсия қиламиз. Агар жиддийроқ ёндашилганда эди, “бу ички, ўзаро суҳбат кўринишидаги муҳокама бўлган”, деб тахмин қилиб турган бир вақтда, “ҳеч қандай йиғилиш ўтказилмаган” деган қатъий фикр ўртага ташланмаган бўларди. Хўп, ҳокимлик айтганича бор дейлик. Лекин қани исбот, қани йиғилиш ўтказилиб ё ўтказилмаганининг далили? Гўё ҳокимликлардаги йиғилишларнинг ҳар бири хусусида алоҳида баённома расмийлаштириб бориладики, буниси расмийлаштирилмагани учун ўтказилмаган десак. Бордию ўзаро суҳбат бўлса ҳам, ҳокимнинг бошқаларни ҳақоратлашга нима ҳаққи бор? Кейин шуми ҳокимликнинг ўтказган текшируви? Шуми асосли далил ва исбот? Агар бу ҳокимнинг ўзаро суҳбати бўлса, у ўзаро суҳбат давомида кимнидир ҳақоратлаши ва ишдан олиш билан таҳдид қилиши мумкинми?
Учинчи иддао: “Кимлардир ҳақорат қилинганлиги ҳақидаги иддаога келсак, видеодан “мажлисда” туман ҳокими айнан айнан қайси раҳбар ёки ўринбосарларини ҳақорат қилганини аниқлаш имкони мавжуд емас. Бу масалада Тошкент шаҳар ҳокимлигига мажлисдаги ҳеч бир иштирокчидан мурожаат келиб тушмаган”.
Таҳр.: Қачон ҳокимларнинг ҳақоратлари ва тазйиқларидан шикоят келиб тушгандики, энди келиб тушса? Ё Бундан бир ярим ой аввал Себзорда бўлиб ўтган воқеа бўйича шикоят келиб тушганмиди?
Тўртинчи иддао: “Ўзбекистон Республикасининг “оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги қонунининг 5-моддасида ва Ўзбекистон Республикасининг “Журналистик фаолиятни ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунининг 5 ва 6-моддаларида ОAВ ва журнлистлар томонидан тақдим қилинаётган хабар ва маълумотлар аниқ ва ишончли ахборот манбаларидан олиниши ва бу манба кўрсатилиши лозимиги белгилаб ўтилган. Аммо QALAMPIR.UZ “мажлисга” алоқадор ахборот манбасида, ушбу йиғилиш қачон ўтказилган, аудиоёзув ким томонидан ёзиб олинганлигини кўрсатмаган”.
Таҳр.: Қонунларни яхши биламиз ва айнан “Журналистик фаолиятни ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 5-моддасида ахборот манбаи ёки муаллифнинг номи сир сақланишини талаб қилиш имконияти борлигини Тошкент шаҳар ҳокимлигига эслатиб ўтамиз.
Ҳокимлик мактуби қуйидагича давом этади:
“Шундан келиб чиқиб, агар интернет нашри “мажлис” бўйича аниқ факт ва далиллар ҳамда видео ва аудио ёзувнинг тўлиқ ҳолатини тақдим этса, Тошкент шаҳар ҳокимлиги бу ҳолатни атрофлича ўрганиб чиқади”.
Таҳр.: Майли биз-ку тақдим этишга тайёрмиз! Бироқ Тошкент шаҳар ҳокимлиги ушбу масала ортидан тушиб, ОАВ билан ҳамкорлик қилишга тайёрмикин? Биз-ку биринчи қадамни босиб, мақолани эълон қилдик. Ҳокимнинг ҳақоратларга тўла овозли ёзувини “тут”лар билан тўлдириб чиқдик. Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳақиқатнинг изидан тушишни шу қадар истаркан, орадан 10 кун ўтса ҳам нега таҳририятга мурожаат қилмади? Нега аудиоёзувнинг ҳақиқийсини талаб қилмади? Нега биз изоҳ беринг, деб хат йўлламагунимизча четда томошабин бўлиб турди? Камига мактуб сўнгида ҳокимлик мажбуриятларини унутиб, ҳуқуқларини қуйидаги шаклда талаб қилиши ғалати эмасми?
“Ўз навбатида, ОАВ эълон қилинаётган ҳар бир материали холис, ҳаққоний, аниқ факт ва далилларга асосланган бўлиши лозимлигини унутмасликлари мақсадга мувофиқ. Ўзбекистон Республикасининг “оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги қонунининг 34-моддасида, юридик ёки жисмоний шахс оммавий ахборот воситасида эълон қилинган. Ҳақиқатга мос келмайдиган ҳамда ўзининг шаъни ва қадр-қиммати ёки ишчанлик обрўсини таҳқирловчи маълумотлар учун раддия беришни таҳририятдан талаб қилишга ҳақли экани ва бошқа ҳуқуқлари белгилаб ўтилганлигини эслатиб ўтамиз”.
Яна бир нарса қизиқ: Тошкент шаҳар ҳокимлиги раҳбариятида ҳоким Ортиқххўжаевдан ташқари 8 нафар ўринбосарлар ишлайди. Шундан етти нафари эркаклар. Дилбар Нужмутдинова эса мажбуриятлари бўйича хотин-қизлар масалалари билан шуғулланиши керак. Қизиқ, Тошкент шаҳар ҳокимлигида шунча эркак қолиб, ҳокимнинг сўкишини эшитиб, тафтиш ўтказиш аёл кишига қолдими?
Яна бир нарсани алоҳида таъкидлаш керакки, ҳокимлик мактуб аввалида ўрганиш олиб бормоқда дегану аммо мактубда узил-кесил жавоблар берган. Жавобларга қараганда, ўрганиш олиб борилмаяпти, аксинча, у тугаб бўлган.
LiveБарчаси