Ортиқхўжаев экспертиза талаб қиляпти. Ишга Норбоева ҳам аралашди (видеофакт)

Таҳлил

Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев QALAMPIR.UZ’да эълон қилинган мақола юзасидан экспертиза ўтказилиши кераклигини айтмоқда. Бу ҳақда у Тошкент шаҳар ҳокимиятида QALAMPIR.UZ мухбири Феруза Нажмиддиновага гапирган. 

Жорий йилнинг 28 август куни Олмазор тумани ҳокими Бахтиёр Раҳмоновнинг туманда жойлашган банк раҳбарлари билан ўтказган йиғилишда стол уриб мажлис иштирокчиларини сўккани, уларни тинимсиз ҳақоратлаб, ишдан бўшатиш, аризасини олиш билан қўрқитгани ҳақида таҳлилий мақола эълон қилган эдик. Ушбу мақолага исбот ўлароқ аудиоёзув тақдим этилган эди.

Шундан сўнг, жорий йилнинг 4 сентябрь куни QALAMPIR.UZ мазкур аудиоёзувга изоҳ берилиши ва Олмазор тумани ҳокими Бахтиёр Раҳмоновга чора кўрилиши юзасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ҳамда Тошкент шаҳар ҳокимлигига мактуб йўллади.

Хатга жавобни Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари – Хотин-қизлар қўмитаси раиси Дилбар Нажмутдинова йўллади. Орадан кўп ўтмай сайтимизда “Ҳокимнинг сўкишини эшитиб, тафтиш ўтказиш аёл кишига қолдими?” номли мақола эълон қилинди. 

Тошкент шаҳар ҳокимиятида куни кеча бўлиб ўтган йиғилишдан сўнг, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раиси Танзила Норбоева ва Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев сўнгги мақола юзасидан мухбир Феруза Нажмиддинова билан суҳбатлашган. 

“Аёлга қолдими, деб нотўғри гапиряпсизлар. “Наоборот” айтинглар, гендер тенглик тўғрисидаги қонун қабул қилинганди, мана аёл “замечание” қиляпти деб.  Жуда зўр бўлди, денглар. Бошқача қилиб айтманглар уни”, дейди Сенат раиси Танзила Норбоева. 
Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев мақолани ё яхшилаб ўқиб кўрмаган, ё ўқиганда жуда асабий бўлган. Ортиқхўжаев “Ҳокимнинг сўкишини эшитиб, тафтиш ўтказиш аёл кишига қолдими?” номли сарлавҳани, энди ҳокимиятда ишлаш аёлга қолдими деб ўқиган кўринади. Нажмиддинова билан суҳбатда “это неправильно”. Нотўғри қилгансизлар бу нарсани”, дейди Ортиқхўжаев. 

Ҳоким ва мухбирнинг ўзаро суҳбат қуйидагича бўлган:

Ф.Н.: — Аудиони эшитиб чиқдингизми?
Ж.О.: — Нимасини аудиони? 
Ф.Н.: — Аудиода эшитиб чиққан бўлсангиз, жавоб хати бизга келганида, аудио билан видео бир-бирига тўғри келмайди, дейилган. Лекин аудиоёзув ҳаммасини тасдиқлаган. Йўқ нарсани олиб қўёлмаймиз.
Ж.О.: — Кимдан тасдиқлагансизлар? 
Ф.Н.: — Йўқ, демоқчиманки... 
Ж.О.: — (мухбирнинг гапини эшитмай) Экспертиза борми тасдиқлагининглар тўғрисида? 
Ф.Н.: — Эскпертиза қилинади деганингизда, оригинал аудио бизда турибди-ку...
Ж.О.: — Экспертиза қилганмисизлар? Қанақа қилиб, бошқа жойдан аудио оляпсизлар-да... Мисол учун мен Ҳожибой Тожибоевнинг овозини ўхшатиб берадиган одам топиб беролмайманми? 
Ф.Н.: — У даража енгил ва у даражада ўйлаганингизчалик эмасмиз.
Ж.О.: — Исбот керак сизларнинг у даражадамаслигингизга, тушунтира олдимми?
Ф.Н.: — Тўғри, мен сизни тўғри тушундим. 

Ушбу суҳбатдан сўнг Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев журналист Феруза Нажмиддиновага уяли алоқа телефони орқали ҳар қандай кишининг овозини ўзгартириш мумкинлигини исботлашга уринган. Ҳар ҳолда ким ва нима сабабдан сўкиниб, бу овозни Олмазор тумани ҳокими Бахтиёр Раҳмоновнинг овозига ўхшатишга уриниши мумкинлигига аниқлик киритмаган.

Юқорида таъкидлаганимиздек, QALAMPIR.UZ`да жорий йилнинг 28 август куни эълон қилинган “Олмазорнинг ҳокими Президентнинг душмани...ми? Раҳмоновнинг шармандали аудиоёзуви тарқалди” номли мақолага нисбатан изоҳ сўраб, Вазирлар Маҳкамаси, Марказий банк, Тошкент шаҳар ҳокимияти қаторида, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасига ҳам хат киритган эдик. Куни кеча таҳририятимизга Олмазор тумани прокуратурасидан қўнғироқ бўлди. Терговчининг қайд этишича, Бош прокуратурага йўлланган мактуб, Олмазор тумани прокуратурасига йўналтирилган. Шу боис аудиоёзувни экспертизадан ўтказиш зарурати туғилган. QALAMPIR.UZ аудиоёзувнинг ҳақақийсини Олмазор тумани прокуратурасига йўллади ва экспертиза адолатли ўтказилишига ишонч билдирди. 

Натижасини биргаликда кузатамиз. 

Дарвоқе, Олмазор тумани ҳокими Бахтиёр Раҳмонов кеча, 24 сентябрь куни қутлуғ 60 ёшни қаршилади. 


Мақола муаллифи

Теглар

Танзила Норбоева Жаҳонгир Ортиқхўжаев Бахтиёр Раҳмонов

Баҳолаганлар

1004

Рейтинг

4

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг