Тошкентнинг янги ҳокими Раҳмоновнинг ўтмиши қандай?
Таҳлил
−
17 Январь 2023
29316Тошкент шаҳрини 2018 йилдан бери бошқариб келаётган Жаҳонгир Ортиқхўжаев кеча, 16 январь куни лавозимидан озод этилди.
Даставвал, унинг лавозимдан кетишига пойтахтда газ ва электр энергияси билан боғлиқ вазиятга олдиндан баҳо бериб, қиш мавсумига лозим даражада тайёргарлик кўрмагани сабаб сифатида келтирилди. Президент Шавкат Мирзиёев уни "ноинсоф" деб атаб, "оёғи ердан узилгани" учун ишдан олганини айтган видеоси эълон қилинди. Лекин Ортиқҳўжаевнинг ўрнига вақтинча Тошкент шаҳар ҳокими лавозимига тайинланган Бахтиёр Раҳмонов ҳам “оппоқ” эмас. Кўпчилик уни сўконғичлиги билан яхши танийди.
2019 йилда Бахтиёр Раҳмонов Олмазор тумани ҳокими бўлган вақтларида ўтказган йиғилишларидан бирида ёзиб олинган аудиоёзув QALAMPIR.UZ таҳририятига етиб келганди.
Аудиоёзувда ҳоким Бахтиёр Раҳмонов йиғилиш иштирокчиларига қайта-қайта сўкиб мурожаат қилаётгани, уларни ҳақоратлагани, қаматиш, ишдан бўшатиш билан таҳдид қилганини тинглаш мумкин. Энг ёмони ўша йиғилишда аёллар ҳам қатнашган ва ҳокимнинг куракда турмайдиган сўзларини эшитиб ўтиришга мажбур бўлган.
Ўша пайтларда Президент Мирзиёев сўконғич ҳокимларга нисбатан ўз позициясини аллақачон билдирган эди. У 2017 йилдаёқ сўконғичлар ишламаслиги, ҳокимларга сўкиниш, бировни ҳақорат қилиш ваколатини ҳеч қим бермагани, ундайлар лавозимлардан кетишини айтганди.
“Ҳали одамлар ўзгаргани йўқ. Маданият ўзгаргани йўқ. Ҳокимларнинг маданияти йўқ. Очиғини айтаман, биз яқинда учта районнинг ҳокимини жазога тортдик. Одамлар билан гаплашишни билмайди. Олдингидек, маданиятсиз гаплар билан мажлислар ўтказиб, одамларни ҳақорат қилиш... Ким уларга ҳуқуқ берди? Ҳокимга ким ҳуқуқ берган бировни ҳақорат қилишга? Бу нимадан далолат? Маданиятсизлигимиздан далолат. Ўқимаганимиздан далолат, маънавиятимиз пастлигидан далолат. Шунинг учун, мана, студияда ҳамма ҳоким, ички ишлар ходими, прокурор миллий хавфсизлик ўтирибди, ҳаммаларинг билинглар, унақанги эртанги кунга бирорталаринг ишламайсизлар. Баҳони биттаю битта одамлар беради. Ҳаммамизга, Президентдан бошлаб ҳаммага...”, деган Президент.
Лекин Бахтиёр Раҳмонов қўл остидаги ходимларни ҳақорат қилгани учун лавозимдан кетмади, аксинча, Тошкент шаҳар ҳокимининг биринчи ўринбосари лавозимига кўтарилди.
Халқда бир мақол бор: “Ўрганган кўнгил ўртанса қўймас”. Ҳа, Бахтиёр Раҳмоновнинг 2021 йилда бошқа бир қилиғи чиқди. У Тошкент шаҳри “Уста Нормат” МФЙ раиси Алишер Икромовни кабинетига эмас, негадир ота уйига чақириб, ўзининг хизмат вазифасига умуман алоқадор бўлмаган, мутлақо бошқа бир масаланинг бажарилмагани юзасидан ҳақоратлайди, ҳатто, уради ҳам.
Ўшанда калтак тагида қолган бечора маҳалла раиси ариза билан мурожаат қилмаган жойи қолмади.
Ушбу масала ўша вақтдаги Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги томонидан назоратига олингани айтилганди. Вазирлик баёнотига кўра, маҳалла раисларини вазифа ва фаолият йўналишлари билан боғлиқ бўлмаган йиғилиш ва бошқа тадбирларга жалб қилиш, уларнинг фаолиятига асоссиз аралашиш, ваколат ва мажбуриятларига тааллуқли бўлмаган вазифаларни юклаш талабларини бузгани учун давлат органлари ва ташкилотлари масъул ва мансабдор шахсларини эгаллаб турган лавозимидан озод этишгача бўлган жазо чораларини қўллаш бўйича Ўзбекистон Республикаси Бош вазирига ўрнатилган тартибда таклиф киритиб бориш ҳуқуқига эгалиги эслатилган.
Лекин бу қонуннинг ижроси қаёқда дейсиз, Раҳмонов битта узр билан қутулиб кетди. 2021 йилнинг 11 июнь куни маҳалла раиси Алишер Икромов Тошкент вилояти ҳокими ўринбосари Исмат Ибрагимовнинг таклифига асосан Бош прокуратура ходимлари гувоҳлигида Бахтиёр Раҳмонов узр сўраган ва томонлар оғзаки яраштирилади. Иш юзасидан ҳоким ўринбосарига нисбатан ҳеч қандай чора кўрилмаган.
1959 йилда Тошкент вилоятида туғилган 64 ёшли Раҳмонов 1981 йилда Украинада Киев муҳандислик-қурилиш институтини тугатганидан сўнг 42 йил давомида юқори лавозимларда ишлаб келади.
2008 йилдан бери эса ҳокимлик лавозимларида фаолият юритади. Масалан, 2008-2011 йилларда Тошкент шаҳар Миробод тумани ҳокими, 2011-2016 йилларда Тошкент шаҳар ҳокимининг саноат ва тадбиркорлик масалалри бўйича биринчи ўринбосари, 2016-2017 йиллар давомида шаҳар ҳокимининг саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари, 2017-2018 йилда Сергели тумани ҳокими, 2018-2021 йилда Олмазор туман ҳокими бўлиб ишлади.
2021-2022 йил эса яна Тошкент шаҳар ҳокимининг ўринбосарлигига ўтирди.
2022 йилдан эса ҳокимнинг бошқа масалалар бўйича ўринбосари бўлди. 2023 йилдан эса мана ўзингиз юқорида эшитганингиздек – ҳоким! (вазифасини бажарувчи)