Сўконғич ҳоким кўтарилди. Файзулла Муллажоновнинг ўғли Олмазорга ҳоким бўлди

Жамият 35195
image

Аввалроқ, Олмазор тумани ҳокими Бахтиёр Раҳмонов Тошкент шаҳар ҳокимининг биринчи ўринбосари лавозимига тайинлангани, унинг ўрнини 2018 йилдан 2020 йилнинг августигача Яшнобод тумани ҳокими лавозимида ишлаган Ҳожиакбар Тиллашайхов эгаллаши кутилаётгани ҳақида хабар берган эдик. 

Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан бугун, 30 январь куни берилган маълумотга кўра, Олмазор туманига Абдумажид Муллажонов тайинланган. 

У 1970 йилда Сирдарё вилоятида туғилган. 1996 йилда Тошкент давлат юридик институтини тамомлаган. 

Кўп йиллар давомида қатор раҳбарлик лавозимларида самарали фаолият юритган.

2019 йилдан шу кунга қадар Тошкент шаҳар Олмазор тумани бўйича Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси бошлиғи вазифасида ишлаган.

QALAMPIR.UZ’га оид маълумотларга кўра, янги ҳоким Марказий банкнинг собиқ раиси марҳум Файзулла Муллажоновнинг ўғли. 

Олмазорнинг собиқ ҳокими – Тошкент шаҳар ҳокимининг биринчи ўринбосари лавозимига тайинланган Бахтиёр Раҳмонов эса Олмазор туманигача Сергели тумани ҳокими лавозимида ҳам фаолият юритган. Икки туманда ҳам унинг раҳбарлик даври кўплаб “ёрқин” хотиралар билан тилга олинади. Хусусан 2019 йилнинг август ойида QALAMPIR.UZ Раҳмоновга оид шармандали аудиоёзувни эълон қилганди.

Ушбу аудиоёзувда ҳоким Бахтиёр Раҳмонов йиғилиш иштирокчиларига қайта-қайта сўкиб мурожаат қилаётгани, уларни ҳақоратлаётгани, қаматиш, ишдан бўшатиш билан таҳдид қилаётганини тинглаш мумкин.

Аудиоёзув тарқалгач, ҳоким ўзгарганми ё йўқ, буниси бизга қоронғу. Бироқ, Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев ўша вақтда унинг ҳимоясига отланиб, QALAMPIR.UZ’дан ушбу аудиоёзув ҳокимники эканини тасдиқлайдиган экспертиза талаб қилганди

Qalampir.uz Tahririyati
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 940
Рейтинг: 3.1
t
×